
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг СССР мағлуб томон Германиядан бугунги қиймат билан ҳисоблаганда 400 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон ундирган.
Дунёдаги ҳар бир урушнинг охирида ғолиблар мағлубларни талаган, товон ундирган. Бу урушнинг ёзилмаган қонуни. ХХ асрга келиб ғолиблар мағлублардан товон ундириш ҳақида халқаро нормалар қабул қилинди ва бу қоида илк бор биринчи жаҳон урушидан кейин қўлланди. Ўшандан бери мағлублардан қонуний асосда товон ундириш бугунгача давом этиб келяпти.
ХХ асрда иккита жаҳон уруши бўлиб ўтди. Бу урушларнинг ҳар иккисида ҳам Германия енгилган ва ғолибларга катта миқдорда товон тўлаган. Россия империяси, кейинчалик унинг ўрнига тузилган СССР бу урушларнинг ҳар иккисида ҳам қатнашган, аммо фақат иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба учун товон олган.
Биринчи жаҳон уруши тугаши арафасида, 1917 йилда Россияда Октябрь тўнтариши амалга оширилади. Ҳокимиятни эгаллаган большивиклар Германия билан сулҳ тузиб, урушдан чиқади. Урушни охиригача олиб борган Буюк Британия, Франция ва АҚШ 1919 йилда имзоланган Версаль тинчлик битимига кўра, Германиядан товонни ўзлари олишга келишади ва Россия бу урушни охиригача олиб бормагани учун товондан қуруқ қолади. Иккинчи жаҳон урушида эса уруш тугаганидан сўнг унинг асосий «жабрдийда»си ва ғолиби сифатида энг катта товонни СССР олади.
Урушда енгилган Германия ўз зиммасига юклатилган товонни пул ёки олтин кўринишида тўлай олмаслиги аниқ эди. Шу боис СССР товоннинг асосий қисми сифатида Германиядан кўплаб корхоналарни кўчириб кетади.
Немислар урушда енгилар экан СССР ва иттифоқчилари Германиядан товон ундириш масаласини илк бор ҳали уруш тугамасидан, 1945 йил февралида ўтказилган Ялта конференциясида муҳокама қилади.

Ялта конференцияси
Ялтадаги конференцияда Сталин Германияга умумий миқдорда 20 миллиард доллар товон тўлаш мажбуриятини қўйишни ва урушнинг асосий жабрланувчиси сифатида СССР жами товон миқдорининг ярмини олиши лозимлигини айтади. Ўшанда томонлар бу масалада бир фикрга кела олмай тарқалишади.
Урушдан кейин ўтказилган Потсдам конференциясида иттифоқчилар Сталиннинг талабларига кўнишади. СССРга Германия шарқидаги барча корхоналарни кўчириб кетиш, Германиянинг Шарқий Европа давлатларидаги активларини олиш ҳисобидан товонни ундириш имконияти тақдим этилади. Бунга қўшимча тарзда Германия ғарбидаги айрим корхоналар ҳам СССРга берилади. Аслида СССР қўлга киритилган ҳудудлардан турли корхоналарни кўчириб келишни 1945 йилнинг баҳоридаёқ бошлаган эди. Масалан, Бейтен карбид заводи ва Аммендорф кимё корхонаси ўша пайтда Сталинграддаги кимёвий корхонага кўчириб келтирилади.

Потсдам конференцияси
«Немислар товони, совет иқтисодиёти: рақамлар, фактлар, одамлар» китоби муаллифи, россиялик Михаил Семиряга келтирган маълумотларга кўра, ўша пайтда Германиядан СССРга жами 2 885та турли корхоналар кўчириб келинган.
Потсдам конференциясидаги келишувга кўра, СССР нафақат Германия ҳудудидаги корхоналарни, балки Шарқий Европадаги бир қатор давлатлардаги немисларники дейилган корхоналарни ҳам кўчириб келади.
Жумладан:
- Польшадан 1 137та;
- Австриядан 206та;
- Венгриядан 11та;
- Чехословакиядан 54та;
- немисларга тегишли дейилган корхоналар СССРга кўчириб келинади.
Михаил Семиряга 1990-йилларда архивга киришга рухсат берилган пайтларда СССРга Германия ва унга қўшни бўлган Шарқий Европа давлатларидан кўчириб келтирилган корхоналар ва бошқа ашёлар ҳақида маълумот олади.
Семиряга ва унинг ҳаммаслаги Борис Кишевский берган маълумотларга кўра, ўшанда Германия шарқидан 400 минг вагон тўла турли ускуна ва жиҳозлар СССРга олиб келинган.
Жумладан:
- 72 минг вагон қурилиш материаллари;
- 2 885та турли корхоналар;
- 96та электростанциялар;
- 340 минг турли станоклар;
- 200 мингта электромоторлар;
- 1 335 000 бош йирик шохли ҳайвонлар;
- 2,3 миллион тонна ғалла;
- 1 миллион тонна картошка;
- 0,5 миллион тонна ёғ-мой ва шакар;
- 20 миллион литр спирт;
- 16 тонна товуқ гўшти олиб келинган.
Товон сифатида ундирилган мулклар қаторида кўплаб ҳарбий кемалар ва криуз лайнерлари, шунингдек, Гумбольдт университетининг астрономик обсерваторияси тўлиқ кўчириб олиб келинади. Краснодар компрессор заводи ҳам тўлиқ Германиядан олиб келинган ускуналар билан жиҳозланади.
Кемероводаги «Азот» корхонаси 1947 йилда немисларнинг «Шварцкоп» фирмасида тайёрланган ва товон сифатида олинган компрессорларни бугунги кунгача ишлатиб келмоқда.

