date

Wildberries онлайн кинотеатр очиш орқали бозорга кирмоқчи

Wildberries онлайн кинотеатр очиш орқали бозорга кирмоқчи

Йирик савдо платформаси ҳисобланган Wildberries рақамли хизматларини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. РБК нашри манбаларига таяниб хабар беришича, компания онлайн кинотеатр ишга тушириш устида иш олиб бормоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга ошса, Wildberries нафақат товарлар савдоси, балки видео-контент бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, компания аввалроқ Ivi стриминг платформасини сотиб олиш эҳтимолини ҳам муҳокама қилган. Аммо якунда тайёр сервисни харид қилишдан воз кечиб, мутлақо янги онлайн кинотеатрни нолдан яратиш вариантини маъқул кўрган. Бу эса Wildberries’нинг узоқ муддатли ва мустақил стратегияга таянаётганини кўрсатади.

Манбаларга кўра, янги стриминг платформаси 2026 йилда ишга туширилиши кутилмоқда. Контент сиёсати ва ижодий йўналишни эса Comedy Club Production асосчиси Артур Жанибекян назорат қилиши мумкин. У илгари “Наша Russia”, “Дом-2”, “Университет” каби кенг оммага машҳур бўлган лойиҳаларда ишлагани билан танилган.

Шу билан бирга, Wildberries ва Russ ташқи реклама операторини бирлаштирувчи RWB матбуот хизмати мазкур маълумотларга аниқ муносабат билдирмади. Компания вакиллари онлайн кинотеатр ишга туширилиши ҳақидаги хабарларни на тасдиқлади, на инкор этди ҳамда бундай миш-мишларга изоҳ беришни истамаслигини қайд этди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Wildberries сўнгги йилларда фақат электрон тижорат билан чекланиб қолмаяпти. Компания TikTok’ка ўхшаш Wibes ижтимоий тармоғини ишга туширди, 2023 йил декабридан эса такси хизмати Ўзбекистонда фаолият бошлади. Шунингдек, Fun&Sun туроператорини сотиб олиши ҳам Wildberries’нинг сервислар экотизимини жадал кенгайтираётганини кўрсатади.

Агар онлайн кинотеатр ҳақидаги режалар амалга ошса, Wildberries Россия ва минтақада стриминг бозорида жиддий ўйинчига айланиши мумкин. Бу эса рақобатни кучайтириб, томошабинлар учун янада бой ва қизиқарли контент таклиф этилишига хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Wildberries онлайн кинотеатр очиш орқали бозорга кирмоқчи