Россияда автомобилларга алко-қулфлар ўрнатилиши кутилмоқда

Россияда ҳайдовчи нафасидан алкогол буғлари аниқланган тақдирда двигателни ишга туширишни блокловчи тизимлар жорий этилиши мумкин. Ушбу чора ҳукумат томонидан тасдиқланган 2030-йилгача йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш стратегиясини амалга ошириш режасидан ўрин олган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Лойиҳа доирасида "алко-қулфлар" деб аталувчи қурилмаларни қўллаш мезонлари белгиланади. Мазкур ташаббус устида Саноат ва савдо вазирлиги, Росстандарт, Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Рақамли ривожланиш вазирлиги биргаликда иш олиб боради.
Стратегия нафақат мастликни текшириш, балки ҳайдовчининг умумий ҳолатини баҳолаш тизимларини ишлаб чиқишни ҳам кўзда тутади. Хусусан, ҳайдовчининг ухлаб қолиши ёки диққатининг йўлдан чалғишини аниқлайдиган технологиялар жорий этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, транспорт воситаларининг тезлигини, ҳайдаш услубини ҳамда меҳнат ва дам олиш режимига риоя қилинишини масофадан назорат қилувчи қурилмалар яратилади. Ушбу қурилмаларни қўллаш тартиби транспорт турининг эксплуатация хавфидан келиб чиқиб белгиланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!