Заҳарланиш хавфи ва аллергия пайдо бўлиши ҳар куни одамга таҳдид солади. Нафақат сифати бузилган овқатлар билан заҳарланишингиз мумкин, балки кечки овқат учун зарарсиз кўринадиган бир бўлак балиқ аллергик реакцияга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.
Диетолог Ната Гончар озиқ-овқат аллергиялари ва заҳарланиш ҳолатларининг 90 фоизини келтириб чиқарадиган одатий овқатлар ҳақида Wday нашрига сўзлаб берди.
Аллергеннинг иккита асосий тури мавжуд: юқумли бўлмаган ва келиб чиқиши юқумли бўлган аллерген. Озиқ-овқат аллергенлари юқумли эмас, аммо озиқ-овқатдаги моғор юқумли аллерген ҳисобланади.
Саккизта асосий озиқ-овқат аллергенлари мавжуд: сигир сути, тухум, ёнғоқ, ерёнғоқ, балиқ, денгиз маҳсулотлари, буғдой, соя.
Ушбу маҳсулотлар қўшилган таомлар озиқ-овқат аллергиясини, оғир ҳолатларда эса жиддий заҳарланишни қўзғатиши мумкин.
Озиқ-овқат аллергенларига реакция қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:
- Қичишиш;
- Терининг қизариши;
- Шиш;
- Қусиш;
- Қорин оғриғи;
- Онгни йўқотиш;
- Нафас қисилиши ва томоқ оғриғи.
Агар сизда маълум бир озиқ-овқатдан кейин (масалан, сут ёки ёнғоқ каби) аллергик аломатлар пайдо бўлса, аломатларни келтириб чиқаради деб ўйлаган озиқ-овқатларнинг аллергенлари учун тестдан ўтишингиз керак.
Борди-ю, маълум бир маҳсулот аллергия келтириб чиқарганига ишончингиз комил бўлса, унинг ўрамидаги ёрлиқни диққат билан ўқинг, чунки аллергенларнинг оз миқдори ҳам кучли реакцияга олиб келиши мумкин.
Энг кенг тарқалган бешта аллерген
Ёнғоқ пастаси, ёғ ва ширинликлар
Ёнғоқ, айниқса, болалар орасида энг кенг тарқалган аллерген ҳисобланади. Ёнғоқ, ерёнғоқ пастаси, хамирли овқатлар, пишлоқлар — буларнинг барчаси аллергияга олиб келиши мумкин. Тилнинг шишиши, аксириш, оғизда куйиш ҳисси ва кўнгил айниши организмнинг реакцияси ҳақида сигнал беради.
Аллергия реакциясини олдини олиш учун сотиб олинган маҳсулотларнинг таркибини диққат билан ўқинг.
Ёнғоқли ширинликлар, соуслар ва пишириқлар
Бодом, ёнғоқ, фундук — кўплаб деликатесларнинг асоси ва кекс, печене, ширинликлар ва шоколад, шунингдек, соуслар ва салатларнинг асосий қўшимчасидир.
Сут маҳсулотлари
Сут оқсили аллергияси ва сут аллергияси бир хил нарса эмас. Аллергия сутнинг барча турларида — сигир, эчки сутида намоён бўлади, аммо лактоза интолерансидан аломатлари — қусиш, бўғилиш, диарея, қорин оғриғи ва дам бўлиши билан фарқ қилади.
Пишлоқлар, сариёғ, йогурт, музқаймоқ ва пудинглар — сут аллергияси бўлган одамлар эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари керак бўлган баъзи озиқ-овқатлардир. Бундан ташқари, сут маҳсулотлари қисқа сақлаш муддатига эга ва нонушта учун бузилган творог заҳарланишга олиб келиши мумкин. Бузилган сут маҳсулотлари таркибида Clostridium botulinum токсини мавжуд бўлиб, у ботулизмни қўзғатади, бу парез ва мушаклар фалажининг ривожланиши билан тавсифланган ўткир токсик-инфексион касалликдир.
