10:36 / 24.12.2021
1 428

Британия суди: Дубай ҳукмдори қочиб кетган хотинига 554 млн фунт тўлаши керак

Британия суди: Дубай ҳукмдори қочиб кетган хотинига 554 млн фунт тўлаши керак
Фото: Reuters
Лондон суди Дубай амири, БАА вице-президенти ва бош вазири Муҳаммад ал-Мактумга собиқ рафиқаси Хайя бинт ал-Ҳусайн учун 554 миллион фунт стерлинг (734 миллион доллар) тўлаш мажбуриятини юклади, деб хабар беради Meduza.

Бу Британия суди томонидан ҳозирга қадар ажрашув иши бўйича тўлаш белгиланган энг йирик маблағ бўлиши мумкин. Бунга қадар рекорд 450 миллион фунт этди — 2017 йилда россиялик миллиардер Фархад Аҳмедовнинг собиқ рафиқаси Татяна Аҳмедовага тўланиши белгиланган.

Малика Хайя рекорд даражадаги ярим миллиард фунтни қўлга киритди. Бироқ у бир ярим баробар кўп сўраганди.

Хайя бинт ал-Ҳусайн — Иордания қироли Абдулла II нинг ягона синглиси. 2004 йилда у Муҳаммад ал-Мактумнинг олтинчи рафиқасига айланган. Уларнинг Жалила исмли қизи ва Зайд исмли ўғли бор. Ҳозирда қизнинг ёши 13 да, бола эса 9 ёшда. Уларнинг онаси 47 ёшда, отаси — 72 да.

2019 йилда малика Хайя қизи ва ўғли билан бирга Буюк Британияга қочиб кетганди. Шайх Муҳаммад фарзандлари устидан васийликни қўлга киритиш ва уларни Дубайга қайтариш бўйича судга ариза берган. Малика Хайя болалари ўзи билан қолишини, шайх эса уларнинг яшаши учун кетадиган харажатларни тўлашини истаган.

Маликанинг юристлар жамоасини баронесса Фиона Шеклтон — Буюк Британияда оилавий ҳуқуқ бўйича энг машҳур адвокатлардан бири бошқарган. У олдинлари шаҳзода Чарльз (малика Диана билан ажрашуви вақтида), мусиқачи Пол Маккартни ва миллиардер Владимир Потаннинг манфаатларини ҳимоя қилган.

Малика ўзининг яшаши учун шайхдан пул сўрамаган, бироқ ўзининг умрбод қўриқланиши ва Дубайда қолдириб кетган қимматбаҳо кийим-кечаклари ва тақинчоқларини компенсация қилишни талаб қилган. Шунингдек, у фарзандларининг харажатлари учун кетадиган маблағларни ҳам қўшиб, жами 1,4 миллиард фунт сўраган.

Суд жараёнлари вақтида малика ўз қўриқчиси билан ишқий муносабатда бўлгани аниқланган. Буни яшириш учун у қўриқчига миллионлаб доллар берган

Ажрим жараёнида Дубай амири оиласининг шахсий ҳаёти ва харажатларига оид батафсил маълумотлар ошкор бўлган. Хусусан, судья Филипп Мур ўз қарори билан малика Хайя қочиб кетишидан олдин британиялик қўриқчи Рассел Флауэрс билан яқин муносабатда бўлгани тўғрисидаги миш-мишларни тасдиқлаган.

Шунингдек, судья ушбу ишқий муносабатлари сабаб малика ўз қўриқчилари томонидан (улар орасида Флауэрснинг ўзи ҳам бор-йўқлигига аниқлик киритилмаган) шантаж қилиб келинган ва уларга 7 миллион фунтга яқин пул тўлашга мажбур бўлган. Пулларни у қисман фарзандларидан бирининг жамғармаси ҳисобидан, қолганини қимматбаҳо тақинчоқларини сотиш орқали қўлга киритган.

Бироқ шайх аёлнинг бу кирдикорларидан хабар топган ва у билан ажрашган. Хайянинг фикрича, у аёлнинг хиёнатига шаъма қилувчи бир неча шеърларни ёзган. Малика ўз каравотидан бир неча бор қурол топиб олган, унга қамоқ билан таҳдид қилишган. Жонидан хавотирга тушган Хайя фарзандлари билан Буюк Британияга учиб кетган.

Шу билан бирга, олдинроқ Муҳаммаднинг Хайяга нисбатан бу қадар душманлигига нафақат қўриқчи билан муносабатлари, балки малика шайхнинг бошқа хотинидан бўлган фарзандлари — Шамси ва Латифанинг тақдирига қизиққани ҳам сабаб бўлгани тахмин қилинганди. Иккаласи ҳам отасидан қочиб кетишга уринган, бироқ улар куч билан Дубайга қайтарилган (қизларнинг иккиси ҳам шундан сўнг руҳий даволанишга ётган).

