Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январ–август ойларида Ўзбекистонга 7,5 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,5 миллион нафарга кўпдир ва ўсиш 49,1 фоизни ташкил қилди.
Энг кўп сайёҳлар қўшни давлатлардан ташриф буюрди. Жумладан, Қирғизистондан 2,16 миллион киши (+48,9%), Қозоғистондан 1,769 миллион (+73,5%), Тожикистондан эса 1,699 миллион нафар (+15,6%) сайёҳ келган. Россиядан ташриф буюрганлар сони ҳам 25 фоизга ортиб, 663,2 минг нафарга етди.
Афғонистон биринчи марта етакчи ўнликка кирди — 304,5 минг киши билан бешинчи ўринни эгаллади. Туркманистондан келган 243,5 минг меҳмон олтинчи ўриндан жой олди ва бу кўрсаткич икки баробардан кўп ўсишни кўрсатди. Узоқ хориждан эса Хитой етакчилик қилди — 135,4 минг турист, бу ўтган йилга нисбатан уч баробар кўпдир.
Сайёҳларнинг катта қисми — 5,16 миллион киши қариндошларини йўқлаш учун келган. Шунингдек, 1,15 миллион киши дам олиш ва саёҳат учун, 837,5 минг хизмат сафари учун, 287,7 минг нафар эса тижорат мақсадида келди. 62 минг киши даволаниш учун, 14,2 минг хорижий талабалар эса таълим олиш учун ташриф буюрди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!