16:02 / 05.01.2022
7 219

Қозоғистон бўйича сўнгги маълумотлар: Нархлар пасайтирилди, ҳукумат истеъфога чиқди

Қозоғистон бўйича сўнгги маълумотлар: Нархлар пасайтирилди, ҳукумат истеъфога чиқди
Павел Михеев / Reuters / Scanpix / LETA
Қозоғистонни қамраб олган оммавий намойишлар фонида ҳукумат истеъфога чиқди. Чоршанба тонгида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев истеъфо ҳақидаги фармонини имзолади ва энергетика вазирлиги ҳамда миллий нефтгаз компанияларини «халқда норозилик кайфияти уйғонишига йўл қўйиш»да айблади. Аммо мамлакатда намойишлар тўхтамаяпти.

«Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддасига мувофиқ қарор қиламан: Қозоғистон Республикаси ҳукумати истеъфоси қабул қилинсин», дейилади фармонда.

Бош вазир вазифаларини бажариш вақтинча истеъфога чиққан ҳукуматда бош вазир биринчи ўринбосари бўлган Алихан Смаиловга юклатилган.

Қозоғистонда янги давлат котиби ҳам тайинланган. Бу лавозимда президентнинг собиқ ёрдамчиси Ерлан Карин иш бошлади, у Кримбек Кушербаевни алмаштирди. Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Мурат Нуртлеу эса Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

Чоршанба тонгидаги йиғилишдан кейин президент Тўқаев мамлакатда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар, жумладан бензин ва дизель нархларини давлат томонидан томонидан тартибга солиш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, бош прокуратура ҳамда антимонопол қўмитага эҳтимолий нарх келишуви бўйича ҳолатни текшириш топшириқ қилинди.

Бундан ташқари, у 180 кун муддатга аҳоли учун коммунал хизматлар тарифларини оширишга мораторий жорий этишга буйруқ берган.

Президентнинг реакцияси
Сешанба куни Қозоғистон президенти мамлакатнинг йирик шаҳри Олмаота ҳамда Манғистау областида фавқулодда ҳолат эълон қилганди, бу ҳудудларда ёнилғи нархи ошишига қарши норозилик акциялари давом этмоқда.

Фавқулодда ҳолат режими 19 январга қадар амал қилади. Президент фармони кечки соат 23:00дан эрталабки соат 7:00га қадар комендантлик соатини жорий этишни, шунингдек, оммавий тадбирларни тақиқлаш ва одамлар ҳамда транспорт ҳаракатини чеклашни ҳам назарда тутади.

Аввалроқ Тўқаев видеомурожаат қилиб, намойишчиларни ақл билан иш кўришга, ички ва ташқи иғволарга берилмасликка, қонунга қарши ҳаракатлар содир этмасликка чақирганди.

Президент матбуот котиби Берик Вали томонидан фейсбукка жойланган мурожаатда Тўқаев «ҳукумат намойишлардан қуламаслиги, Қозоғистонга можаро эмас, ўзаро ишонч ва мулоқот кераклиги»ни таъкидлади.

«Азиз ватандошлар, яна бир бор сиздан ақл билан иш кўришни, ички ва ташқи иғволарга берилмасликни, митингчилар ва ўзбошимчаликлар эйфориясига учмасликни сўраб, мурожаат қиляпман.

Давлат муассасалари ва ҳарбий объектларга ҳужум қилишга чақириқлар мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бу жазога тортишга олиб келиши мумкин бўлган жиноятдир
», деган у.

Тўқаев твиттердаги саҳифаси орқали чоршанба куни ҳукумат йиғилиши ўтказилишини, унда намойишчиларнинг талаблари муҳокама этилишини ваъда қилганди.

Намойишлар қандай бошланди?

Руслан Пряников / AFP / Scanpix / LETA
1 январь кунидан ҳукумат суюлтирилган газ нархини икки бараварга - 60 тенгедан 120 тенгега (тахминан 1500 сўмдан 3000 сўмга) кўтарганди.

2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау области Жанаўзен шаҳрида автомобиль эгалари бундан норози бўлиб, оммавий митингга чиқишди.

3 январь куни ҳукумат намойишчилар талабларини бажара олмаслигини билдирди - нархларни аввалги ҳолатга қайтариш мумкин эмаслиги, чунки бу «бозор қонунлари»га тўғри келмаслигини айтишди.

Кўп ўтмай Ақтау области марказида намойишлар бошланди, кейинги кунларда намойишлар тўлқини Қозоғистоннинг бошқа барча йирик шаҳарларига, жумладан пойтахт Нур-Султон ва аввалги пойтахт Олмаотага ҳам ёйилди. Кўп ҳолатларда тинч намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.