Кемероводаги «Азот» заводи
Уруш пайтида Ҳитлер администрацияси ишлатган телефон станцияси Москва марказий телефон станциясида ўрнатилади ва 222 рақамидан бошланадиган рақамлар КПСС Марказий Қўмитаси томонидан 1980-йилларгача ишлатилади. Россиялик тарихчи Гаврил Поповнинг ёзишича, урушдан кейин СССР хавфсизлик хизмати ишлатган яширинча овоз эшитиш мосламалари ҳам немислардан мусодара қилинган эди.
Урушдан сўнг СССР немис ҳарбийларига тегишли ҳарбий техника ва қурилмаларнинг барча яроқлиларини Германиядан олиб келади. Ракета қурилмаларини ясаш, реактив авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ускуналари шулар жумласидан.
Ракета-космик соҳаси фахрийси Б.Четрокнинг эслашича, ўшанда Германиядан нафақат яроқли ҳарбий ускуналар, балки уларнинг чизмалари, лойиҳалари ва кўплаб немис мутахассислари ракета қурилмаларини қуришда ишлатиш учун мажбурий тарзда СССРга олиб келинган.
«Калашников» автомати 1945 йилдан кейин мажбурий тарзда СССРга олиб келиб ишлатилган немис конструктори В.Шмайссернинг ихтироси эканлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам йўқ эмас.

Юқорида «Калашников» ва пастда Ҳюго Шмайссернинг StG44 автомати
СССР ҳарбийлари ва НКВД ходимлари Шарқий Германиядаги босиб олинган ҳудудлардан нафақат турли корхоналарни кўчириб келади, балки аҳоли вакилларини ҳам талайди ва аҳоли хонадонларидан турли кийим-кечаклар, рўзғор буюмларини тортиб олиб СССРга жўнатади.
Жумладан:
- 60 минг рояль;
- 460 минг радиоприёмник;
- 190 минг гилам;
- 940 минг турли мебель буюмлари;
- 265 минг турли соатлар;
- 1,2 миллион дона аёллар ва эркаклар пальтоси;
- 1 миллион дона бош кийим тортиб олинади ва СССРга жўнатилади.
Иттифоқчилар билан келишувга кўра, урушдан сўнг Германия ғарбида жойлашган «Opel AG» заводи кўчириб келинди ва Москвага ўрнатилиб бу ерда «Москвич-400» русумли машина ишлаб чиқарила бошланади.

Москвич-400
Германия томонининг маълум қилишича, бугун МДҲ давлатларида Германиядан олиб чиқиб кетилган 200 мингдан ошиқ музей экспонатлари ва 2 миллион нусхадан ошиқ китоб бор.
Иккинчи жаҳон урушида СССР ўзининг 20 миллион аҳолисидан айрилади ва табиийки бундай вақтда мамлакатни тиклаш учун ишчилар керак бўлади. СССР йўқотилган ишчиларнинг ўрнини тўлдириш учун ўшанда Германиядан нафақат ҳарбий асирлар, балки оддий ишчиларни ҳам олиб келиб ишлатади.
Масалан, уруш даврида бутунлай вайрон бўлган Сталинград (ҳозирги Волгоград)ни асосан немис ҳарбий асирлари ва ишчилари тиклаган эди. Сталин Германиядан 10 миллиард доллар миқдорда товон ундириш пайида бўлса ҳам, амалда ундирилган товон миқдори анча ортиб кетади.
СССР Германиянинг «ўзига тегишли» қисмидан олиб чиқиб келган жами нарсаларнинг умумий қиймати 15,8 миллиард доллар ёки 14 041 тонна олтин эквивалентига тенг бўлган. Маълумот учун, бу сумма долларнинг бугунги қийматида 400 миллиард долларга тенг бўлади.
Таққослаш учун: Бугун АҚШда 2018 йил маълумотларига кўра 8133,5 тонна олтин захираси бор.
Германияни талаш 1954 йилга келиб, ГДР билан келишувга эришилганидан кейингина тўхтатилади.
P.S. Германиядан ундирилган товон миқдори 15,8 миллиард долларга тенг деб кўрсатилгани билан, СССРда аксарият ҳисоботлар мақсадга қараб камайтирилиб ёки кўпайтириб кўрсатилганини инобатга олсак, Германиядан ундирилган товон миқдори расмий ҳужжатларда кўрсатилганидан анча кўп бўлиши ҳам мумкин.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар