20:57 / 08.01.2022
3 446

Намойишлар илдизи қаерда, Тўқаев нега Россиядан ёрдам сўради?

Намойишлар илдизи қаерда, Тўқаев нега Россиядан ёрдам сўради?
Қозоғистондаги тинч намойишлар оғир жиноятчиликка айланиб кетди. Намойишчилар ўзлари истаган нарх пасайиши ва Назарбоевнинг кетишига эришдилар, лекин улар хоҳламаган воқеа ҳам рўй берди: мамлакатга КХШТ қўшинлари кириб келди. Бу Қозоғистоннинг геосиёсий мағлубиятими? Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'га берган интервюсида айни мавзудаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Назарбоевга нисбатан кучли ишончсизлик бор эди”
— Қозоғистонда бўлаётган ҳодисаларни оммавий намойишлар ёки бунт, яъни ижтимоий норозилик дейиш мумкин. Бу ижтимоий норозилик вақт ўтиши билан сиёсий норозиликка айланиб кетди. 2019 йили Қозоғистонда ҳокимият бамисоли алмашди, аммо тушунарсиз ҳолат кузатилди. Яъни расман 1989 йил 22 июндан дастлаб Қозоғистон ССРни, кейинчалик мустақил Қозоғистонни бошқарган Нурсултон Назарбоев президентлик курсисини Қосим-Жўмарт Тўқаевга бергандек кўринганди. Лекин вето бериш ҳуқуқи, олий ҳокимиятнинг энг муҳим тармоқларини қўлида сақлаб қолаётган эди.

30 йиллик Назарбоевга нисбатан аҳоли орасида ишончсизлик ёки маълум бир нафрат шаклланган эди. Мана шу тандем – иккилик (Назарбоев–Тўқаев) Қозоғистондаги ижтимоий вазият беқарорлашувига сабаб бўлди.

“Давлат ижтимоий лойиҳаларни қисқартирган эди”
— Охирги бир неча йилда жаҳон бозорида нефт маҳсулотлари нархи арзонлагач, ҳукумат бюджет даромадлари пасайгани боис, ижтимоий лойиҳаларни қисқартиришга мажбур бўлган эди. Шундай экан, бу намойишларнинг биринчи сабаби – ижтимоий норозилик.

Дастлаб, аҳоли бош кўтариб, ўз норозилигини билдирди. Лекин, кейинчалик, ҳокимият тезда намойишга муносабат билдириб, ҳукуматни тарқатиб юборганидан кейин, намойишлар бутун Қозоғистонга ёйилиб кетди. Ҳокимият билмасдан, ўйламасдан ёки билиб туриб шундай хатоларга йўл қўйди ва натижада локал норозилик намойишлари умуммиллийга айланиб кетди.

Автократия
— Қозоғистондаги авторитаризм – кучли, бошқа давлатлар билан иқтисодий-сиёсий муносабатларни яхши йўлга қўя олган дипломатик авторитаризм эди. Шу билан бирга, дунёда ўз номини пойтахтга қўйдирган бошқа давлат раҳбари йўқ. Қолаверса, ўзининг туғилган кунини пойтахт куни деб белгилаган бошқа президент ҳам йўқ. Ҳайкаллар, ўз номига лицейлар, университетлар...ва шахсга сиғинишни юқори даражага олиб чиққан авторитаризм эди.

Қозоғистондаги воқеаларни классик “рангли инқилоб” деб баҳолаб бўлмайди. Чунки бошиданоқ ҳукуматни ағдариш ва бошқа сиёсий мақсадлар йўқ эди. Унда, асосан, газ нархини тушириш каби ижтимоий талаблар илгари сурилди.

Намойишлар ижтимоий-иқтисодий сабаблар ҳокимиятга нисбатан шаклланган ишончсизлик билан уйғунлашган ҳолда вазиятга жиддий таъсир қилди. Шунга кўра, Қозоғистондаги воқеаларнинг бошланишида ташқи кучларнинг таъсири минимал ёки мавжуд эмас.

Авторитар ҳокимиятлар, одатда, ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун мухолифат ва фуқаролик жамияти билан келишишдан кўра, намойишчиларнинг легитим эмаслигини кўрсатиш, уларни террорчиларга чиқариб, уларга қарши куч ишлатишга мажбур бўлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам шундай риторикани танлашга мажбур бўлди, дейиш мумкин. Аслида бу – оммавий намойиш ва халқнинг талаби.

Чунки, Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг ҳеч бири хорижда, Ироқда ё бошқа жойда тайёргарликдан ўтиб келган бирор кишининг суратини кўрсатиб, шахсини очиқлаётгани йўқ. Бу – классик норозилик намойиши.

“Россия Қозоғистондаги вазиятдан унумли фойдаланди”
— Тўқаев президентликка келгач, ташқи сиёсатда мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилиб келди. Ҳатто 2021 йил апрелидаги ЕОИИ йиғилишида ташкилотга бирмунча ишончсизлик билдирганди. Шундан сўнг Россия билан муносабатлар зимдан совуқлашди ва мамлакат Россиянинг “қора рўйхати”га киритилди. Путин собиқ иттифоққа кичик ҳудуд билан кириб, катта ҳудудни олиб чиқиб кетган давлатлар бор деганда Қозоғистонга шама қилганди, гарчи Қозоғистон номини айтмаган бўлса-да. Кейинчалик, Россия элитаси тўғридан-тўғри Қозоғистонни бармоғи билан кўрсата бошлади. Мана шу намойишлар фонида Россия ундан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдаланди.

“Қозоқ элитасида якдиллик йўқ эди”
— Қозоқ элитасида якдиллик мавжуд эмасди. Ҳокимиятнинг иккига бўлиниши, бир томондан собиқ президентда асосий ҳокимият ричагларининг қолиши, иккинчи томондан конституцияга биноан янги президент Тўқаевда катта ваколатлар бўлиши биз билган-билмаган сиёсий зиддиятларни келтириб чиқарди. Натижада, шу иккисидан қай бирига йўналиш олиш масаласи бора-бора сиёсий элитани пароканда қилди.

Намойишлар вақтида Тўқаевнинг ўз ҳуқуқ-тартибот органларига ишончи юқори эмасди. Натижада, Тўқаевнинг ҳокимиятни ўзида ушлаб қолиш учун Россияга яқинлашишдан бошқа чораси қолмади. Бу, ўйлайманки, Қозоғистонга ва Россиянинг ўзига ҳам қатор қийинчиликларни вужудга келтиради.

“Қозоғистон геосиёсий мустақиллигининг жиддий қисмидан айрилди”
— КХШТ бўлинмалари киритилгач, Россия Қозоғистонга ўз шартларини қўяди, деб ўйлайман. Қозоғистон ўз сиёсий мустақиллигининг жиддий қисмидан айрилди. Эндиликда, Қозоғистон Кремл билан ҳисоблашишга мажбур бўлади.

Россиянинг асосий шарти Қозоғистоннинг ташқи сиёсатини назорат қилишдан иборат бўлади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Намойишлар илдизи қаерда, Тўқаев нега Россиядан ёрдам сўради?