4 январь куни ҳукумат комиссияси митингчиларга газ нархини 50 тенгега туширишни ваъда қилишди ва улар жавобгарлика тортилмаслигига кафолат беришди. Мамлакат президенти ҳам твиттери орқали нархлар туширилишини тасдиқлади. Шунга қарамай, намойишчилар тарқалишдан бош тортишди.

Шу куни Олмаотада полиция мэрияси биносини қамал қилган юзлаб намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллади.

AFP агентлигининг Олмаотада фаолият кўрсатувчи журналистлари бир неча намойишчи ва полициячини кичик жароҳатлар билан шифохонага олиб кетишгани, шунингдек тартибсизликлар иштирокчиларидан бир қанчаси қўлга олингани ҳақида хабар беришган.

Zakon.kz портали хабарига кўра, сешанба куни кечқурунга келиб полициячилар Республика майдонига йиғилган митингчиларни чекинтиришган, шу билан бирга тартибсизликлар давомида полициячиларнинг бир неча машиналари ёқиб юборилган.

Гувоҳлар ва корреспондентлар Олмаотада тунда ҳам портлашлар овози эшитилиши давом этгани ҳақида хабар қилишган.

Владимир Третьяков / AP / Scanpix / LETA
Интернет фаолиятида муаммолар
Намойишлар фонида интернет фойдаланувчилари ижтимоий тармоқлар фаолиятидаги узилишлар ҳақида хабар қилишди. Олмаотада ва Нур-Султоннинг айрим қисмларида интернет блокланган, WhatsApp, Telegram ва Signal мессенжерлари ишламай қолган.

«Билайн» мобил оператори мобил интернет хизматлари «компанияга боғлиқ бўлмаган сабаблар» билан ишламай қолганини маълум қилган. Kcell мобил оператори муаммони ҳукуматнинг хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳаракатлари билан изоҳлаган. Аввалроқ икки нашр — КазТАГ ва Orda.kz — блокировка ҳақида хабар қилиб, буни намойишлар ёритилиши билан изоҳлаганди.

Ҳукумат ён беришига қарамай намойишлар тўхтамаяпти

Олмаота марказига йўл олган намойишчилар / Reuters
Ақтауда митингчилар мамлакат президенти билан учрашув ташкил этишни талаб қилишди, бошқа шаҳарларда ҳукумат истеъфоси ва халқ турмуш даражасини ошириш бўйича талаблар янграй бошлади. Хусусан, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳокимиятдан бутунлай кетишини талаб қилишмоқда.

Жанаўзендаги намойишчилар ҳукуматга 5 талаб қўйишган:
- Режим алмашиши;
- Ҳар бир област ва шаҳарда аким (ҳоким) сайловларини ўтказиш;
- 1993 йилги Конституцияни қайтариш;
- Ҳуқуқ фаоллари таъқиб қилинмаслиги керак;
- Областларда ҳокимиятга мавжуд тизимга мансуб бўлмаган одамлар келиши керак.

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистон халқ қўмитаси талаблари акс этган варақа нусхаси тарқалди:

Ақтўбе ва Уральск шаҳарлари аҳолиси тунни марказий майдонларда ўтказишга қарор қилган. Кўплаб шаҳарларда маъмурий бинолар олдида намойишчилар гулхан ёқиб, чодирлар тикишди, аҳоли уларни озиқ-овқат билан таъминламоқда.

5 январь куни Олмаота марказида намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувлари давом этди. Республика майдонига 10 мингга яқин киши келган, кўплаб намойишчилар резина дубинкалар билан қуролланган ва улар ҳокимият биносини қамал қилишган. «Интерфакс» агентлиги хабарига кўра, полициячилар шовқинли гранаталар қўллаб, ҳимояланмоқда.

Олмаота, Тароз ва Чимкентда намойишчилар ҳокимият биноларини қамал қилиб эгаллашга уринмоқда.

Олмаота ҳокимияти атрофига БТР ва махсус техникалар келтирилган. Намойишчиларга резинали ўқлар отилмоқда.

Олмаота жамоат соғлигини сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, шаҳардаги шифохоналарга 190 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Расмий маълумотларга кўра, улардан 137 нафари полициячилар, 53 нафари тинч аҳоли вакиллари.

Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, намойишлар вақтида 200дан ортиқ киши қўлга олинган.

Олмаотада 33та махсус техникага ўт қўйилган ёки бузиб ташланган, шундан 16таси полициячиларники, 7таси - тез тиббий ёрдам машиналари, 2таси ўт ўчириш машинаси, 7таси юк машинаси ва биттаси бензовоз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон бўйича сўнгги маълумотлар: Нархлар пасайтирилди, ҳукумат истеъфога чиқди