11:11 / 04.04.2020
2 443

Видолашиш, уйланиш ва ажрашиш тақиқланади. Жаҳон бўйлаб карантиндаги чекловлар

Видолашиш, уйланиш ва ажрашиш тақиқланади. Жаҳон бўйлаб карантиндаги чекловлар
Фото: EPA
Дунёнинг коронавирус етиб бормаган бурчаги қолмади. Деярли барча мамлакатларни бу офат қийнамоқда. Карантин вирус тарқалиши олдини олиш учун энг яхши чора ҳисобланади. Одамларни карантинда сақлабгина касалликни жиловлаш мумкин. Табиийки, карантин вақтида турли чекловлар жорий қилинади.

Барча давлатларда умумий бўлган чекловлар ҳам бор, аммо айрим давлатлар ўз фуқароларининг ҳаёт тарзига қараб ҳам чекловлар ўйлаб топмоқда.

Учрашувга чиқиш мумкин эмас
Вирус Хитойда пайдо бўлганди, ҳозир эса Европада юқори тезликда тарқалишда давом этмоқда. Айниқса Италия, Испания, Франция, Германия ва Буюк Британия каби давлатлар коронавирусдан жуда кўп зарар кўрмоқда. Францияда карантиннинг иккинчи босқичида чекловлар кўпайди. Улар орасида таъкидлаб ёзилган қуйидаги банд эътиборни тортади: «Кўчага чиқиш учун дўстининг олдига бориш, руҳшунос сеансига қатнаш ёки севгани билан учрашиш каби баҳоналар инобатга олинмайди». Ҳа, карантин севишганларни ҳижрон билан ҳам синайди.

Дарвоқе, европалик руҳшуносларнинг айтишича, карантиндан сўнг ажримлар кўпайиб кетишидан қочиб бўлмайди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳамма уйда, қиладиган иш йўқ, гапдан гап чиқиб жанжал бўлади-да, тўғрими? Карантин инсониятга юборилган икки карра синов десак, адашмаймиз.

Францияда карантинни яшаш манзилидан бошқа жойда ўтказиш ҳам тақиқланди. Чунки карантин бошланганда парижликлар шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлиларига бориб яшашни бошлашганди. Аммо уларни қишлоқ аҳли яхши кутиб олмади: «Шаҳарликлар вирусни олиб келишади, кейин бозорларимиздаги егуликларимизни еб битиришади», дея арз қилишди улар. Натижада «дачага чиққанлар» уйларига қайтарилди.

Қамоқхонага бориш мумкин эмас
Италияда маҳбуслар орасида ҳам вирус тарқалгач, ҳукумат қамоқхоналардаги яқинларни бориб кўришни чеклаб қўйди. Чунки у ерга борганлар ҳам вирус юқтириб олиши мумкин. Бу чекловдан сўнг Италия қамоқхоналарида тўполон бошланди. Моденедаги қамоқхонада бошланган исён бошқа қамоқхоналарга ҳам тарқалди. Моденедаги уч нафар маҳбус тартибсизликлар вақтида жон берди. Расмий маълумотларга кўра, улар лазаретдан героин ўрнини босадиган метадонни ўғирлаб истеъмол қилиб дозасини ошириб юборган. Бош кўтарганлар орасида гиёҳвандлар ҳам бўлган, демак улар кўпроқ ташқаридан олиб кириладиган «озуқа» узилиб қолганидан норози бўлишган.

«Вирус одамни икки марта ўлдиради...»
Одам яқин инсони жони узилаётганини билса, қаерда бўлмасин унинг олдига етиб боришни, охирги сўзини айтиб, оғзига бир томчи сув томизишни хоҳлайди. Аммо коронавирус инсонни бундан ҳам маҳрум қилди. Бу касалдан вафот этаётган одамнинг олдида докторлардан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги керак.

«Пандемия одамни икки марта ўлдиради. Аввалига у яқинларидан узоқда оламдан ўтишга мажбур қилади. Кейин сўнгги манзилга кузатишда ҳам ёнингда ҳеч киминг бўлмайди», дейди дафн маросимлари билан шуғулланувчи Андреа Черато.

Кўп мамлакатларда бўлгани каби Италияда ҳам коронавирусдан вафот этганлар махсус целлофанда ўраб дафн қилинади ёки... ёки ёқилмоқда. Одам ўлганидан кейин вирус тарқатмаслиги мумкин, лекин унинг кийимларида инфекция сақланиб қолади.

«Баъзилар яқинларига ҳеч бўлмаса охирги марта қараб олишни илтимос қилишади, лекин бунинг имкони йўқ. Юрагимиз эзилади, лекин бунга рухсат бера олмаймиз. Аксар ҳалок бўлганларнинг яқинлари карантинда бўлгани боис ҳаммасини ўзимиз бажарамиз: жасадни касалхонадан оламиз, тобутлаймиз, кўмамиз ёки крематорийга олиб борамиз...», дейди тобуткаш Массимо Манкостроппа.

Италияликлар ўлими олдидан яқинлари билан бирга бўла олишмагани сабаб уларга видолашув сўзларини смс тарзида ёзмоқда. Ҳамширалар жони узилаётган одамларга яқинларининг охирги сўзларини етказишади...