Малика Буюк Британияда ҳам ўзининг хавфсизлиги учун хавотирланишда давом этган. Судья Мур шайх собиқ рафиқасини қўрқитиш ва уни кузатиш бўйича бутун бошли кампанияни ташкиллаштирган деган хулосага келган. Хусусан, унинг одамлари Хайянинг уйи яқинидаги уйни харид қилишга уринган, шунингдек, фақатгина ҳукумат фойдалана оладиган Pegasus дастури орқали малика ва унинг ёрдамчиларининг телефонини бузган.

Шайх Муҳаммад аёли ва фарзандларининг ўзидан ҳимояси учун умрининг охиригача пул тўлаши керак бўлади. Ёки ярашиб олгунларига қадар

Судья Мур шайх Муҳаммадни малика Хайя ва унинг фарзандлари учун асосий таҳдид деб топган ва уни — Дубай амирини таҳдид ҳақиқатда амалга ошмаслиги учун пул тўлашга мажбур қилган.

Шайх маликанинг умрбод қўриқланиши учун уч ой ичида 251 миллион фунт тўлаши лозим. Шунингдек, у болаларининг яшаши, уларнинг ўқиши ва қўриқчиларига 290 миллион фунт тўлаши керак. Ушбу маблағ йиллик авиапарвозларга кетувчи 1,8 миллион фунтни, тарбия учун — 300 минг фунт ва уй ҳайвонлари, жумладан иккита пони учун 275 минг фунтни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, маликага Дубайда қолдириб кетилган ҳашаматлари учун компенсация тўланади: 13,6 миллион фунт қимматбаҳо тақинчоқларига ва 1 миллион фунт кийим-кечакларига. Сўнгги маблағни судья «нисбатан камтарона» деб атаган. Чунки малика кийим-кечаклар учун 63 миллион фунт сўраган.

Судьянинг таъкидлашича, ҳисоб-китоблар вақтида Дубай амири оиласининг яшаш тарзи инобатга олинган. Жумладан, ажримга қадар Хайя ҳар йили шахсий харажатлари учун 9 миллион фунт ва кошонасини сақлаб туришга 83 миллион фунт олиб турган. Буюк Британияда қарийб икки йилга яқин яшаган вақтида 35 миллион фунтдан ортиқ маблағ сарфлаган. Унинг молиявий аҳволи ёмонлашган ва у картиналарини сотишга мажбур бўлиши мумкин.

Якунда суд қарорига кўра, қанча маблағ тўланиши ҳозирча номаълум. Бу шайх Муҳаммаднинг фарзандлари катта бўлгач қандай ҳаёт тарзида яшашига ва улар отаси билан ярашиб олиш-олмаслигига боғлиқ.

Пул тўланиши тўғрисидаги қарорни чиқартиришга эришиш ва уни ҳақиқатда қўлга киритиш — турли нарсалар. Буюк Британиядаги бундан олдинги ажрим буни исботлаган

Шайх Муаҳммад ажрим жараёнида шахсан иштирок этмаган, у якунланиши билан қисқа изоҳ билан чекланиб, фарзандларининг фаровон яшаши ҳақида доим қайғурганини билдирган.

Британиядаги Winckworth Sherwood юридик фирмаси шериги Сара Игремнинг The Daily Mail таблоидига маълум қилишича, малика Хайя ва шайх Муҳаммад бўйича қабул қилинган қарор нима учун Лондон дунёнинг бадавлат жуфтликлар учун ажрим борасида жозибадорлигича қолаётганини кўрсатади. «Аммо бу малика Хайя учун биринчи жараён. Энди у ақл бовар қилмас вазифани — ушбу йирик маблағни ҳақиқатда қўлга киритиши керак», — дейди Ингрем. Унинг сўзларига кўра, Британия судларида бундай ишлар бўйича қарорларни ижро этиш воситалари йўқ ва бу уларнинг заиф томони.

Ингрем ўз сўзларига исбот тариқасида Татяна ва Фархад Аҳмедовларнинг ажрашиш тарихини келтирган. Миллиардернинг собиқ рафиқаси Лондон суди белгилаган 453 миллион фунт стерлингни қўлга кирита олмаган. Суд қароридан тўрт йил ўтгача, Татяна собиқ турмуш ўртўғи билан тинчлик келишувини имзолаган ва 150 миллион фунт қўлга киритган. Ушбу маблағнинг қарийб яримини у адвокатлар хизмати учун тўлашга мажбур бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британия суди: Дубай ҳукмдори қочиб кетган хотинига 554 млн фунт тўлаши керак