
Хитойнинг Ухандан бошқа икки провинциясида яшаётган икки нафар ўзбекистонлик талаба ваҳимага ўрин йўқлиги, Хитой коронавирусни бартараф эта олишини ишонишини таъкидлашди.
Kun.uz мухбири Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Хитойдаги вакили Ҳуснулла Асадуллаев билан боғланиб, мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ҳақида сўради.
Маълумот учун, Ҳуснулла Асадуллаев – Сзянсу провинциясининг Чанчжоу шаҳрида жойлашган Сзянсу технология университети 4-босқичида таҳсил олади.
«Биринчи буни янгиликларда эшитдик. Аввал Хитой ОАВда, кейин Ўзбекистон, қўшни давлатлар Россия, Қозоғистонда ҳам бу нарса жуда тез ёйилиб кетди. Ўша заҳоти ҳар бир университет қатори бизнинг университетда ҳам ўқитувчилар томонидан ва ўша куннинг ўзида, яъни коронавирус тарқалганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги бош элчихонаси ва Шанхайдаги консулхона томонидан эслатмалар берилди.
Уларда имкон қадар турар жойда сақланиш, ниқобда бўлиш, жамоат жойларига иложи борича чиқмаслик, чиққан ҳолатда ниқоблардан фойдаланиш, ҳароратни ҳам ҳар бир университетнинг кириш ва чиқиш эшиклари олдида текшириш йўлга қўйилди. Гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни тез-тез ювиб туриш ва антисептик воситалардан фойдаланиш эслатма тариқасида берилди», – дейди Асадуллаев.
– Айрим давлатлар ўз фуқароларини Ухандан эвакуация қилмоқда. Ўзбекистон ҳам шундай қилиши керак, деб ўйлайсизми?
– Баъзи бир давлатларнинг Ухан шаҳридан ўз фуқароларини олиб чиқиб кетиши, алоҳида карантин ҳудудларига жойлаштириши ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушди. Бунақа ҳолатда агар Ўзбекистон ҳам шундай қилиши керакми, деган саволга жавобим – авваламбор, бу саволга тўлиқ ва аниқ маълумотни элчихона бергани яхшироқ. Ўз фикримни билдирадиган бўлсам, эвакуация қилиниши керак бўлса, Хитой ҳукумати билан ҳамкорликда ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нормаларига амал қилган ҳолатда олиб чиқиб кетилиши керак, деб ўйлайман.
Чунки касалликнинг бундан кейин тарқалмаслиги учун барча шароитни яратиб ва Ўзбекистондаги бошқа аҳолига юқмаслигининг олдини олган ҳолатдагина фуқароларни маълум бир карантин ҳудудларга жойлаштириб, айтилган инкубацион давр, яъни одамнинг иммунитетига қараб 2 кундан 14 кунгача дейилди. Ана шу 14 кунлик муддатда карантинда сақлаб туриб, уларнинг соғлиғига қаттиқ эътибор бериб, ундан кейин Ўзбекистондаги турар-жойларига етиб боришни таъминлашлари тарафдориман.
Вирусга барҳам берилиб, ҳаммаси жойига тушганидан кейин ҳам Хитойда қолмоқчиман. Ўқишимни давом эттириб, бундан кейин ҳам Хитойда малакамни ошириб, кейин Ўзбекистонга қайтиш ниятидаман. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, бундан олдин ҳам Хитой ҳукумати шундай муаммога дуч келган. SARS ва MERS вируслари Хитойда биринчи бор пайдо бўлганида худди шундай чора-тадбирлар кўрилган ва уни енгиб ўтишни уддалашган. Ишончим комилки, ана шу вирусга барҳам беришга ҳам бор кучларини сарфлашади ва бунинг уддасидан чиқишади.
Хитойдаги яна бир ўзбекистонлик, Шанхай шаҳридаги Shanghai International Studies University Халқаро алоқалар йўналиши докторантурасининг 2-босқич талабаси Юлдуз Сафарова ҳам мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Шу яқин кунларда интернетда, айниқса Ўзбекистондаги кўп интернет сайтлари ёки блогерлар томонидан кўпгина ваҳималар чиқариляпти. Шу 2-3 кунда интернет сайтларига ҳам кирмасликка ҳаракат қиляпман. Чунки кўпчиликнинг ҳар хил гаплари одамни чарчатяпти. Интернетдаги хабарларнинг ярми тўғри бўлса, ярми ёлғон. Айниқса YouTube`да тарқалган кўп хабарлар ёки блогерлар чиқарган хабарларнинг кўпчилиги ёлғон.
Айни пайтда ҳамма билади, бутун Хитойда коронавирус тарқалган, лекин ҳар бир киши гигиена қоидаларига амал қилиб, кўчага чиққанда ниқоб тақиб, одам кўп бўлган жойларга бормаса, менимча яхши бўларди.
Вирусдан сақланиш учун эса кўчага асосан икки кунда бир чиққанда, ниқоб тақиб чиқаман, уйга қайтгандан кейин қўлимни совунлаб ювиб, ниқобга ҳам 1-2 марта спирт сепаман. Одамлар кўп жойларга борганим йўқ. Уйдаги деярли ҳамма стол-стулларни спирт билан артиб чиқаман ва тозаликка риоя қиляпман», – деди Юлдуз Сафарова.
Маълумот учун, коронавирус 2019-nCoV коронавируси 20дан ортиқ мамлакатга тарқалиб улгурди. Вирус юқтирган сони ўн мингга яқинлашмоқда. 31 январь ҳолатига кўра, 213 киши вафот этди. Натижада январь ойи охирига келиб, жаҳон миқёсида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Гулзода Ибраҳимова тайёрлади
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар