Петербургда муҳожирларга тақиқ — такси нархлари осмонга кўтарилди

Петербургда муҳожирларга тақиқ — такси нархлари осмонга кўтарилди
Қисқача

Санкт-Петербургда муҳожирларнинг таксичилик фаолиятига тақиқ жорий этилгач, 7-ноябр куни айрим йўналишларда такси нархлари бир сутка ичида 3,2 фоиздан 32,5 фоизгача ошди. “Яндекс Такси” маъмурияти чекловлар сабаб шаҳарда фаол таксичилар сони 12 фоизга, яни тахминан 4 минг нафарга камайганини билдирди. Ҳайдовчилар етишмаслиги сабаб фойдаланувчиларга таксини узоқроқ кутиш ёки жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия қилинган.

Санкт-Петербург шаҳар ҳудудида муҳожирларнинг таксичилик фаолияти билан шуғулланишига тақиқ жорий этилган куннинг ўзидаёқ такси нархлари сезиларли даражада — 30 фоизгача ошган. Бу ҳақда маҳаллий “Фонтанка.ру” нашри ўз таҳлил натижаларига таяниб хабар берди.

Журналистлар 6 ва 7 ноябрь кунлари “Яндекс Такси” иловасидаги “Комфорт” тарифида шаҳарнинг турли йўналишларидаги сафарлар нархини солиштирган. Аниқланишича, тақиқ амалга кирган 7 ноябрь куни нархлар бир сутка олдингига нисбатан айрим йўналишларда 3,2 фоиздан 32,5 фоизгача ўсган.

Кўплаб фойдаланувчилар такси чақирмоқчи бўлганида, илова уларга: “Ҳайдовчилар етишмаяпти, таксини узоқроқ кутишингизга тўғри келади. Сафарни олдиндан режалаштиринг ёки жамоат транспортидан фойдаланинг”, деган хабарни чиқарган. Бу эса шаҳар аҳолиси учун янги ноқулайликларни келтириб чиқарган.

“Яндекс Такси” маъмуриятининг маълумотича, янги чекловлар сабаб Петербургда фаол таксичилар сони 12 фоизга қисқарган. Бу тахминан 4 минг нафар ҳайдовчининг ишсиз қолишига тенг. Муттахассислар фикрича, бу ўзгариш шундоқ ҳам кадрлар танқислиги кузатилаётган соҳадаги вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

Губернатор Александр Бегловнинг август ойидаги қарорига мувофиқ, муҳожирлар нафақат таксичилик, балки курьерлик фаолияти билан ҳам шуғуллана олмайди. Расмийлар бу чорани “норасмий иш билан бандликка қарши кураш”, “хизматлар соҳасида хавфсизликни ошириш” ҳамда “талабалар учун янги иш имкониятлари яратиш” билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, маҳаллий иқтисодчилар фикрича, муҳожирларнинг бозордан чиқарилиши такси хизматларида рақобатни камайтиради, бу эса нархларни яна ҳам юқорилашига сабаб бўлиши мумкин. Петербургдаги кўплаб аҳоли учун эса оддий сафарнинг ўзи қиммат “люкс” хизматига айланмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар