Саудия Арабистонида Доналд Трамп шарафига янги йирик иншоот барпо этилмоқда. Dar Global девелоперлик ширкати Trump Organization билан ҳамкорликда Жидда шаҳри марказида Trump Plaza Jeddah номли осмонўпар қурилишини бошлади.
Мажмуа бир миллиард долларлик инвестиция асосида барпо этилмоқда. Унда премиум даражадаги тураржойлар, замонавий апартаментлар, А тоифали офислар ва эксклюзив таунхауслар жойлашади.
Trump Organization ижрочи вице-президенти Эрик Трамп:
“Trump Plaza Jeddah лойиҳаси Саудиядаги иштироқимизни янада кенгайтиради. Биз меҳмоннавозлик, замонавий турмуш ва фаол бизнес муҳитини уйғунлаштириб, дунё даражасидаги иншоот яратамиз”, — дея таъкидлади.
Янги осмонўпарнинг аниқ ишга тушиш вақти айтилмаган. Бироқ лойиҳа Саудияда қиммат тураржой ва тижорий кўчмас мулк бозори кескин ўсиб бораётган пайтда амалга оширилмоқда.
Фақат 2024 йилнинг ўзида подшоҳлик миллиондан зиёд янги уйлар ва етти миллион квадрат метрлик савдо ҳамда офис бинолари қурилиши учун 1,3 триллион доллар йўналтирган эди.
Қайд этиш жоизки, Трамп оиласи Саудияда Trump Tower Jeddah деб аталган яна бир осмонўпар қурилишини ҳам олиб бормоқда. Қизил денгиз соҳилидаги ушбу ҳашаматли мажмуа 2028 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Доналд Трампнинг иккинчи президентлик даври бошлангач, араб монархиялари унинг эътиборини қозониш учун тижорий лойиҳалар ва катта сармоялар йўналтирмоқда. Жорий йил май ойидаги Риёз ташрифи чоғида Саудия ва АҚШ ўртасида 600 миллиард долларлик битимлар имзоланганди.
Қўшни Қатар давлати эса Трампни мамнун этиш мақсадида 400 миллион долларлик люкс самолёт ҳадя қилгани ҳақида маълум қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!