08:38 / 14.02.2021
2 646

Лавров ҳақида нималарни билишимиз керак?

Лавров ҳақида нималарни билишимиз керак?
Фото: «ТАСС»
El Mundo нашрининг ёзишича, Сергей Лавров собиқ Совет Иттифоқининг ўтда тобланган дипломатларидан бири бўлиб, бўш вақтларида «Beatles» гуруҳининг ва Фрэнк Синатранинг қўшиқларини эшитишдан роҳатланиши билан биргаликда, Ғарбга нисбатан ишончсизлик билан қарайди ва Россия манфаатлари четга сурилганда жаҳл отига миниб, мамлакатнинг манфаатларини яраланган шердай ҳимоя қилишга отланади ҳамда собиқ Совет Иттифоқининг қудратли бўлган даврларини қўмсайди.

Агарда Европа Иттифоқи кенгаши дипломати Жозеп Боррел Лавровни яхши ўрганганида эди, эҳтимол у бугун Москавага сафари муваффақиятсиз тугаганидан хафа бўлмаса ҳам бўларди. БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан Лавров ҳақида гап кетганда Россия ташқи ишлар вазирини «замонамизнинг ҳурматга сазовор дипломатларидан бири» сифатида таърифлаганда адашмаганди. Россия ташқи ишлар вазирлигига

2004 йилда келган Сергей Лавров ғарблик ҳамкасблари орасида эътирозларга ҳам сабаб бўлганди. Айрим ғарблик дипломатлар назарида «Лавров эшитишдан кўра, танқид қилишга ва бошқаларнинг у ёки бу масаладаги сиёсий режаларини бузишдан роҳатланишга» мойил сиёсатчи ҳисобланади.

Жозеп Боррелнинг Европа Иттифоқининг хавфсизлик ва ташқи ишлар бўйича вакили сифатидаги Россияга ташрифи икки тарафнинг матбуот конференцияси уюштирилган пайтда энг юқори чўққига чиқди. Боррел эҳтимол Лавровнинг совет «динозаври» ва ҳозирги дунё ташқи сиёсатининг «сохта хабарлар тарқатиш борасидаги устаси фарангларидан» эканлигини билмаганидан хафа бўлиши бордир. Сергей Лавров Боррел билан мулоқоти чоғида Навальнийни Испания хоҳламайдиган Каталониядаги айирмачилар қаторига қўшишга журъат топа олди. Боррел назарида эса, Россия мустақиллик учун ҳаракат қилаётган кучларни энг ёқламайдиган давлатдир.

Сергей Лавров доим ўз ҳаракатларида Совет дипломатияси мактаби таомилларига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилиб келади. Шу сабабдан, у ҳамиша ўз президентини ҳимоя қилган ҳолда, Ғарбнинг «деганлари ва айтганларига» ишончсизлик руҳи билан қараб келади. Россия манфаатларини ҳимоя қилишда халқаро масалаларда тузоқ қўйишни яхши уддалаб келмоқда.

Сергей Лавров ғарб матбуотига берган интервьюларидан бирида «Илгари ғарб ва совет империяси мавжуд эди ва улар учинчи давлатлар ҳудудида ўз ҳисоб-китобларини тўғрилашар эди. Улар ҳеч қачон ўз ҳисоб-китобларини ўз ҳудуди ва чегараларига яқинлаштирмасди ва ҳаттоки, жамоатчиликка аталган нутқ ҳам анчайин юмшоқ оҳангда олиб бориларди. Ўша пайтда икки қутб бир-бирларининг чегараларига яқинлашмасди. Бугун эса бу қоидалар барҳам топди», дея жавоб берганди.

Лавров бир пайтлар Нью-Йоркда чекишга қарши кураш авж олганда БМТ биносида чекиш тақиқланиши борасида ҳам ғазабга минганди. Украина ва Грузия Россия таъсиридан чиқишга уриниб «My way» қўшиғига рақсга тушаётганда эса Путин каби бу жараёнларга салбий муносабат билдирган дипломат сифатида тилга тушганди.

Эркинлик масаласи ҳақида гап кетганда Лавров ҳақиқий устаси фаранг. Уйдирма ва ҳақиқатни шундай қориштириб юборадики, натижада қаерда ҳақиқат тугаб, қаерда ёлғон бошланишини билиб болмай қолади, дейди Лавровни яхши таниган сиёсатчилар. Навальний борасида ҳам шундай бўлди. Россия назарида Навальний ўз халқига душман ва зўравон. Русларни адашишга мажбурлаётган бир куч. Каталониядаги вазият жунбушга келган бир таранг сиёсий вазиятда эса у сукут сақлаб, воқеаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган дипломат бўлди.

2014 йил Россия билан биргаликда Сергей Лавров учун машаққатли йил бўлди. Россия Қримни аннексия қилди. Россия халқаро муносабатларда иҳоталанди ва Сергей Лавров ўзини ҳақиқий рус йўлбарсидек кўрсатишига тоғри келди. У, ҳаттоки, шундай бир таранг вазиятда чекишни кунига тўрт дона сигаретгача камайтирган дипломат сифатида БМТ коридорларида ўзига хос ғийбатларнинг марказига айланди.

Сегей Лавров Россия ташқи ишлар вазири бўлгунга қадар БМТда 1994 йилда то 2004 йилга қадар доимий вакил бўлиб ишлади. Косово ва Ироқдаги сиёсий воқеаларда АҚШнинг ҳаракатларини танқид қилди. Таъкидлаш жоизки, Сегей Лавров ўз ҳамкасблари орасида кучли хотира эгаси ва бўлаётган сиёсий воқеаларга тезкор жавоб қиладиган дипломат сифатида ҳам тилга тушган.

Сегей Лавров сингал, инглиз, француз тилларида эркин мулоқот қила олади. 1950 йилда Москва шаҳрида туғилган бу дипломат Москва давлат халқаро муносабатлар институтини 1972 йилда тамомлаган. Ўз иш фаолиятини дастлаб Шри Ланкада Совет Иттифоқининг элчихонаси ходими сифатида бошлаган.

1981—1988 йилларда Совет Иттифоқининг БМТ ваколатхонасида катта маслаҳатчи ходим сифатида давом эттиради. Совет Иттифоқи парчалангач эса у Россия ташқи ишлар вазирлигининг турли лавозимларида ташқи ишлар вазири лавозимига тайинлангунга қадар фаолият юритиб келди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лавров ҳақида нималарни билишимиз керак?