date

Сурияда қамоқхоналар масаласи яна долзарб бўлиб қолди

Сурияда қамоқхоналар масаласи яна долзарб бўлиб қолди
Башар ал-Ассад ҳокимияти қулаганидан сўнг Сурияда қамоқхона тизими ислоҳ қилинади, деган умидлар кучли эди. Янги президент Аҳмед аш-Шара ўтган йил охирида собиқ режим давридаги машҳур қамоқхоналарни ёпишга ваъда берган эди. Бироқ, орадан бир йил ўтиб, Ассад даврида ишлаган кўплаб қамоқхоналар ва ҳибсхоналар яна фаолият бошлагани маълум бўлди.

Халқаро ахборот манбалари маълумотларига кўра, ҳозирда бу муассасаларда юзлаб одамлар расмий айбловларсиз сақланмоқда. Ҳибсга олинганлар орасида собиқ ҳарбийлар, турли диний жамоаларга мансуб фуқаролар, шунингдек, хавфсизлик билан боғлиқ ноаниқ гумонлар асосида қўлга олинган шахслар бор. Айрим ҳудудларда ҳибслар оммавий тус олгани қайд этилмоқда.

Собиқ маҳбуслар ва уларнинг яқинлари қамоқхоналардаги шароитлар оғирлигидан шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишича, тиқилинч, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам етишмаслиги, шунингдек, калтаклаш ва товламачилик ҳолатлари учрамоқда. Баъзи оилалардан яқинларини озод қилиш эвазига пул талаб қилингани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Сурия ҳукумати эса ҳибсга олишлар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва Ассад давридаги жиноятларни тергов қилиш билан боғлиқ эканини билдирмоқда. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари янги раҳбариятни қонун устуворлигини таъминлашга, ноқонуний ҳибслар ва зўравонликларга барҳам беришга чақирмоқда. Мутахассислар фикрича, айнан шу масала Сурияда барқарорлик ва ишончни тиклашда муҳим синов бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Сурияда қамоқхоналар масаласи яна долзарб бўлиб қолди