
Туркия кубоги A гуруҳининг илк турида футбол ишқибозларини қизиқтирган тўқнашувлардан бири — “Галатасарой” ҳамда “Истанбул Башакшеҳир” ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади. Ўтган мавсумда мамлакат кубогини қўлга киритган “сариқ-қизиллар” бу йил ҳам мусобақада энг асосий даъвогар сифатида майдонга чиқмоқда.
Шу билан бирга, Нури Шаҳин бошчилигидаги “Башакшеҳир” ҳам охирги пайтларда жуда ишончли ўйин намойиш этяпти. Жамоа сўнгги учрашувларда қатор муҳим ғалабаларни қайд этди ва бу натижаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари — Элдор Шомуродов ҳамда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳиссаси алоҳида эътироф этилмоқда.
Туркиянинг нуфузли Fanatik ва Fotomaç нашрлари мазкур ўйин олдидан жамоаларнинг тахминий асосий таркибларини эълон қилди. Манбалар маълумотларига кўра, ҳар икки ўзбекистонлик футболчи ҳам учрашувни илк дақиқалардан бошлаши кутилмоқда. Бу эса маҳаллий мухлислар учун ўйинга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.
Fanatik талқинида “Галатасарой” таркибида Икарди бошчилигида ҳужум чизиғи кучли кўринса, “Башакшеҳир” сафида Шомуродов ва Файзуллаевнинг бир вақтда майдонда бўлиши жамоанинг ҳужумкор ўйинига янги нафас бағишлаши мумкин.
- "Галатасарой": Гюнай, Саллай, Арда, Абдулкерим, Казимжан, Торрейра, Сара, Юсуф Демир, Ахмед, Бариш, Икарди.
- "Башакшеҳир": Муҳаммад, Ўмер Али, Дуарте, Опоку, Онур, Умут Гюсюн, Берат, Файзуллаев, Харит, Шомуродов, Селке.
Fotomaç эса таркибларда айрим фарқлар бўлиши мумкинлигини қайд этган бўлса-да, ўзбек легионерларининг асосий таркибдан жой олиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаган.
- "Башакшеҳир": Муҳаммад, Онур, Опоку, Дуарте, Эбоселе, Онур, Файзуллаев, Умут, Харит, Да Коста, Шомуродов.
- "Галатасарой": Гюнай, Саллай, Арда, Абдулкерим, Казимжан, Беркан, Сара, Ахмед, Юнус, Бариш, Икарди.
Маълумот ўрнида, мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 22:30 да старт олади. Учрашув нафақат Туркия кубоги тақдири, балки ўзбек футболчилари иштирокидаги қизиқарли тўқнашув сифатида ҳам мухлислар диққат марказида бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.