11:23 / 07.05.2021
3 893

Каъбапўш ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар


Каъба — дунёдаги барча мусулмонлар намоз пайтида юзланадиган муборак даргоҳ. Ҳар йили ҳаж ва умра ибодатларини бажариш учун унга миллионлаб зиёратчилар келади. Ушбу куб шаклидаги иншоот ер юзидаги энг эътиборли Уйдир. Бугун Каъба Кисва – Қуръон оятлари кумуш ва олтиндан нақшланган қора мато билан қопланган. Аммо Аллоҳнинг уйи ҳар доим ҳам шундай кўринишга эга бўлганми?

Баъзи манбаларда Каъбани ёпинчиқ билан безашни биринчи бўлиб Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссалом бўлганлиги ҳақида хабар берилган. Бошқа манбаларда бу Яман шоҳи Асад Абу Қариб бўлганлиги айтилади.

Каъбани Кисва билан Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёпганлар. Ўшандан бери ҳозиргача Каъбанинг ёпиқ қолмаган даври бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида Кисва Ямандан келтирилган оқ ва қизил йўллари бўлган матодан бўлган. Кисва ўша даврда ва хулафои рошидинлар даврида йилига бир марта янгиланиб турган. Муовия халифалигида Кисвани йилига икки марта ўзгартиришни буюрган. Маъмун эса Каъба ёпинчиғини йилига уч марта ўзгартиришга фармон берган: Ражаб ойи бошланганда Каъбага ёпилган оқ габати матоси Рамазон ойининг 29-кунида парда қизил матога алмаштирилар, Арафа кунидан олдин эса яна бошқа қизил мато билан ёпилар эди.

Фотимийлар даврида Кисва оқ рангда бўлган бўлса, Султон Маҳмуд Сабук Текин даврида сариқ рангда бўлган. Бугунги кунгача сақланиб қолган Каъба ёпинчиғининг қора рангини Аббосийлар халифаси Носир киритган. Тўғри, дастлаб унинг кўрсатмаларига биноан, Кисва яшил рангда ҳам бўлган эди. Каъбанинг эски ёпинчиғини олиб ташлаш анъанаси ҳам халифа Носир билан боғлиқ. Бунгача ҳар бир янги Кисва эскиси устига ёпилган ва матоларнинг қалин қатлами Каъба деворларига хавф туғдирган.

Бир неча асрлар давомида Кисва Мисрда маҳаллий, Ҳиндистон, Судан ва Ироқдан олиб келинган матолардан тайёрланган. Аммо ХХ асрда Саудия Арабистонининг биринчи қироли Абдулазиз ибн Сауднинг фармони билан Каъба ёпинчиғини ишлаб чиқариш учун Маккада махсус тўқув фабрикаси ташкил этилган ва 1927 йилдан ҳозирги кунгача Кисва шу мамлакатда ишлаб чиқарилмоқда.

Заводда 240 эркак тўқувчи ишлайди ва йилига иккита Кисва тайёрланади, уларнинг бири эҳтиётан, захира учун ишлаб чиқарилади.
Ҳозир Кисванинг умумий ҳажми 658 квадрат метр бўлиб, ҳар бири 14 метр узунликдаги ва 101 см кенгликдаги 47 қисмдан иборат бўлиб, олтин ва кумуш иплар билан нақшланган Қуръон оятлари билан безатилган. Кисвада, шунингдек, Аллоҳнинг 99 исмидан иборат қора иплар билан тикилган шаҳодат ва тасбиҳ калималаридан иборат кашталар мавжуд. Битта Кисванинг ишлаб чиқарилишида 670 кг ипак ва 150 кг олтин ва кумуш ип сарф қилинади.

Анъанага кўра, ҳаж бошланишидан бир ой олдин янги Кисва бани Шайба оиласига топширилади. Каъба иккинчи марта ювилгандан сўнг, эски ёпинчиқ олиб ташланиб, янгиси қопланади. Кисва Каъбага ўралади ва унинг асосига мис ҳалқалар билан бириктирилади.

Эски Кисва қисмларга бўлиниб, тарқатилади. Шуни таъкидлаш керакки, эски пардани майдалаб, зиёратчиларга тарқатиш анъанаси халифа Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида бошланган.

Ойша розияллоҳу анҳо онамиз Каъбани янги ёпинчиқ билан ўраш якунига етганидан сўнг, эски ёпинчиқни сотишга буюрган. Ойша розияллоҳу анҳо бошқа саҳобаларнинг ҳам розилигини ҳисобга олиб, Ойша розияллоҳу эски Кисвани сотиш ва ундан тушган маблағларни Масжид ул-Ҳарамнинг эҳтиёжлари учун ишлатишга буйруқ берган. Унинг бу қарорини барча саҳобалар қўллаб-қувватлаганлар. Ойша розияллоҳу анҳуга қадар ҳеч ким кисвани сотиш таклифи билан чиқмаган.

Шу воқеадан сўнг эски кисва сотилиши йўлга қўйилган ва уни сотишдан олинган маблағлар Масжидул–Ҳарамнинг эҳтиёжлари учун сарфланадиган бўлган. Бироқ халифа Умар ибн Абдулазиз даврида мусулмонлар ўзига тўқ бўлишган, давлат ғазнаси ҳам нисбатан бойиган. Давлат Масжидул-Ҳарамнинг барча харажатларини ўз зиммасига олган. Шундан кейин эски кисва одамларга муқаддас ҳадя сифатида бепул тарқатиладиган бўлган.

Ёқуб Умар тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Каъбапўш ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар