1 215
«Россиядаги ҳаёт — компьютер ўйини. Одамлар реалликка қайтиши керак». Владимир Зеленский катта матбуот анжумани ўтказди
Фото: Украина президенти офиси
Украина президенти Владимир Зеленский 23 апрель, шанба куни Киевдаги Крешатик марказий метро бекатида катта матбуот анжумани ўтказди. Маҳаллий ва халқаро журналистлар иштирокидаги анжуман қарийб икки соат давом этди. Meduza Зеленскийнинг баёнотларидан асосий маълумотларни тақдим қилди.
Одессага ракета ҳужуми ҳақида
Пасха (насронийлар байрами) кунларимиз мана қандай ўтмоқда. Бугун (23 апрель куни) Одессага еттита ракета учиб келди, иккитасини уриб туширдик. Ракета кўп қаватли уйга урилган. Саккиз киши ҳалок бўлди, 18 ёки 20 киши яраланди. Уч ойлик бола ҳалок бўлган. Ўша гўдак бир ойлик вақтида уруш бошланганди. Разилликнинг қўланса ҳиди. Уларни яна нима деб аташ керак? Бошқа сўз йўқ. Булар Пасха кунларида бўляпти! Улар нима ҳақида, қандай қадриятлар, қандай рус дунёси, қандай насроний дунёси ҳақида гапиришяпти? Ўрта асрлар. Севикли Одессага, улар ўзлари яхши кўриб ташриф буюрадиган «она-Одесса»га еттита ракета.
Уруш ва унинг истиқболлари ҳақида
Бу урушни XXI аср ёки 1990 йиллардаги урушларнинг бирортаси билан таққослаб бўлмайди. Россия томонидан бошқа мустақил давлатлар ҳудудида олиб борилган урушларнинг ҳеч бирида бундай ҳалокат бўлмаган. Ҳеч қачон бунчалик кўп оғир техникадан фойдаланиш ва бундай ҳарбий қўполлик — қийноқлар, зўравонликлар, зўрлашлар бўлмаган. Келажак йўқ қилинишидан худо асрасин. Буни тўхтатишда Украинанинг ҳам ҳиссаси бор – афсуски, бу украиналикларнинг ҳаёти эвазига. Сизларнинг мамлакатингиз (Зеленский бу гапларни озарбайжонлик журналистнинг саволига жавобан гапирган) янада кўпроқ ёрдам бериши керак. Биздаги «операция»ни тугатишса, улар сизнинг пайингизга тушади.
Менинг президент сифатидаги позициям шундай: улар эгаллаб олаётган ҳамма нарсани қайтарамиз. Бу 10—20 йил масаласи бўлмайди. Керакли қурол-яроғга эга бўлишимиз билан биз оккупация қилинган нарсаларни қайтариб оламиз. Умид қиламанки, босиб олинган шаҳарларни қамалдан чиқарамиз. Аммо ҳозир бунга тайёр эмасмиз. Мариуполдаги «Азовсталь»ни ҳимоя қилаётган йигитлар, уларнинг командирлари буни тушуниб турибди.
Украинани куч ва бундай ғайриинсонийлик билан мағлуб этиб бўлмайди. Улар бизни нима қилишади? Улар Киев вилоятида нима қилган бўлиши мумкин? Ҳамма улардан нафратланади. Бир пайтлар нацистлар Европани босиб олишган. Улар нимага эришди? Одамлар уларни яхши кўрдими? Йўқ. Улар бойиб кетишдими? Йўқ, ваҳоланки улар бутун Европани талон-тарож қилганди. Улар фақат бир нарсага эришди: жиноятларда иштирок этмаган немисларнинг бутун кейинги авлодлари ўзларини тарих учун айбдор ҳис қилади.
Фото: Reuters
Халқаро трибунал ҳақида
Ишончим комилки, одамлар ва болаларни йўқ қилишга буйруқ берганларнинг ҳаммаси судга тортилади. Бу йилларни талаб қилиши мумкин, лекин биз кутамиз. Биз кутмасак, болаларимиз кутишади. Бу трибунал қандай номланиши муҳим эмас. Асосийси, қанча одамга узоқ йиллар панжара ортидан жой ажратилиши.
Украина ва украиналиклар ҳақида
Менимча, кўпчилик украиналиклар мудофаа нуқтаи назаридан Исроилга ўхшаш давлатда яшашга тайёр. Бошқа танловимиз йўқ. Биз аллақачон шундай давлатга айланганмиз. Бу жанг қилишни англатмайди, бу бизда энг кучли ва тажрибали армия бўлишини англатади.
Одатда бобо ва бувиларга узоқ умр, соғлик тилардик. Фарзандларга ҳам узоқ умр ва саломатлик тилайдиган вақт келади, деб ўйламаган эканман. Мен ҳаммага имкон қадар ўз фарзандига ғамхўрлик қилишини тилайман. Фарзандларидан айрилган ҳар бир кишининг дардига шерикман.
Украина урушда ғалаба қозониш учун ҳамма нарсани қилди, деб ўйлайман. Биз бирлашганмиз ва асосийси бу бирлик уруш тугагунига қадар ва урушдан кейин ҳам сақланиб қолиши керак. «Куч» сўзи жамиятда кўнгилни айнитадиган рефлекс келтириб чиқармаяпти. Мен эса бундан фахрланаман. Бирлашиш бизнинг асосий қуролимиздир. Ҳарбийлар, миллий гвардиялар, чегара қўшинлари, турли даражадаги ҳокимиятларни бирлаштириш. Медиа-ресурсни бирлаштириш, оммавий ахборот воситалари бугунги кунда иккинчи кучдир. Европадагилар менга уларда ҳали ҳеч қачон бунчалик бирлик кузатилмаганини айтмоқда.
