
Камбоджа ва Таиланд мудофаа вазирликлари вакиллари 24 декабрь куни ўзаро тинчлик масаласини муҳокама қилиш мақсадида расмий учрашув ўтказади. Бу ҳақда Reuters агентлиги Таиланд ташқи ишлар вазири раҳбари Сихасак Фуангкеткео сўзларига таяниб хабар қилди.
Маълум қилинишича, мазкур учрашувни ўтказиш бўйича қарор 22 декабрь куни Куала-Лумпурда ташкил этилган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғини давомида қабул қилинган. Таиланд томонининг таъкидлашича, музокаралар ташқи кучлар, жумладан АҚШ ёки Хитой иштирокисиз ўтказилади. Икки давлат вазиятни мустақил равишда, ўзаро келишув асосида ҳал этиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошларида Бангкок ва Пномпень ўртасидаги чегарадош ҳудудларда вазият кескинлашиб, қатор қуролли тўқнашувлар содир бўлган эди. Икки ҳафта ичидаги жангларда ҳар икки томондан қарийб 80 нафар инсон ҳалок бўлган, шунингдек, тахминан 500 минг аҳоли ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.
Reuters маълумотларига кўра, ҳозирда Таиланд ва Камбоджа бир-бирини тажовузкор ҳаракатларда ҳамда олдин келишилган сулҳ шартларига амал қилмасликда айбламоқда. Айтилишича, мазкур сулҳ режими октябрь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида келишиб олинган бўлиб, унда миналарни тозалаш, қўшинлар ҳамда оғир қуролларни чегара ҳудудларидан олиб чиқиш каби муҳим шартлар белгиланган эди.
Мутахассислар фикрича, навбатдаги учрашув минтақадаги тарангликни юмшатиш ва узоқ муддатли барқарорликка йўл очиши мумкин. Шу боис, мазкур музокаралар нафақат икки давлат, балки бутун Жануби-Шарқий Осиё учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.