Луна исмли узун киприкли ноёб оқ шер ижтимоий тармоқларни ҳайратга солди

Жанубий Кореядаги ҳайвонот боғида яшовчи Луна исмли ноёб оқ урғочи шер ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Унинг мовий-кулранг кўзлари, узун киприклари ва нафис қиёфаси кўплаб фойдаланувчиларни ҳайратда қолдирди.
Кўпчилик Луна суратларини кўриб, уни “ҳақиқий Disney маликаси”га қиёсламоқда. Айрим фойдаланувчилар эса унинг фотосуратлари сунъий интеллект ёрдамида яратилган деб ўйлаган.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, шернинг ноодатий кўриниши “лейкизм” деб аталадиган кам учрайдиган генетик хусусият билан боғлиқ. Бу ҳолатда ҳайвонлар жунидаги пигмент миқдори камаяди, бироқ кўзларнинг табиий ранги сақланиб қолади.

Шу сабабли Луна оддий оқ шерлардан фарқли равишда мовий-кулранг кўзларга эга. Унинг узун киприклари эса нафақат ташқи кўринишини ажратиб туради, балки кўзларини қуёш нури ва чангдан ҳимоя қилувчи табиий хусусият ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!