Кўплаб мамлакатлар учун одатий саналган ҳафтада беш кунлик, кунига эса саккиз соатлик меҳнат тизими ХХ асргача босқичма-босқич шаклланиб келган. Бу жараён кимлар томонидан қандай амалга оширилгани, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон ва дунёдаги вазият тўғрисида сўз юритамиз.
Ёғоч заводидаги бир гуруҳ лотин америкалик ишчилар
Беш кунлик иш тартиби тарихи
Мазкур тизим америкалик автомобиль магнати Генри Форд томонидан йўлга қўйилган, деган қараш мавжуд. 1914 йил 5 январда у ўз корхонасида иш кунини 9 соатдан 8 соатга қисқартириб, бир смена учун уч доллар қилиб белгиланган маошни беш долларга кўтаради.
Рақобатчилар бу ўзгаришга шубҳа билан қараганди, лекин ёндашув вақт ўтиши билан ўз самарасини беради. Бутун мамлакатдаги энг яхши механиклар Ford Motor Company’га оқиб кела бошлайди. Натижада Форд атиги икки йил ичида фойдани икки баравар оширишга муваффақ бўлади.
Ушбу ғоянинг иқтисодий самарадорлиги исботланганига қарамай, бутун Америкада саккиз соатлик иш куни орадан 23 йил ўтибгина — бир қатор иш ташлашлар юз бериб, 1937 йилда «Адолатли меҳнат меъёрлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан сўнг жорий этилган.
Генри Форд
Лекин иш вақтига янгилик киритган тарихдаги биринчи инсон Генри Форд эмас. 1593 йилда қирол Филипп II ўзининг Орденанзас де Фелипе II фармонида биринчи марта саккиз соатлик иш кунини жорий қилиб, меҳнат юкини вақтга қараб тақсимлашни йўлга қўяди. Масалан, қуёш жазирамасидан қочиш учун ишчилар эрталаб ва кечқурун тўрт соатдан ишлашлари керак бўлган.
Одатий тартибга иккинчи қадам 1810 йилда саноатчи Роберт Оуэн томонидан қўйилган. Аввалига у ўзининг Нью-Ланаркдаги заводида 10 соатлик иш кунини белгилаб қўйганди (ундан аввал 14-16 соат ишланган), орадан етти йил ўтиб эса саккиз соатга қисқартиради. Оуэн ҳатто махсус шиор ҳам ўйлаб топган: «Саккиз соат иш, саккиз соат хурсандчилик, саккиз соат дам».
Ижобий ўзгаришлар, ходимлар ва касаба уюшмаларининг фаол қўллаб-қувватлашига қармай, узоқ вақт давомида беш кунлик иш ҳафтаси одат тусига кирмаган. Бу тартибга йиригманчи аср бошларида оммавий равишда ўтиш бошланади.
1912 йилда Ҳиндистон Осиёда биринчи бўлиб кунига саккиз соат, ҳафтада беш кунлик тизимни қонунчиликка киритган. 1917 йилда СССРда социалистларнинг 40 соатлик иш жадвали ҳақидаги ғояси қонунийлаштирилади. Аксарият Европа мамлакатларида одатий иш сменаси 1919 йилда иқтисодиётни фалаж аҳволга келтирган бир қатор касаба уюшмалари иш ташлашларидан кейин ўрнатилади.
Японияда 1919 йилда ишчиларнинг кенг кўламли иш ташлаши натижасида Каwасаки биринчи бўлиб 40 соатлик иш ҳафтасига ўтади. Тизим «Меҳнат стандартлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан сўнг 28 йил ўтиб кучга киради. Охирги саккиз соатлик иш кунларидан бири 1947 йилда Австралия томонидан қабул қилинган.
Бугунги кунда аҳвол қандай?
МДҲ давлатларидаги Меҳнат кодексига кўра беш кунлик ҳафтада иш кунининг узунлиги саккиз соат ва тушлик учун қўшимча бир соатдан ошмаслиги керак. Бошқа мамлакатларда вазият-чи?
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, меҳнат рекордчилари Колумбия (ҳафтасига 47,6 соат) ва Туркияда (46,4) истиқомат қилади. Мексика (49,9) ва Коста-Рика (43,6) улардан бироз ортда қолади.
Лекин ҳамма ҳам бу рекордни янгилаш иштиёқида эмас — OECD маълумотларига кўра, дунёда ўртача иш куни 37 соатни ташкил қилади.
Нидерландия (29,4), Дания (32,5) ва Норвегия (32,5) аҳолиси энг кам ишлайдиганлар сирасига киради.
Фото: Laba
Гарчи шарқий давлатлар OECD рейтингига киритилмаган бўлса-да, уларнинг кўрсаткичи Колумбия ва Туркияни осонгина ортда қолдириши мумкин. Масалан, Хитойда кўплаб компаниялар 9–9–6 тартиботига амал қилади: ходимлар ҳафтада олти кун эрталаб соат олтидан кечки тўққизгача меҳнат қилиши керак. Бундай тартиб қонунан тақиқланганига қарамай, кўплаб йирик корхоналар уни очиқ қўллаб-қувватлайди — масалан, Alibaba Group.
Японияда иш вақти ҳаддан ташқари узунлиги сабаб кўплар ўз жонига қасд қилишгача боради. Ҳатто шу ҳолатни англатувчи «Кароси» атамаси ҳам ўйлаб топилган. BBC нашри 2016 йилда берган маълумотларига кўра, ҳар йили 2 мингдан ортиқ одам иш жойида ҳолдан тўйдирувчи меҳнат туфайли оламдан ўтади.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 115-моддасида белгилаб қўйилган нормага кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.
Корхонада иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилинган тақдирда, ушбу Кодекснинг 123-моддасига биноан, ҳисобга олинадиган даврдаги иш вақтининг муддати иш соатларининг нормал миқдоридан ошиб кетмаслиги шарт.
Келажакда иш кунини янада қисқартириш ғоялари XXI аср бошидан бери кўплаб мамлакатларда муҳокама қилиниб, синовдан ўтказилди. Масалан, 2010 йилда Британиянинг New Economics Foundation жамғармаси мамлакатда 21 соатлик иш ҳафтасини ўрнатишни таклиф қилганди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...