Кечагина ўзининг оламшумул натижалари билан ҳаммани ҳайратда қолдираётган ёшгина йигит ногирон бўлиб қолди...
Фото: «youtube.com»
Бундан 42 йил муқаддам машҳурликнинг чўққисида бўлган спортчи бирданига, бир кунда спортдан бутунлай кетди. Албатта, кўпчилик спортчилар шундай қилишади, бунинг ҳеч ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Аммо бу спортчининг ютуқларига эътибор беринг: 11 карра жаҳон рекордчиси, 17 карра жаҳон чемпиони, 13 карра Европа чемпиони, 7 карра собиқ иттифоқ чемпиони...
1976 йилнинг 16 сентябри. Ереван кўчаларидан бирида троллейбус йўлдан чиқиб кетиб, сув тўла тўғонга ағанади. 92 нафар йўловчи қутига қамалиб чўкиб кетди. Уларнинг барчасини жуда азобли ўлим кутарди. Аммо сув остида сузиш бўйича бир неча марта чемпионликни қўлга киритган Шаварш Карапетян шу яқин атрофда укаси билан югуришни машқ қилаётган эди. У бир лаҳза ҳам ўйланмай ўзини муздек сувга отди...
Кейинчалик мутахассислар унинг ҳаракатларини таҳлил қилиб чиқадилар ва бирор киши бундай қаҳрамонликни қайтара олмаслигига амин бўладилар. Шаварш ўн метрли сув остига шўнғийди, мутлақ қоронғилик ичида троллейбуснинг ойнасини тепиб синдиради. 20 дақиқа ичида у сувга ўттиз мартача шўнғиб 20 кишини қутқариб қолади. Аслида қутқарилганлар сони анча кўп эди. Лекин уларнинг кўпчилиги ўлиб бўлган ёки сувдан чиқарилганига қарамай ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаганди.
Шаварш чўкканларни сувдан олиб чиқар ва укасига узатар, укаси уларни қайиққа олар ва қирғоққа етказиб берарди. Шу тарзда чўкканларнинг тенг ярми — 46 киши олиб чиқилди ва уларнинг фақат 20 нафаригина тирик қолди.
Чемпионни кузатиб турганлар унинг бадани совуқдан кўкариб кетгани, териси ойна синиқларидан тилиниб кетганини кўриб туришар, аммо бирортаси юрак ютиб унга ёрдам беролмасди. 20 дақиқа ичида унинг организми бутунлай ҳолдан тойди ва ўзи ҳам ёрдамга муҳтож ҳолга келди. Мудҳиш натижа кўп куттирмади: икки томонлама зотилжам, қоннинг умумий зарарланиши... Шифокорлар 45 кун курашиб, унинг ҳаётини аранг сақлаб қолишди. Аммо энди катта спортга қайтиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, танасидаги чандиқлар ҳаракатини чеклашини енгиб, 400 метрга сузиш бўйича яна бир рекорд ўрнатди. Лекин кучли оғриқлар яна безовта қила бошлагач, спортни тарк этди.
Кечагина ўзининг оламшумул натижалари билан ҳаммани ҳайратда қолдираётган ёшгина йигит ногирон бўлиб қолди...
Кейинчалик ундан «Энг қийини ва қўрқинчлиси нима эди?» деб сўраганларида Шаварш шундай жавоб берган:
— Ҳар қанча тайёргарлик кўрганимга қарамай менинг кучим маълум марта шўнғишга етарди. Аммо ўша шўнғишлар ҳам тўла натижа бермади. Мен сув остидаги зулматда кимнинг ўлик ёки тириклигини аниқлай олмасдим. Деярли ҳамма ҳушдан кетиб бўлганди. Шўнғишларимнинг бирида мен чармдан тикилган ёстиқни кўтариб чиққанман. Бир инсоннинг ҳаёти ўрнига жонсиз ёстиқ... Бу шунчалар аламли эдики, ҳалигача тушларимга кириб чиқади ва мен ўзимни кечира олмайман!
Карапетян Сочи олимпиадаси машъаласи билан. Фото: sport-express.ru
Рекорд натижалари билан дунёни лол қилган спортчи шу тарзда ўз фаолиятига нуқта қўйди. Лекин бунинг учун уни айблашга кимнинг тили боради?! Ахир айнан мана шундай қаҳрамонларни ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш, шундай йигит-қизларни тарбиялаш керак эмасми?! Бундай қаҳрамонлик унутилиши мумкинми?
Ҳозир Шаварш Карапетян Москвада яшайди ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Унинг косиблик устахонаси, бир неча кафеси бор.
Манба: Xabar.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?