
Россия сиёсий доираларида шов-шувга сабаб бўлган янги тафсилотлар очиқланди. Маълум бўлишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Россия давлат тузилмалари ичида фаолият юритган қимматли агентни зудлик билан мамлакатдан олиб чиқишга мажбур бўлган. Бу ҳақда “Альфа” аксилтеррор гуруҳи фахрийлари уюшмаси аъзоси, заҳирадаги подполковник Андрей Попов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур эвакуация олдиндан пухта режалаштирилган, бир нечта босқичдан иборат жуда нозик операция натижасида амалга оширилган. Жараёнда эса асосий ролни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўйнаган.
Попов таъкидлашича, Лавров ушбу ҳолатда оддий дипломат сифатида эмас, балки разведка ва контрразведка фаолиятининг барча нозик жиҳатларини яхши англайдиган тажрибали профессионал сифатида ҳаракат қилган.
— Менимча, бу махсус хизматларимиз томонидан жуда юқори даражада ўтказилган операция бўлди. Сергей Лавров бу ерда нафақат дипломат, балки разведка мантиғида фикрлай оладиган шахс эканини намоён қилди, — деди Попов “Царьград”га берган интервьюсида.
Унинг баҳолашича, айнан Лавров иштирокида шундай психологик ва сиёсий муҳит яратилганки, АҚШ разведкаси ўзини бурчакка тиқилгандек ҳис қилган ва натижада ўз агентини ўзи фош қилишга мажбур бўлган. Бу ерда гап тўғридан-тўғри очиқлаштириш ҳақида эмас, балки узоқ вақт давомида қўлланган руҳий босим ва ахборот оқимларини назорат қилиш ҳақида бормоқда.
— Асосий мақсад душманга шундай шарт-шароит яратиш эдики, уларнинг асаблари дош бермасин ва ўз жосусини ўзлари олиб чиқишга қарор қилсин, — дея изоҳ берди заҳирадаги подполковник.
Қайд этилишича, Лавров ушбу воқеада хорижий махсус хизматларнинг ҳаракатини олдиндан ҳисоблаб, уларни стратегик жиҳатдан ортда қолдиришга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2019 йилда CNN телеканали Доналд Трамп маъмуриятидаги манбаларига таяниб, АҚШ 2017 йилдаёқ Россиядан жуда қимматли агентни фош бўлиш хавфи сабабли олиб чиқиб кетганини хабар қилган эди. Нашрга кўра, мазкур шахс Россия олий раҳбариятига кириш имкониятига эга бўлган.
Кейинчалик оммавий ахборот воситалари бу агентни Олег Смоленков деб атаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Смоленков ҳақиқатан ҳам президент маъмуриятида бир неча йил ишлаганини, аммо “ички кўрсатмалар асосида” лавозимидан озод этилганини тасдиқлаган.
ТИВ расмий вакили Мария Захарова ҳам мазкур шахс илгари Россиянинг АҚШдаги элчихонасида фаолият юритганини маълум қилган эди.
Ушбу воқеа халқаро разведка ўйинларида дипломатия қанчалик муҳим қурол эканини яна бир бор намоён этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.