Фото: Украина президенти офиси
Хорижий давлат раҳбарларининг Киев ва Москвага ташрифлари ҳақида
Биз аянчли селфилар тушадиган мамлакат эмасмиз. Биз уруш домидамиз. Келинг, лекин биз сиздан сўраган ёрдам билан келинг. Биз ҳеч кимдан ўзида йўқ нарсани сўрамаймиз. Германияга айтяпмиз: сизда ҳозир ўзингизга зарур бўлмаган нарса бор, лекин у бизга керак, чунки бизда уруш кетяпти.
(Худди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш каби) аввал Россияга, кейин Украинага келишни хато деб биламан. Нима учун? Бизга Россиядан сигнал юбориш учунми? Кўрадиган нима бор у ерда? Жасадлар Кутузовский проспектида (Москва) ётгани йўқ. Менимча, аввал Украинага келиб, бу ерни кўздан кечириб, кейин Россияга бориш мантиқан тўғри бўлади.
Агар гап сиёсий туризм ҳақида эмас, балки ёрдам ҳақида кетаётган бўлса, албатта.
Россия билан музокаралар ҳақида
Мен Владимир Путин билан музокаралар тарафдориман, чунки урушни бошлаган киши уни тугатиши мумкинлигига ишонаман. Мен урушни тугатмоқчиман. Дипломатик йўл бор, ҳарбий йўл бор. Ҳар қандай соғлом одам дипломатик йўлни танлайди, чунки у минглаб, балки миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Раҳбар ўз хоҳиши билан дипломатик йўлдан воз кечишга ҳақли эмас.
Мариуполдаги халқимиз йўқ қилинса, сохта республикаларда сохта референдум эълон қилинса, Украина музокаралардан чиқади. Бу музокарачиларнинг барча учрашувлари ёлғонга асослангани ва жуда ёмон актёрлар рол ўйнаган театр саҳнаси эканини англатади.
Путинга фақат Украина президенти сифатида саволларим бор. Улар ҳудудий яхлитлик масалалари ҳақида. Бизнинг Донбассимиз, Қримимиз буёғига қандай яшайди. Суҳбат мазмунли, деярли эмоцияли бўлган бўларди, ҳарқалай ҳозир мени кўриб турганингиздек — ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Фото: Украина президенти офиси
Россия ҳақида
Мустақиллигимиз аввал бошданоқ фақат биз учун – цивилизациялашган дунё учун муҳим эди. Бизни Россияда ҳукумат даражасида ҳурмат қилишмасди, жамиятнинг катта қисми эса бизни мустақил давлат деб ҳисобламайди, улар бизнинг мустақилликка, демак, яшашга ҳаққимиз борлигига ишонмайди.
Тарих китобларида янги сўз пайдо бўлмоқда — «рашизм». Бу сўз янги, аммо мазмуни 80 йил олдинги (Иккинчи жаҳон уруши давридаги) каби. Шу 80 йил давомида қитъамизда бундай ваҳшийликлар бўлмаган. Мактабларда кичкина болалар ўрнидан туриб, ўқитувчиларга рашизм ва бу даҳшатли тушунчага қарши озодлик учун курашда ким ғалаба қозонгани ҳақида дарс айтиб бермоқда.
Россия Туркиядаги музокаралар ортидан билдирилган баёнотга дастлаб ижобий муносабат билдирганди, кейин эса мамлакат ичидан юқори даражадаги танқидларни эшитган. Маълум бўлишича, у ердаги расмийлар одамларнинг миясини шунчалик ювганки, Россиянинг ўзи ҳам буни кутмаган. Ўйлайманки, Украинага бўлган нафрат даражасидан ўзлари ҳам ҳайратда қолган.
Россия Федерациясидаги ҳаёт — бу компьютер ўйини, бу виртуал воқелик. Нима бўлаётганини билмоқчи бўлган одамлар ундан чиқиши, 3D кўзойнакларни ечиши, реалликка, гўзал цивилизация дунёсига қайтиши керак. Айнан ядро қуроли соҳасида етакчи бўлиш шарт эмас – сиз «айтишниклар» сони бўйича етакчи бўлишингиз мумкин. Саратон касаллигига даво топишингиз мумкин. Уларда пулларини ва салоҳиятини сарфлаш зарур бўлган жой бор. У ерда иқтидорли одамлар бор.
Россияда (урушга) норозилик билдирганлар унчалик кўп эмас, афсуски. Аммо шу озчилик бир кун келиб ушбу информацион деворни ёриб ўтишимизга ҳисса қўшади. Биз уларнинг қадамларини кўряпмиз. Улар айтадиган сўзлар катта аҳамиятга эга — сўзлар кучли таъсир ўтказа олади, шунинг учун ҳукумат улардан қўрқади. Мен уларга фақат сиҳат-саломатлик тилайман, чунки панжара ортида уларнинг ҳоли не кечишини тасаввур қиламан. Улар — Россияни қутқаришга ҳисса қўшган одамлар. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...