
Маршалл ороллари тарихда биринчи бўлиб базавий шартсиз даромадни умуммиллий даражада жорий этган давлат сифатида қайд этилди. The Guardian нашри маълум қилишича, эндиликда архипелагдаги барча фуқаролар ҳар чоракда 200 доллар миқдорида пул олади. Бу йиллик ҳисобда 800 долларга тенг бўлиб, аҳолининг энг кенг қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Дастурнинг эътиборга молик жиҳати — фуқаролар тўловларни олиш шаклини мустақил танлаш имконига эга. Улар маблағни банк ҳисоб рақамига ўтказиш, қоғоз чек орқали қабул қилиш ёки криптовалюта кўринишида олишлари мумкин. Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, биринчи тўловлар аллақачон аҳолига етиб борган.
Статистикага назар ташласак, тўловларнинг қарийб 60 фоизи тўғридан-тўғри банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Қолган қисмида аҳоли чек шаклида маблағни қабул қилган. Криптовалюта орқали пул олиш вариантини эса ҳозирча жуда кам одам — атиги 12 нафар фуқаро танлаган.
Маршалл ороллари молия вазири Дэвид Полнинг таъкидлашича, мазкур дастур аҳолини ишдан воз кечишга ундаш учун эмас, балки ижтимоий барқарорлик ва маънавий қўллаб-қувватлашни таъминлаш учун йўлга қўйилган. «Йилига 800 доллар инсонни бой қилмайди, аммо ҳеч ким эътиборсиз қолмаётганини ҳис қилишга ёрдам беради», — деди у.
Базавий шартсиз даромад дастури АҚШ билан тузилган махсус келишув доирасида ташкил этилган жамғарма ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Ушбу келишув Маршалл оролларида ўтган асрда ўтказилган ядровий синовлар учун компенсация тўлашни ҳам ўз ичига олади. Айни пайтда жамғарма 1,3 миллиард доллардан ортиқ активларни бошқаради, яна қўшимча 500 миллион доллар 2027 йилгача ажратилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Маршалл ороллари Тинч океанида жойлашган архипелаг бўлиб, 29 та маржон ороли, бешта йирик ва мингдан ортиқ кичик оролларни қамраб олади. Мамлакат аҳолиси тахминан 40 минг кишини ташкил этади, уларнинг ярми пойтахт Мажуро шаҳрида яшайди.
Аввалроқ АҚШ, Канада, Финляндия, Швейцария, Италия ва Ҳиндистон каби давлатларда базавий шартсиз даромад бўйича синов лойиҳалари ўтказилган эди. Бироқ улар фақат алоҳида шаҳар ёки кичик ҳудудлар доирасида чекланган. Маршалл ороллари эса бу ғояни бутун мамлакат миқёсида жорий этган илк давлат сифатида дунё эътиборини тортмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.