Тошкент вилоятидаги Бўзсув каналида канализация сувлари оқизилгани ҳақида тарқалган маълумотлар ортидан кенг кўламли текширувлар ўтказилди. Ҳозирда ушбу жараённинг дастлабки натижалари жамоатчиликка эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, “Бўзсув аэрация иншооти”нинг биринчи ва учинчи ташлама нуқталарида олинган сув намуналарида қатор кўрсаткичлар белгиланган меъёрлардан ўнлаб марта юқори экани аниқланган. Хусусан, муаллақ моддалар, аммоний иони, нитрит азоти, сулфат ва фосфатлар, биологик парчаланиш кўрсаткичлари, нефть маҳсулотлари, шунингдек, мис ва темир миқдорлари кескин ошгани қайд этилган.
Экологлар ва мутахассисларнинг хулосасига кўра, бу ҳолат табиат ва сув ресурсларига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Атроф-муҳитга етказилган зарарни ҳисоблаш натижасида 1 миллиард 511 миллион 966 минг 450 сўм миқдорида компенсация пули тўлаш белгиланди.
Шу муносабат билан Бош прокуратура томонидан “Тошкент сув таъминоти” акциядорлик жамиятига нисбатан Жиноят кодексининг 205- ва 207-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, экологик қонунбузарликларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилиши нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки бундай ҳолатлар келгусида такрорланишининг олдини олиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!