
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат божхона тўловларидан тушаётган улкан даромадларни аҳоли билан бўлишиш ниятида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир америкалик фуқарога камида 2000 доллар миқдорида “дивиденд” тўланиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари 9 ноябрь куни ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида ёзган.
“Божларга қарши бўлган одамлар — аҳмоқлар. Ҳозир АҚШ дунёдаги энг бой, энг нуфузли ва барқарор давлатга айланди. Бизда инфляция деярли йўқ, фонд бозори эса рекорд даражада ўсиб бормоқда”, — деб таъкидлади Трамп.
Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳозирда божлар орқали триллионлаб доллар даромад олмоқда ва бу маблағлар ҳисобидан мамлакатнинг 37 триллион долларлик давлат қарзини қисқартириш режалаштирилган. “Бизда саноат тикланмоқда, завод ва фабрикалар қайта қуриляпти. Шундай экан, ҳар бир фуқарога — юқори даромадлилардан ташқари — камида 2000 доллар миқдорида тўлов берилади”, — деди Трамп.
Бироқ, Германиянинг Dpa агентлиги ёзишича, президент бу ғояни илгари ҳам бир неча бор тилга олган бўлса-да, ҳозиргача амалдаги механизм ёки қонунчилик ташаббуси ишлаб чиқилмаган. Экспертлар бу баёнотни электорал таъсирга қаратилган сиёсий қадам сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, Трампнинг партияси ичида ҳам айрим норозиликлар кузатилмоқда. Яқинда Зоҳран Мамданий Ню-Йорк мэри этиб сайланиши ва демократларнинг мамлакат бўйлаб қатор ғалабаларидан сўнг, республикачиларнинг баъзи фаоллари “президент ўз сайловчиларига — инфляция ва ижара нархларидан қийналаётган қатламга — етарли эътибор қаратмаяпти”, деган фикрни илгари сурган.
Трамп ўз постида “деярли нол инфляция” ҳақида гапирган бўлса-да, расмий маълумотларга кўра, бу кўрсаткич ҳозирда 3 фоиз атрофида сақланиб турибди. Шу билан бирга, Ню-Йорк, Лос-Анжелес ва бошқа йирик шаҳарларда уй-жой ижара нархлари ҳали ҳам юқори даражада қолмоқда.
Молия бозорларида ҳам турли хавотирлар бор. Айниқса, сунъий интеллект соҳасида фаолият юритаётган йирик компаниялар акцияларига нисбатан “инвестиция пуфаги” хавфи ҳақида огоҳлантиришлар кўпайган. Dpa агентлиги қайд этганидек, бу ҳолат АҚШдаги пенсия жамғармалари учун жиддий хавф туғдириши мумкин, чунки аҳолининг катта қисми айнан шундай акциялар орқали ўз келажак таъминотини таъминлаб келади.
Трамп эса ўз сиёсий кампаниясида мамлакат иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаш ва “америкалик ишчи табақа манфаатини биринчи ўринга қўйиш” шиорига содиқлигини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, “бу тўловлар оддий одамлар учун ҳақиқий мукофот бўлади”.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!