15:07 / 12.11.2020
2 585

Қайси хавфли: «Испанка»ми ёки коронавирус?

Қайси хавфли: «Испанка»ми ёки коронавирус?
«Испанка» (испан гриппи) ҳақида
1918/19 йиллардаги испанка инсоният тарихидаги биринчи пандемия эди (баъзи манбаларда 1920 йилда ҳам давом этган, дейилган). У Биринчи жаҳон уруши даврида пайдо бўлди.

Нима учун «испанка»? Сабаби, ўша пайтлар уруш қатнашчилари бўлган мамлакатлар цензура ўрнатишган. Ҳарбий лагерлардаги касалланишлар, эпидемия сир тутилган. Испания эса биринчи бўлиб пандемия ҳақида расмий равишда эълон қилади (1918 йил май-июнда).

Биринчи жаҳон урушининг чўзилиб кетгани, антисанитария ҳолати, ёмон овқатланиш, ҳарбий ва қочоқлар лагеридаги одамларнинг ҳаддан зиёд зич тўпланиши кабилар вирус тарқалишига сабаблар эди.

Испан гриппида 3 та тўлқин кузатилган:
1. Енгил тўлқин. 1918 йил баҳорида пайдо бўлган. Шундан сўнг вирус мутацияга учраб, жуда тез тарқалган.
2. Оғир тўлқини. Ўша йил кузида кузатилган.
3. Испан гриппининг биринчи тўлқини тарқалганидан бир йил ўтиб (1919 йил баҳорида) одамзодни учинчи тўлқини қийнаган.

Икки пандемиянинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари
Испан гриппи ва ковид, аввало, патоген ўхшаш. Иккаласи ҳам РНК-вируслар саналади – инсонга ҳайвонлардан ўтган, деб ҳисобланади. Униси ҳам, буниси ҳам ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Испан гриппидан тахминий ўлим даражаси 2 – 5 фоизни ташкил этса, коронавирусда бу кўрсаткич – 3% (деярли тенг).

Испан гриппининг нимадан келиб чиққани аниқ эмас. Фақат 3 та тахмин бор: биринчиси, вирус Шарқий фронтдаги француз касалхоналарида пайдо бўлган; иккинчиси, вабони Америка ва Европага хитойликлар олиб кирган (ё ишчи-муҳожирлар, ёки ҳарбий хизматдагилар); учинчиси, эпидемия АҚШ армиясидаги ёлланма аскарлар туфайли тарқаган, чунки Биринчи жаҳон уруши охирларида АҚШ ҳам урушга кирганди.

Сўнгги фараз шундайки, испан гриппининг тикланган вирус геноми ҳамда ўрдак гриппи (АҚШда тарқалган) вируси геноми ўртасида ўхшашлик аниқланган. Тахминларга кўра, испан гриппининг юқиш занжири мана бундай бўлган: ёввойи ўрдаклардан уй ҳайвони (чўчқа)га, ундан инсонга.

Коронавируснинг келиб чиқиш сабаби ҳам номаълум, фақат тахминлар бор. Уни Хитой (Ухан)даги лабораторияда эҳтиётсизлик туфайли тарқаб кетган, дейишади. Хитойликлар эса янги вирусни ақшлик аскарлар олиб келишди, деяпти. Айримлар кўршапалакларни сабабчи қилиб кўрсатяпти; яна турли ўйинлар, биологик қуроллар ва ҳоказо... Вариантлар кўп – аниқ жавоб йўқ. Иккала вирус ҳам ўта сирли.

Бундан 100 йил олдин ҳам испан гриппига қарши карантин чоралари кўрилган, оммавий тадбирлар бекор қилинган, турли чекловлар ўрнатилган. Қизиғи, Америкада испан гриппини дастлаб «Хитойликлар алдови» деб ҳисоблашган (ўхшашликни қаранг-а, коронавирус ҳам айнан Хитойдан бутун дунёга тарқалди). Демак, иккала пандемияга ҳам Хитой ё бевосита, ёки бавосита алоқадор.

Испан гриппидан ўлим кўрсаткичи асосан иммунитети заиф (камбағалу ночор)ларда кўп эди. Бу вабодан кўплаб ёшлар, ўрта ёшдагилар ҳам нобуд бўлган. Коронавирус эса шоҳу гадони ҳам, машҳуру машҳурмасларни ҳам аяб ўтирмаяпти. Аммо асосан ёши катталар, сурункали касалликлари борларни олиб кетяпти. Хўш, унда испан гриппига бойлар ё амалдорлар чалинмаганми? Жавоб: ҳатто Испания қироли Альфонсо ХIII ҳам испан гриппини юқтириб олган!

Факт ва рақамлар, «баҳс»...
Ер юзининг қарийб 30% аҳолиси (камида 550 миллион киши) испан гриппига чалинган. Ундан вафот этганлар сони 17 миллиондан 40 – 50 миллионгачани ташкил этган. Коронавирусда эса 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра ушбу кўрсаткич тегишлича бундай: 46 миллион 600 мингдан ортиқ – чалинганлар, 1 миллион 200 мингдан зиёд – вафот этганлар. Бу борада испан гриппи сезиларли даражада устун.

Испан гриппи билан зарарланганлар орасида ўлим кўрсаткичи 3 – 20 фоизни ташкил этган. Бу – ҳар 10 одамдан 1-2 киши вирус қурбони бўлган дегани. Covid-19 да эса ўртача ҳар 40 – 50 кишидан бири вафот этмоқда. испан гриппи тождор вирусни бу борада ҳам ортда қолдирмоқда.

Испан гриппи Европа, Африка, Осиё, Америка, Австралия қитъаларини қамраб олган, коронавирус эса – ҳамма қитъани, ҳатто Океания қитъасидаги оролларгача.

Испан гриппи белгилари бундай бўлган: юздаги кўк ранг (цианоз), қонли йўтал, қон кетиши, бўғилиш... Коронавирусда эса: иситма, қуруқ йўтал, нафас қисиши ва бошқалар.

Испан гриппи ҳам худди коронавирус сингари мутацияга учраган. Уруш тугаганидан сўнг уни даф бўлди деб ўйлашган, бироқ у тезда тарқайди. Бунга антисанитария ҳолатлари, одамларнинг бир ерда тўпланиши сабаб эди.

«Испанка» коронавирусдан кучлироқ экан. Аммо тождор вирус ХХI аср технологиялари бўла туриб шунча «муваффақият»га эришганини ҳам унутмайлик!

Мафтуна Каримова тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қайси хавфли: «Испанка»ми ёки коронавирус?