date
views 2 420

АҚШ-Хитой савдо уруши бадалини бутун дунё тўлайдими?

АҚШ-Хитой савдо уруши бадалини бутун дунё тўлайдими?
Фото: Anadolu agency
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо курашининг асосий ўқ чизиғи бўлмиш янги дунё тартибсизликлари глобал иқтисодиётга жуда кучли зарба бермоқда. Бунинг бадалини эса бутун дунё тўлайди.

Амалга ошмай қолган режалар
Дунёнинг икки энг катта иқтисодиётга эга давлати – АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушлари тобора ҳалокатли тус олиб, ечими мушкул муаммога айланмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойида икки давлат ўртасида имзоланган биринчи босқич савдо битими умидларнинг учқунлашига сабаб бўлганди. Бироқ...

Битимга кўра, Хитой баъзи товарларни АҚШдан импорт қилишни кўпайтириши, АҚШ эса Хитойнинг айрим маҳсулотларига тарифларни пасайтириш бўйича бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олиши лозим эди. Ушбу келишув шартлари амалга ошса, иккинчи босқичга ўтилиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо низоларини аста-секин ҳал қилиш кўзда тутилганди. Аммо атиги бир неча ой ичида ҳатто биринчи босқични амалга оширишнинг ўзи қийин, ҳатто деярли имконсиз экани кўриниб қолди.

Биринчи босқич келишувига кўра, Хитой икки йил ичида АҚШдан импорт қилишни 200 миллиард долларга ошириш мажбуриятини олганди. Ушбу харидларнинг 50 миллиард долларини нефть ва табиий газ, 32 миллиард долларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 80 миллиард долларга яқинини эса машина ва жиҳозлар ташкил қилиши керак эди. Бироқ томонларнинг бу ниятларини Covid-19 пандемияси чиппакка чиқарди. Вирус даставвал Хитой, кейин эса бутун дунё иқтисодиётини фалаж ҳолга солиб қўйди. Талаб ва таклиф мувозанати бузилди. Бу эса ўз навбатида АҚШнинг ишлаб чиқаришини, Хитойнинг эса харид қувватини кескин чеклаб қўйди.

Устига устак, иқтисодий нуқтайи назардан 1-босқич шартларини бажариш қийинлашиб бораётган бир пайтда икки мамлакат ўртасида иқтисодий бўлмаган масалаларда ҳам муаммолар келиб чиқа бошлади. Муносабатлардаги кескинлик ошиб кетди. АҚШ маъмурияти Хитойни Covid-19 эпидемиясининг дунёга тарқалишида айблади. Хитой эса Вашингтоннинг ушбу айбловларига бутун дунё бўйлаб дипломатик ҳужумлар билан жавоб берди.

Шунингдек, Хитой маъмурияти томонидан қабул қилинган Ҳонгконгга қарши янги миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳонгконгликларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларига таҳдид солиши сабабли АҚШ томонидан кескин танқидларга учради. Ҳатто мазкур воқеа ортидан Хитойга қарши санкциялар жорий этиш масаласи кун тартибига қўйилди.

Турган гапки, мана шундай кескин шароитда биринчи босқични амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди. АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши эса том маънода стратегик курашга айланди. Табиийки, ушбу курашнинг улкан иқтисодий бадаллари бор, бу бадални эса нафақат икки мамлакат, балки бутун жаҳон иқтисодиёти тўлашига тўғри келади.

Миллиардлаб долларлар йўқотилмоқда
Халқаро валюта жамғармаси (IMF) томонидан 2019 йил октябрь ойида эълон қилинган ҳисоботда АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушлари жаҳон иқтисодиётига қарийб 700 миллиард доллар зарар етказиши маълум қилинди.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги тарифларнинг ошиши натижасида харажатлар ҳам ортиб кетди ва бу ҳол ҳар икки томонга ҳам жиддий тарзда салбий таъсир ўтказди, таъсир ўтказишда давом этмоқда.

