
Украина президенти Володимир Зеленский Донбасс ҳудудидан Украина қўшинларининг чиқиб кетиши масаласига аниқ ва қатъий позиция билдирди. Давлат раҳбарига кўра, бундай қарор фақат бир томонлама бўлмаслиги, Россия ҳам худди шу қадамни ташлаши шарт.
Украина раҳбари таъкидлашича, демилитаризация ҳақида гап кетганда, барча ҳаракатлар ўзаро ва тенг асосда амалга оширилиши лозим. Унинг фикрича, агар Украина армияси муайян масофага орқага чекинса, Россия қўшинлари ҳам айнан шу масофада ўз жойларини тарк этиши керак.
«Агар кимдир қўшинларни олиб чиқишни таклиф қилса, бу доим бир хил қоида асосида бўлиши шарт. Биз 5 километр узоқлашсак — улар ҳам 5 километрга чекинади. Биз 10 километрга — улар ҳам 10 километрга. Фақат шундагина ҳақиқий демилитаризация ҳудуди ҳақида гапириш мумкин», — дея изоҳ берди Зеленский.
Шу билан бирга, у ҳозирча энг мақбул вариант — томонлар ўз турган нуқталарини сақлаб қолиши эканини ҳам қайд этди. Президентнинг сўзларига кўра, бу кескинликни янада кучайтирмаслик учун муҳим омил ҳисобланади.
Аввалроқ Зеленский Донбасснинг Киев назоратида бўлган қисмидан Украина қўшинларини олиб чиқиш масаласи бўйича референдум ўтказиш эҳтимолини ҳам тилга олган эди. Бироқ Politico нашри билан суҳбатлашган украин депутатлари парламент бундай ташаббусни қўллаб-қувватламаслигини очиқ билдиришган.
Ўз навбатида, Кремль ҳам Донбасс масаласи юзасидан ўз позициясини маълум қилди. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Россия қўшинларини ҳудуддан чиқариш варианти бутунлай рад этилмаган.
Бироқ у шуни ҳам қўшимча қилди: ҳатто қўшинлар чиқарилган тақдирда ҳам Росгвардия ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳудудда қолади. Ушаковга кўра, ўт очиш фақат Украина қўшинлари Донбассдан чиқиб кетгандан кейингина тўхтатилади, ҳудуд эса вақт ўтиши билан тўлиқ Россия назоратига ўтиши кутилмоқда.
Шу тариқа, Донбасс атрофидаги вазият ҳали-ҳам мураккаблигича қолмоқда. Томонлар ўртасидаги қарама-қарши баёнотлар эса яқин келажакда тезкор келишувга эришиш осон бўлмаслигини кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.