date

Унаи Эмери: «Астон Вилла» ҳали чемпионликка тайёр эмас

Унаи Эмери: «Астон Вилла» ҳали чемпионликка тайёр эмас

«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери Англия Премьер-лигасининг 17-турида «Манчестер Юнайтед» устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг жамоанинг жорий мавсумдаги ҳақиқий имкониятлари ҳақида очиқ фикр билдирди. Испаниялик мутахассис натижаларга қарамай, ҳаддан ортиқ орзуга берилишдан сақланиш кераклигини таъкидлади.

Эмерининг сўзларига кўра, «Астон Вилла» ўз салоҳиятини тўғри баҳоллаши шарт. Жамоа бу мавсум «Арсенал» ва «Манчестер Сити» каби грандларга қарши майдонга тушди ва ҳатто айрим баҳсларда ўз уйида уларни мағлуб этишга ҳам эришди. Бироқ бу ҳолат ҳали чемпионлик учун тўлиқ кураш олиб бориш мумкин, дегани эмас.

Мутахассис рақиблар таркиби ва тажрибасига алоҳида урғу берди. Унинг таъкидлашича, «Арсенал» ва «Манчестер Сити» тактик жиҳатдан жуда пухта, энг юқори савиядаги футболчиларга эга жамоалар ҳисобланади. «Астон Вилла»да ҳам сифат бор, аммо бу даражада узоқ муддатли чемпионлик пойгасида қатнашиш ҳозирча реал эмас.

Шу билан бирга, Эмери жамоанинг ҳозирги натижаларини юқори баҳолади. «Астон Вилла» айни пайтда турнир жадвалида 3-ўринда бормоқда, бу эса футболчиларнинг ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўраётгани, мураббийлар штаби белгилаган тизимга содиқ қолгани ва барқарор ўйин намойиш этаётганидан далолат беради.

Эмери сўнгги уч йил ичида жамоа барқарор ўсиш йўлига чиққанини, мунтазам равишда еврокубоклар зонаси учун кураш олиб бораётганини ҳам эслатди. Бироқ у камтарликни сақлаш, очколар қандай меҳнат эвазига қўлга киритилаётганини унутмаслик зарурлигини алоҳида қайд этди.

«Биз ўз даражамизни сақлаб қолишни истаймиз. Ақл билан ишлашимиз, рақобатбардош бўлишимиз, барқарорликни йўқотмаслигимиз ва ўзимизга нисбатан талабчан бўлиб қолишимиз керак», — дея Унаи Эмерининг сўзларини келтиради BBC.

Маълумот учун, ҳозирда «Астон Вилла» Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида 36 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам «Арсенал» 39 очко жамғарган бўлса, иккинчи поғонадаги «Манчестер Сити» ҳисобида 37 очко мавжуд.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Унаи Эмери: «Астон Вилла» ҳали чемпионликка тайёр эмас