
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ишончли посбони, тажрибали дарвозабон Ўткир Юсупов фаолиятини яна Наманганнинг “Навбаҳор” клубида давом эттиради. Эроннинг “Фулад” жамоасида қарийб бир ярим йил тўп тепган футболчи ўзини катта футболга олиб кирган, мухлислар учун азиз бўлган жамоасига қайтаётгани билан эътиборни тортди.
Маълумотларга кўра, 34 ёшли дарвозабон Хузистон клуби сафида ўтган давр мобайнида қатор муҳим ўйинларда иштирок этиб, халқаро тажриба тўплашга улгурди. Бироқ, қалб яқин жамоа барибир ўз кучини кўрсатди — Юсупов “Навбаҳор” таклифини қабул қилди ва яна “лочинлар” сафида ҳаракат қиладиган бўлди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўткир Юсупов 2019–2024 йиллар давомида “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилган, жамоа билан бирга қатор муҳим ғалабаларга ҳисса қўшган ва Наманган мухлисларининг ҳақиқий севимлисига айланган эди. Унинг майдондаги хотиржамлиги, ишончли сейвлари ва етакчилик фазилатлари жамоа учун катта таянч бўлиб келган.
Энди эса тажрибали посбоннинг қайтиши “Навбаҳор” учун янги босқич, мухлислар учун эса катта умид демакдир. Юсуповнинг орттирган халқаро тажрибаси ва бой футбол мактаби жамоага янги мавсумда албатта фойда келтириши кутилмоқда. Мухлислар эса яна бир бор дарвоза ортида ишончли деворни кўришга тайёр.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.