22:16 / 25.09.2021
1 200

Давлат хизматидаги қариндош-уруғчилик: муносабатми ёки муаммо?

Давлат хизматидаги қариндош-уруғчилик: муносабатми ёки муаммо?
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали онлайн эфирга узатиш тартиби тест режимида йўлга қўйилди. Бу усул жараённниг шаффофлигини таъминлаб беради.

Шунингдек, давлат хизмати соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, мазкур муаммоларнинг долзарблиги уларнинг кўлами билан белгиланмоқда Хусусан давлат хизматларига қабул қилишда қариндош-уруғчилик ва бошқа суистеъмолчиликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда яқин қариндош бўлган давлат хизматчиларининг битта муассаса ёки давлат ташкилотида фаолият юритиши тартибини қайта кўриб чиқиш зарур. Шу билан бирга давлат бошқарувидаги ходимларнинг фаолият юритишини, хизмат вазифаларини бажаришни тартибга солишга қаратилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириб қабул қилиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, хорижий мамлакатларнинг давлат хизматига қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчилик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш бўйича тажрибаси ўрганилди.

Хусусан, Қозоғистон Республикасининг 2015 йил 23 ноябрдаги 416-сонли “Қозоғистон Республикасининг давлат хизмати тўғрисида”ги Қонунига кўра давлат хизматчисининг яқин қариндошлари (ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари, турмуш ўртоғи, болалари) у эгаллаган лавозимига бевосита бўйсунадиган давлат лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Шунингдек, ушбу қонуннинг 50-моддасида давлат хизматчиси яқин қариндошларининг моддий манфаатларини қондириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда расмий ваколатларидан фойдаланиш тақиқланади.

Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2016 йил 28 июндаги 594-сонли қарори (қарорнинг 4-банди) билан Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2013 йил 5 июлдаги 568-сонли “Фуқароларнинг айрим тоифаларига федерал қонун билан белгиланган чекловлар, тақиқлар ва мажбуриятларни кенгайтириш тўғрисида” ва ”Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгартиришларга кўра қуйи ташкилот ходимлари давлат хизмати фаолиятида шахсий манфаат ва манфаатлар тўқнашувларига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганда дарҳол Россия Федерациясининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига хабар қилиш мажбурияти юклатилди.

Бундан ташқари, давлат ташкилотлар ходимлари ўзининг яқин қариндошлари билан меҳнат фаолиятини амалга оширишда бирининг бошқасига тўғридан-тўғри бўйсуниши ёки бошқарилиши тақиқланди. Ушбу тақиқ шуни англатадики, ота-оналар, эр-хотинлар, болалар, ака-укалар, опа-сингиллар, давлат ташкилоти раҳбарининг фарзандлари бевосита бўйсунишидан қатъи назар давлат ташкилотида ишлай олмайдилар.

Давлат ташкилотларнинг раҳбарлари улар бошчилик қилаётган ташкилотларда юқорида кўрсатилган тақиқнинг бажарилишини таъминлаши шарт. Агар давлат ташкилот раҳбари ушбу тақиқни бажармаса у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Россия Федерациясининг 2004 йил 27 июлдаги 79-сонли “Россия Федерация давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси 5-банди билан фуқаро давлат хизматига ўз яқин қариндошлари билан бир-бирига бевосита бўйсунадиган ёки назорат остида бўладиган ишларга қабул қилиниши ва ишлаши тақиқланган.

Украина Республикасининг 2015 йил 10 декабрдаги 889-сонли “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонунига кўра давлат хизматига тўғридан-тўғри яқин қариндошига бўйсунадиган шахсни давлат хизматига тайинлашга йўл қўйилмайди. Агар ушбу қонун талаблари бузилишига олиб келадиган ҳолатлар юзага келса, уларга яқин бўлган шахслар ҳақида юқори турувчи давлат хизмати раҳбарига 15 кун ичида хабар беришлари ва бундай ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўришлари шарт. Агар бундай ҳолатлар белгиланган муддатда ихтиёрий равишда бартараф этилмаса, давлат хизмати раҳбари бир ой муддатда бартараф этиш чораларини кўриши шарт. Ушбу талаблар давлат хизмати раҳбари томонидан бажарилмаса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Қариндошлик алоқалари аниқланганда давлат хизмати раҳбарига хабар бермаган шахслар қонун билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Америка Қўшма Штатларида 1978 йилдаги “Давлат хизматини ислоҳ қилиш тўғрисида”ги Қонун билан федерал давлат хизматида мансабдор шахсларга қариндоши бўлган ҳар қандай шахсни ишга қабул қилиш, ишга ёллаш, лавозимга тайинлаш, ишга жойлаштириш, лавозимга кўтариш тақиқланган. Ушбу қонун давлат хизматчиларининг ўз қариндошларини ишга қабул қилиш ёки мартабасини кўтаришда ўзининг ваколатлари ва таъсиридан фойдалана олмаслигини кафолатлайди.

Мансабдор шахсларнинг қариндошларини ишга жойлаштириш бўйича махсус чекловларларга амал қилмаслик “Nepotism” ҳисобланади. “Nepotism” лотинча “жиян” сўзидан келиб чиққан ва қон ёки оилавий муносабатлар туфайли бошқаларни лавозимларга тайинлашда давлат хизматчилари томонидан ҳомийлик қилиш сифатида ҳам тушунилади.Ушбу қонун “Nepotism”га қарши қонун ҳисобланиб, давлат хизматига ходимларни адолатли ва очиқ рақобат йўли билан танлаб олиш ва уларнинг шахсий ютуқларига қараб рағбатлантириш қоидаларига асосланади.

АҚШнинг ҳар бир штатида давлат хизматига қариндош-уруғларни ёллашни давлат амалдорларига очиқчасига тақиқлаб, қариндош-уруғчиликни чеклайди.

Аризона штатида мансабдор шахсларнинг учинчи даражали (холаси, амакиси, жияни, набираси) қариндошларини давлат хизматига тайинлаш ёки танлаш учун овоз бериш қонунга зиддир.

Колумбия округида давлат мансабдор шахслари қариндошларини давлат мансабдор шахси хизмат қилаётган ёки ўз юрисдикциясини амалга оширадиган идорадаги лавозимга тайинлаши, ишга жойлаштириши, рағбатлантириши, илгари суриши ёки ҳимоя қилиши мумкин эмас.

Идаҳо штатида хеч бир мансабдор шахс иккинчи даражали қариндошларини давлат хизматига тайинламайди ёки тайинлашга овоз бермайди. Бундай ҳолатлар юз берганда қонунбузарлик сифатида жазоланади. Жазо сифатида минг доллардан ошмаган жарима ёки бир йилгача бўлган қамоқ жазоси билан жазоланади.

Индиана штатида давлат хизматчиси томонидан яқин қариндошларини ишга жойлаштириш ёки тайинлашда иштирок этганлиги бўйича қуйидаги жавобгарликлар белгиланган:
- меҳнат шартномасини бекор қилиш;
- ушбу шахсларга агентлик ёки давлат ходими билан комиссия томонидан белгиланган муддатга шартнома тузишни тақиқлаш;
- танбеҳ бериш;
- давлат хизматчисига импичмент эълон қилиш;
- давлат томонидан берилган лицензия ёки рухсатномани бекор қилиш;
- ушбу шахсларга келажакда лоббизм фаолиятини тақиқлаш;
- жарима тайинлаш.

Юқоридаги хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш таклиф этилади.

Шохрух Маматқулов,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Давлат хизматидаги қариндош-уруғчилик: муносабатми ёки муаммо?
[/banner_pushhouse