21:12 / 05.12.2019
8 727

Исломни қабул қилган машҳур яҳудийлар (1-қисм)

Исломни қабул қилган машҳур яҳудийлар (1-қисм)
Ислом динининг илк давридан эътиборан яҳудийлар мусулмонлар билан турли соҳаларда алоқада бўлган ва ҳамкорлик қилган. Савдо, илм-фан, маданият, ижтимоий ҳаёт, халқлараро муносабатлар яхудийларни ислом динини ўрганишга, теранроқ англашга чорлаган. Ҳаётнинг асл маъноси, бу динда ўз аксини топган чексиз илоҳий ҳақиқатлар турли дин вакилларини исломий манбаларни ўқиб ўрганишга ва бу динни қабул қилишига олиб келган ва келмоқда. Ислом илмлари ривожига ҳисса қўшган олимлар орасида яҳудийлик динидан ўтганлар кўп бўлган. Қуйида уларнинг бир нечтаси ҳақида маълумот берамиз.

Абдуллоҳ ибн Саломни (550-663) исломни қабул қилган яҳудийларнинг энг машҳури десак бўлади. Ривоятларда айтилишича, у Ясрибнинг энг нуфузли яҳудий руҳонийларидан бири бўлган. Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам бу шаҳарга келган чоғларида Абдуллоҳ ибн Салом у зотни пайғамбар сифатида тан олди ва исломни қабул қилди. Қуръон тафсирчиларининг таъкидлашича, Қуръони каримнинг “Аҳқоф” сураси 10-ояти унинг мусулмон бўлганига ишорадир. У тириклигида жаннат ваъда қилинган биринчи бахтли мусулмондир.

Каъб ал-Ахбор (652 ёки 655 йилда вафот этган) исломни қабул қилган яманлик раввин. У халифа Умар розияллоҳу анҳу даврида Мадинага кўчиб ўтган, шунинг учун уни тобеинлардан дейишади. Каъб ал-Ахбор Қуръоннинг таниқли тафсирчиларидан бирига айланди. Шунингдек, у исроилиёт воқеалари ҳақида ҳам жуда кўп маълумотга эга бўлган.

Ҳорун ибн Мусо (786 йил вафот этган) арабларнинг азд қабиласида яшаб, исломни қабул қилган. У араб тилини чуқур ўрганган олим бўлди, Қурон қироатларини ўрганишга катта ҳисса қўшди. У араб тили грамматикаси бўйича биринчи китобнинг муаллифи Сибавайҳнинг устози бўлган.

VIII асрнинг яна бир машҳур араб тили тилшуноси, Куфа мактабининг асосчиси Абу Жафар ар-Руасий ҳам исломни қабул қилган яҳудий эди.

Абу Баракат ал-Бағдодий (1080-1164) – келиб чиқиши яҳудий бўлган файласуф, табиб ва физик. У ибронийда Натанел тахаллуси билан асарлар ёзган. Бағдод халифалари ва салжуқий султонлар саройила табиб бўлган. Абу Баракат фалсафа фанида Арасту ғояларига содиқ эди. У кўп жиҳатдан Ибн Синога эргашган, шу билан бирга ўз ғояларини ҳам ривожлантирган. Тезликни кетма-кет ошириш билан кучнинг кетма-кет ўсиши орқали тушаётган жисмнинг тезлиги ортишини тушунтириб берди. Исломни умрининг охирида қабул қилди.

Самаъал ибн Яҳё ал-Мағрибий (1130-1180) ҳам Бағдодда, раввинлар оиласида туғилган. Исломни қабул қилгани отасини хафа қилишидан қўрқиб, кўп йиллар давомида буни оиласидан сир тутган. У ўз эътиқоди ҳақида 1163 йилда, тушида буни ошкор этишга буюрилганидан кейин эълон қилди. У математик, астроном ва табиб бўлган. 19 ёшида “Ал-Баҳир фил-жабр” номли математик трактат ёзди. Унинг яҳудийлик дини танқидини ўз ичига олган “Ифҳам ал-Яҳуд” асари ҳам шуҳрат қозонган.

Рашидуддин Ҳамадоний (1247-1318) Ҳамадонда, Эрон яҳудийлари оиласида туғилган. Ислом динини 30 ёшида қабул қилди. Илҳон Ғазаннинг (1295-1304) бошқаруви даврида вазир бўлди. 1295 йилдан Илҳон Ғазан ҳам Аллоҳнинг ягоналигига шоҳидлик келтириб, исломни давлат дини деб эълон қилди. Ҳамадоний табиблик ҳам қилган, лекин асосан машҳур тарихчи сифатида танилган. Унинг ҳукмдор кўрсатмасига биноан яратган "Жомеъ ат-таварих" ("Солномалар тўплами") асари илҳонийлар ва мўғуллар империяси даврини ёритувчи муҳим тарихий манбадир. Олим Илҳонни заҳарлашда айбланган ва қатл қилинган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исломни қабул қилган машҳур яҳудийлар (1-қисм)