АҚШ божхона тарифларининг кўтарилишига қарши чиқаётган фуқаролик жамияти ташаббуси билан эълон қилинган рақамларга кўра, 2018 йил февраль ойидан бери Хитойга қарши кўтарилган солиқлар туфайли Америка компанияларининг кассаларидан жами 57 миллиард доллар чиқиб кетган.

Айни дамда Хитойдан оралиқ маҳсулот олиб келадиган ва Хитойнинг етказиб бериш занжирлари орқали ишлайдиган АҚШ компаниялари қийин вазиятга тушиб қолди. Худди шу каби хитойлик ишлаб чиқарувчилар АҚШ бозоридан чиқариб юборилгач, бошқа муқобил савдо нуқталарини излашга мажбур бўлди. БМТнинг Савдо ва ривожланиш конференцияси (UNCTAD) маълумотларига кўра, Хитой компаниялари АҚШ бозорида 2019 йилнинг биринчи ярмида 35 миллиард доллар йўқотган.

Қайси давлатлар вазиятдан фойдаланиб қолмоқда?
Шубҳасиз, АҚШ ва Хитой ўртасидаги мана шундай савдо тўсиқлари кучайиши туфайли ўз йўналишини ўзгартирган ва қисқа муддат ичида улкан фойда кўрган, ўз экспорт ҳажмини ошириб олган давлатлар ҳам бор.

Масалан, UNCTAD маълумотларига кўра, ушбу жараёнда Мексика 3,5 миллиард, Вьетнам эса 2,6 миллиард доллар даромадга эга бўлган. Гарчи қисқа вақт давомида ушбу вазиятдан фойдаланиб қолаётган давлатлар мавжуд бўлса-да, икки гигант иқтисодиёт ўртасидаги можаролар глобал иқтисодиётни пировардида ҳеч бир давлат наф кўрмайдиган ҳалокат жари томон судрамоқда.

Қарама-қаршилик нимадан иборат?
Аслини олганда, ўртада улкан зиддият бор. Бугунги глобал иқтисодиёт мамлакатлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий боғлиқлик асосида шаклланади. АҚШ ва Хитой гарчи бир-бирига қарши курашаётган бўлса-да, мазкур икки давлат ўзаро чамбарчас боғлиқ. Масалан, 2019 йилда тарифлар ошиши натижасида АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдода аввалги йилга нисбатан пасайиш кузатилган бўлса-да, тахминан 580 миллиард долларлик товар савдоси амалга оширилган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу савдо олувчига ҳам, сотувчига ҳам фойда келтиргани учун табиий равишда амалга оширилмоқда. Зотан, АҚШнинг энг йирик электроника ишлаб чиқарувчиси Хитойдан эҳтиёт қисмларини сотиб олади. Ўз навбатида Хитойнинг энг йирик электроника ишлаб чиқарувчиси ҳам АҚШдан баъзи оралиқ маҳсулотларни харид қилади. Айни пайтда ҳар иккисининг ҳам муқобили кўп эмас. АҚШ учун Хитой, Хитой учун эса АҚШ улкан бозордир.

Қолаверса, Хитой аллақачон АҚШнинг давлат облигацияларига тахминан 1,1 трлн. доллар миқдорида инвестиция киритган. АҚШ ушбу манба ёрдамида ўз кемтикларини тўлдирмоқда, Хитой эса муқобили осонликча топилмайдиган улкан ва ишончли инвестиция воситасига эга бўлмоқда.

Юқорида келтирилган боғлиқликлар нафақат икки мамлакатга, балки бутун дунё ҳам тааллуқлидир. Бироқ қарама-қаршилик шундан иборатки, мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан бир-бирига боғлиқ бўлган дунёда савдо протекционизми кучайиб бормоқда. Давлатлар эса чет эл инвестицияларига ўз эшикларини ёпиб қўйишмоқда.

