
Англия Премьер-лигаси нафақат шиддати ва рақобатбардошлиги, балки юқори савиядаги истеъдодлар билан бойлиги орқали ҳам дунё футбол мухлисларининг диққат марказида қолмоқда. Ҳар бир мавсум янги қаҳрамонларни кашф этаётган бу чемпионатда айрим футболчилар аллақачон гранд клублар эътиборига тушиб улгурган.
Англиялик футбол таҳлилчилари яқин келажакда топ-клублар сафига қадам қўйиши мумкин бўлган ярим ҳимоячилар рўйхатини шакллантирди. Мутахассислар фикрича, ёзги трансферлар даври айнан ушбу футболчилар учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Чунки уларнинг ўйини, статистикаси ва тактик имкониятлари катта жамоалар талабларига тўлиқ жавоб беради.
Рўйхатда биринчи бўлиб “Ноттингем Форест”нинг 23 ёшли ярим ҳимоячиси Эллиот Андерсон тилга олинади. У тўп билан ҳаракат қилишдаги эркинлиги, тезкор дриблинги ва ҳужумни олдиндан ҳис қила олиш қобилияти билан ажралиб туради. Андерсон тезликка асосланган, тўғридан-тўғри футболни ёқтирадиган жамоалар учун айни муддао. Шу боис унинг услуби “Манчестер Юнайтед” ёки “Тоттенэм” каби клублар фалсафасига жуда мос келиши таъкидланмоқда.
Кейинги ном — “Кристал Пэлас” сафида порлаётган 21 ёшли Адам Уортон. У марказий ярим ҳимояда ақл билан ўйнайдиган, ўйин суръатини назорат қила оладиган футболчи сифатида баҳоланмоқда. Позицион ўйинда тўпни аниқ тақсимлаши, тўғри қарор қабул қилиши ва майдонни ўқиш қобилияти унинг асосий кучли жиҳатларидир. Бундай сифатлар эса ҳар қандай топ-жамоа учун катта қадрият ҳисобланади.
Рўйхатни “Астон Вилла”нинг 23 ёшли универсал ярим ҳимоячиси Морган Рожерс якунлайди. У ярим ҳимоя билан ҳужум чизиғини боғлай олиши, жарима майдонига кескин кириб бориши ва узоқ масофадан хавфли зарбалар йўллаши билан мухлислар эътиборини қозонган. Рожерснинг кўп қирралилиги уни “Ливерпуль” ёки “Манчестер Сити” каби юқори босим ва тезкор ўйинни афзал кўрадиган клублар учун жозибали номга айлантирмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу уч футболчи учун кураш аллақачон бошланган. Агар ҳаммаси режа бўйича кечса, яқин мавсумларда уларни Англия ва Европа футболининг энг нуфузли клублари сафида кўриш эҳтимоли жуда юқори.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.