
Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртаси тизими босқичма-босқич янгиланмоқда, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Президент томонидан 3 ноябрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик, туғруқ ва бола туғилиши бўйича нафақалар фуқароларнинг аризасисиз, проактив усулда тайинланади ва тўланади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ҳам автоматик ҳисобланади. Бу жараён ногиронлик варақаси асосида амалга оширилади.
Янги ижтимоий суғурта тизими фуқароларга даромад солиғининг бир қисми ёки ихтиёрий тарзда ҳар ой тўланадиган суғурта бадаллари орқали қўшилиш имконини беради. Тўловлар миқдори энг кам суғурта муддати ва тўланган бадаллар асосида белгиланади.
Нафақалар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали молиялаштирилади. 2030 йилдан бошлаб жамғарма ишдан бўшатиш нафақаларини ҳам кўриб чиқиш ва тўлаш билан шуғулланади. Бу ҳолда тўлов фуқароларнинг мурожаати асосида амалга оширилади.
Мазкур янгиликлар фуқароларга қулайлик яратиш, ортиқча ҳужжатбозликни бартараф этиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини рақамлаштириш орқали шаффоф ҳамда самарали хизмат кўрсатишни таъминлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!