«Ён қўшни — жон қўшни»
Коронавирус атроф муҳит тозалиги билан ажралиб турадиган Скандинавияга ҳам етиб борди. Норвегия ҳукумати карантинга жуда жиддий эътибор берди. 12 мартдан бошлаб Норвегияга борган хорижликларни касаллик аломатлари бор ёки йўқлигидан қатъи назар махсус «коронавирус карантини»га олиш бошланди. Шунингдек, 27 февралдан кейин Норвегияга келган чет элликлар ҳам карантинга олинди. Қизиғи, Финляндия, Дания ва Швеция каби яриморолнинг бошқа давлатларига кириб чиққанлар карантинга олинмайди. Қўшнилар бир-бирига қанчалик ишонишларини шу ерда ҳам билса бўлади.

Норвегияликлар жуда тартибли халқлардан бири. Лекин у ерда ҳам қулоқсиз одамлар топилади. 25 март куни карантинга олинган мана шундай 22 ёшли йигит ўша куннинг ўзидаёқ кўчада юрганида полиция томонидан қўлга олинади. 28 март куни тунда йигит яна полицияга тушади ва карантиндаги жойига олиб бориб қўйилади. 30 март тунда ҳам машина ҳайдаб қўлга тушган йигит охир-оқибат 40 минг крона (3 800 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади. Осло полицияси зобити Видар Педерсоннинг айтишича, бу Норвегия пойтахтида карантиндан қочиш бўйича биринчи ҳолат. 3 апрель ҳолатига кўра, Норвегияда вирус юқтирганлар сони 5370 нафарни, ҳалок бўлганлар эса 59 нафарни ташкил этмоқда.

«Қўйди-чиқдингизни квартал охиригача суриб турсангиз...»
Россияда карантин вақтида ажримларни вақтинча тўхтатиб туриш таклиф қилинмоқда. Чунки ушбу бюрократик жараён кўпчиликни овора қилади ва одамлар бир-бирига яқин масофада бўлиш хавфини оширади.

Шу ўринда машҳур рус фильмидаги бир жумла эсга тушади: «Илтимос, қўйди-чиқдингизни квартал охиригача суриб турсангиз, шундоғам кўрсаткичларимиз пасайиб кетяпти».

Ҳайвонлар ва карантин. Йўлбарс карантинни бузди
Россия барча чегараларини ёпган бўлса-да, уни кесиб ўтаётганлар ҳамон топилмоқда. Приморядаги «Амур йўлбарслари» марказида парваришланаётган Лазовка лақабли йўлбарс чегарадан ўтиб Хитойга бориб келган. У «карантинни бузган» вақтда болалари ҳам бирга бўлган. 2019 йил кузида она бўлган йўлбарс ҳар эҳтимолга қарши текширувдан ўтказилди ва у алоҳида парваришда. Лазовканинг чегарадан ўтиб олислаб кетганига тажрибасиз она бўлгани сабаб қилиб келтирилмоқда.

Кўчага чиқишни хоҳлайсизми? Унда ижарага ит олинг
Москвада ҳам карантин жорий қилингач, одамларга кўчага заруратсиз тақиқланди. Ҳар куни сайр қилишга одатланган одамларга эса бундай вақтда ажойиб хизмат таклиф қилинмоқда. Гап шундаки, карантин вақтида уй жониворларини сайр қилдириш учун бир соатга рухсат берилади. Шу боис интернетда москвалик «тадбиркорлар» ижарага ит бериш хизматини таклиф қилишмоқда. Унчалик қиммат эмас, соатига 800-1000 рубль. Итни олиб кетиб қолмаслигингиз учун қайтиб келгунингизча 3-5 минг рубль гаров пули ташлаб кетасиз.

Evronews телеканалида (дарвоқе, ҳозир бу канал Ўзбекистон ҳудудига вақтинча бепул намойиш этилмоқда) карантиндан уй ҳайвонлари хурсанд экани ҳақида лавҳа эфирга кетди. Унда ҳикоя қилинишича, фақат ҳайвонлар билан сайр қилиш мумкин бўлгани сабаб одамлар бир неча кунда бир сайрга чиқадиган ҳайвонларини ҳам кунига чигалёздига олиб чиқишмоқда. Бундан эса итлар, мушуклар жуда хурсанд, албатта.

Карантин вақтида Ўзбекистонда ҳам кўплаб чекловлар жорий этилган. Масалан, тўй, туғилган кун каби базмлар қилиш, дафн маросимларини кўпчилик билан ўтказиш, қандайдир муносабат билан кўпчиликни жамлаб байрам қилиш тақиқланди. Мамлакатдаги барча овқатланиш шохобчалари (етказиб бериш хизматидан ташқари), таълим муассасалари, умуман, одам тўпланиши мумкин бўлган ва айни дамда бирламчи эҳтиёжларга хизмат қилмайдиган ҳар қандай жойлар ёпилган. Кўчаларда махсус рухсатномасиз машиналар ҳаракати ҳам тақиқланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Видолашиш, уйланиш ва ажрашиш тақиқланади. Жаҳон бўйлаб карантиндаги чекловлар