16:35 / 14.02.2021
2 369

Ҳомиладорликни аниқловчи қоғоз тест. Экология учун яна нималар ўйлаб топишди?

Ҳомиладорликни аниқловчи қоғоз тест. Экология учун яна нималар ўйлаб топишди?
Фото: IDZ/Yue Zhao
Дизайнерлар 2020 йилда ҳам оммани ҳайратда қолдиришда давом этишди. Ҳомиладорликни аниқловчи қоғоз тест, келажакка саёҳат ва иккиламчи хомашёдан идишлар. Яна нималар бор эди?

Германияда кетма-кет 10 йилдан буён Bundespreis Ecodesign’нинг энг яхши экодизайн мукофоти топшириб келинади. Мукофотни экология соҳасида ташаббус кўрсатган тажрибали компаниялар билан бир қаторда эндигина ўз лойиҳаларини амалга оширишни бошлаётган талабалар ҳам олишлари мумкин. Танловга 2021 йилнинг 21 апрелига қадар ариза топшириш мумкин. 2020 йилда қандай ишлар ғолиб бўлди?

Унутилган навлардан савзавот етиштириш
Боғингиздаги экинларни турфалаштириш ва бир вақтнинг ўзида экологияга кўмак бериш ҳам мумкинми? Трир олий мактаби талабаси Яна Ҳоффманн сабзавотларнинг йўқолиб бораётган навларига эътибор қаратиш учун лойиҳа ишлаб чиқди. У боғдорчилик дўконлари расталарида кўзга ташланиб турувчи ёрқин рангдаги буклетлар ва уруғлар қадоғини яратди. Хитой артишоклари ҳақида эшитганмисиз? Олабута деган ўсимликни бир чеккада ўсадиган арзимас ўт-ўлан деб ўйлайсизми?

Унутилган сабзавотларнинг уруғлари
Ҳоффман биз супермаркетлардан сотиб оладиган ва ейдиган нарсаларимизга ўзгача маъно беришни таклиф қиляпти. «Унутилаёзган» сабзавот навлари амалда анча содда ва серҳосилроқ. Талаба қизда бу фикр Шпицберген оролида бутун дунёдан йиғилган уруғлар омбори борлигини билгач пайдо бўлган. Ҳоффманн 2025 йилга бориб «эски» ва биз ҳозирда кенг тарқалган сабзавот навлари орасида танлаш имкони бўлишига умид қилмоқда.

Ҳомиладорликни аниқловчи қоғоз тест
Европа Иттифоқида ҳар йили 5 миллиондан ортиқ ҳомиладорликни аниқловчи тестлар сотилади ва уларнинг бари пластикдан қилинади. Кил шаҳрилик Юэ Чжао қайта ишланган қоғоздан тест прототипини ишлаб чиқди. Унинг олдида оддий бўлмаган вазифа турарди – пластик ўрнини боса олувчи мустаҳкам ва экологик тоза материал топиш керак эди. Бироқ бунгача ҳам бир неча масалани ҳал қилиш керак эди: масалан, намга чидамли қадоқ ўйлаб топиб, маҳсулотнинг чидамлилигини текшириш учун бир неча синов ўтказиш керак эди.

Экологик маркерлар ва нуқсонли ликобчалар
Биз кундалик фойдаланадиган аксар буюмлар пластикдан. Масалан, офисдаги канцелярия товарлари. Германиянинг Edding компанияси 2008 йилдан бери ўз маҳсулотларини экологик тоза ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Шундай товарлардан бири – 90 фоиз табиий хомашё ва қайта ишланган материаллардан ташкил топган EcoLine маркери. Бу маркерларни компанияга жўнатиб, яна тўлдириб олиш ёки уларга қўшимча сиёҳ сотиб олиш мумкин.

Веймарнинг нуқсонли ликоблари
«Концепт» йўналишида ғолиб деб топилган иш – буюмларни ишлатишда ўзгача ёндашилган мисол. Веймарлик талаба Сюзан Падух мавжуд нуқсонлари туфайли сотувга чиқарилмаган чинни буюмлардан фойдаланишга қарор қилди. Ҳар бир ликобда нуқсон ҳақида ёзув бор. Бундай идишлардан маҳаллий "LÜCKE" ресторанида фойдаланишни бошлашди ҳам.

Музликларнинг эриши
Цюрих санъат университети ва Фрибур университети талабалари глобал исиш ва музликларнинг эриши муаммосига эътиборни қаратишмоқда. Улар Швейцариядан мисол келтиришмоқда – Алеч музлиги Альп тоғларидаги энг катта музлик. 3D кўзойнакларни тақиб, 200 йил ортга виртуал саёҳат қилиш, кейин ҳозирга қайтиш, сўнгра келажакка назар солиш мумкин. Келажак эса – илиқ ва Алеч музлигисиз кўринади. Бу ғоя Фрибур университети талабаларидан бири бакалавр ишини ёзаётганда пайдо бўлди. Ноэми Чу музлик ландшафтининг аниқ ва тахмин қилинаётган ўзгаришларининг 3D моделидан фойдаланган. Виртуал экскурсия Швейцариянинг бир неча музейларида ўтказилди, бошқа давлатларда локдаун тугагач ўтказиш мумкин бўлади.

Тежамкор ёритиш
Deutsche Lichtmiete компаниясининг диод чироқли ёритиш ускунасининг ижараси энг яхши экологик хизмат деб топилди. Улар камхарж чироқларни ўзлари ишлаб чиқади, тайёрлайди ва ижарага беради. Фирма ўз ускуналари билан лойиҳалаштиришга кўмак беришдан ташқари уларни таъмирлаш ва қайта ишлашда ҳам ёрдам беради.

Bundespreis Ecodesign совринини ким қўлга киритиши мумкин? Танловга ишлаб чиқариш, сотиш ва утилизациянинг барча босқичлари экологик деб ҳисоблаш мумкин бўлган ишланмалар қабул қилинади. Ҳакамлар ҳайъати, шунингдек, тақдим қилинган ғоя истеъмолчининг кўникмаларини қай тарзда ўзгартира олиши мумкинлиги ва атроф-муҳитга қандай фойда келтира олиш эҳтимоли борлигини ҳам ҳисобга олади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳомиладорликни аниқловчи қоғоз тест. Экология учун яна нималар ўйлаб топишди?