Турли чекловлар ўрнатилмоқда
Ушбу қарама-қаршиликнинг энг аниқ ифодаси АҚШ ва Хитой ўртасидаги курашнинг асосий жабҳасига айланган технология соҳасида яққол кўзга ташланмоқда. Технологик ривожланиш мамлакатлар орасида илмий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашишни талаб қилади. Сўнгги пайтларда содир бўлган воқеаларда эса бунинг аксини кўриш мумкин. Яъни технология алмашинуви «миллий хавфсизликка таҳдид» солиши мумкинлиги сабабли мамлакатлар бир-бирларига нисбатан турли чекловлар ўрнатишяпти.

Чунончи, АҚШ маъмурияти Хитой телекоммуникация компанияларига микрочип каби оралиқ маҳсулотлар америкалик ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилишини тақиқлаб қўйди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, агар учинчи мамлакатда ишлаб чиқарилган чипларда АҚШ материалларидан фойдаланилган бўлса, у ҳолда бу маҳсулотлар Хитой компанияларига сотилмайди.

Хўш, бу вазиятда ким йўқотади?
Хитой фирмалари микрочипни ё бошқа ердан олишга қодир эмас ёки қодир бўлган тақдирда ҳам улкан харажатларга дуч келмоқда. АҚШ ишлаб чиқарувчилари эса энг катта харидорини йўқотмоқда, даромад сезиларли даражада камаймоқда. Бу ҳолат ҳар икки томоннинг ҳам инвестицияларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Харажатлар сунъий равишда оширилиши натижасида илмий-тадқиқот ишларига ажратилган ресурслар камаймоқда, технологик ривожланиш секинлашмоқда. Бу эса нафақат АҚШ ва Хитойга, балки бутун дунёга таъсир қилмоқда.

Рақамли Берлин девори сари
Ушбу жараёнда технология геосиёсий нуқтайи назардан қутблашиш саҳнасига айланди. АҚШ 5G, сунъий интеллект ва нарсалар интернети каби соҳаларда иттифоқчиларининг Хитой билан ишлашига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

Хитой эса рақобатчиларидан анча илгари ва янада қулай имкониятларга эга бўлган юқори технологияларни таклиф қилиш орқали ўз шериклари сонини янада кўпайтиришни мақсад қилмоқда.

Эндиликда бир қанча давлатлар технология соҳасида АҚШ ёки Хитойдан бирини танлашларига тўғри келмоқда. Бу эса дунёни технологик ҳамкорлик ва ривожланишга эмас, технологик лагерлашув ва бир-биридан мустақил ҳолда яратилган фарқли стандартлар ҳоким бўлган пароканда экотизимга, Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева таъбири билан айтганда, «рақамли Берлин девори»га олиб боради.

Тизимли ислоҳотлар ва глобал ҳамкорлик муҳим
Совуқ уруш – турли мафкуралар ва дунёқарашларни ифодаловчи икки буюк давлат ўртасидаги бемаъни кураш эди. Охир-оқибат, АҚШ ва унинг тимсоли бўлган либерал демократия, бозор капитализми ғалаба қозонди. Совет иттифоқининг коммунистик тартиби ва буйруқбозликка асосланган иқтисодиёти эса мағлубиятга учради.

Сўнгги ўн йилликларда дунё янги даврга – глобаллашувга қадам қўйди. Аммо глобаллашув ғолиблардан кўра мағлублар сонини кўпайтириб юборди. Ўзи шундоқ ҳам мавжуд бўлган тенгсизлик янада ўсишига олиб келди.

Бугун тобора авж паллага кириб бораётган АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо кураши эса бутун дунёга ўз таъсирини ўтказиши шубҳасиз. Жараён йўналишини ижобий тарафга ўзгартириш эса биргина мамлакатга боғлиқ иш эмас. Бу ўринда тизимли ислоҳотларни амалга ошириш ва глобал ҳамкорликни янада кучайтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ-Хитой савдо уруши бадалини бутун дунё тўлайдими?