
Омбудсманлар ҳамкорлиги натижасида Россияда таҳсил олаётган 31 нафар ўзбекистонлик талабага нисбатан қўлланган маъмурий жазо бекор қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида ўтказилган сайёр қабул давомида Россиядаги “Иқтисод олий мактаби” миллий тадқиқот университетида (НИЮ ВШЕ) ўқиётган ўзбекистонлик талабалар мурожаати кўриб чиқилган. Талабалар миграция ҳисобига туриш билан боғлиқ муаммога дуч келганини билдирган.
Аниқланишича, университет маъмурияти томонидан чет эллик талабаларнинг миграция ҳисобини узайтириш қоидалари ҳақида ваколатли органларга ўз вақтида маълумот берилмаган. Натижада талабалар Россия ҳудудида рухсат этилган 90 кундан ортиқ муддат қолиб кетган, бу эса миграция қоидаларини бузиш сифатида баҳоланган. Талабаларга 40 минг рубль миқдорида жарима солиш талаби қўйилган.
Мазкур ҳолат Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан назоратга олиниб, Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати билан ҳамкорликда текширув ўтказилган. Ўрганишлар натижасида чет эллик талабаларнинг вақтинча туриш муддати узайтирилди ҳамда уларга нисбатан жарима ёки маъмурий чиқариб юбориш чораларини қўлламаслик бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, ушбу иш ортидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова ва Беларусдан келиб таълим олаётган 200 дан ортиқ талабанинг муаммоси ҳам ижобий ҳал этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.