Тухум маҳсулотлари
Тухум турли хил маҳсулотлар ва таомларнинг бир қисмидир (масалан, макарон, нон ва пишириқлар, соуслар, хамирли овқатлар ва пишириқлар). Аллергия реакциясини тухум оқи келтириб чиқаради, бу салмонеллёз —кўплаб ён таъсирга эга бўлган касалликни қўзғатади. Ёрлиқни диққат билан ўқинг, чунки тухум бошқа номлар остида яширин бўлиши мумкин.
Глютенни ўз ичига олган маҳсулотлар
Аллергия, одатда, жавдар, буғдой ва жўхори каби донларда мавжуд бўлган глютен туфайли юзага келади. Аллергиянинг бу турини глютен сезувчанлиги деб аталади.
Рўйхатдаги маҳсулотлар ва бошқа аллергенлар аллергик жараённинг оғир шаклини — анафилактик шокни келтириб чиқаради. Бу ўта хавфли ҳолатлар яъни қон босимининг пасайиши, томоқ шишиши ва спазми, юрак ишидаги бузилишлар билан бирга келади. Шошилинч тиббий ёрдам бўлмаса, анафилактик шок ҳолатида бўлган одам бир неча дақиқа ичида ҳалок бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Донли маҳсулотларни ўз ичига олган таомларни истеъмол қилмаслигингиз керак. Глютен моддаси музқаймоқ, йогурт, сариёғ, колбаса ва қуюлтирилган сутда ҳам учрайди.
Бундан ташқари, организм бошқа маҳсулотларга исталмаган тарзда реакция билдириши мумкин:
- Турли уруғлар (кунгабоқар);
- Асал ва ундан тайёрланган маҳсулотлар;
- Дуккаклилар (ловия, нўхат, ясмиқ);
- Буғдой маҳсулотлари (жумладан, макарон).
Бироқ бундай ҳолларда аллергия камдан-кам ҳолларда, асосан, ирсий юқори сезувчанлик ёки ушбу маҳсулотларни ҳаддан ташқари ва тез-тез истеъмол қилиш туфайли юзага келади. Меъёр ҳақида унутманг ва ҳатто, севимли маҳсулотларингизни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилманг.
Ёзги заҳарланишни келтириб чиқарувчилар: музқаймоқ, тарвуз ва шаурма
Ёзда овқатдан заҳарланиш хавфи ортади, чунки ҳаво ҳарорати доимий равишда юқори бўлади ва озиқ-овқат тез бузилади.
Аммо тарвуз, музқаймоқ ва шаурма заҳарланишни келтириб чиқарувчилар рўйхатида биринчи ўринларда туради.
Нитратнинг ўзи заҳарли эмас, лекин улар ошқозон-ичак тракти микрофлорасига кирганда жиддий касалликларга олиб келиши мумкин бўлган зарарли нитритларга айланади. Агар тарвуз нам хонада сақланган бўлса, нитритларнинг фаоллиги ортади.
Тарвуз билан заҳарланиш белгилари уни истеъмол қилишдан икки-уч кун ўтгач пайдо бўлиши мумкин: бош оғриғи, кўнгил айниши, қусиш, заифлик, оғир ҳолатларда қон босими тушиши ва юрак уриш тезлигининг ошиши, нафас қисилиши пайдо бўлади.
Ейишдан олдин тарвузни яхшилаб ювиш қатъий тавсия қилинади.
Шаурма нафақат ундаги гўштнинг шубҳали сифати, балки пишириш усули туфайли ҳам хавфлидир. Қовуришнинг етарли эмаслиги билан патоген микроорганизмлар, E. cоli, Салмонелла ва Тричинелла ривожланиши учун қулай муҳит яратилади. Бундан ташқари, шаурма нордон сутли соус асосида тайёрланади, у иссиқлик пайтида тезда ёмонлашади. Бундай соус кучли аллергендир.
Ёз ойларида музқаймоқ ҳам эҳтиёткорлик билан танланиши керак. Сақлаш ва ташиш қоидаларини бузганлиги сабабли кўпинча такрорий музлатишга дучор бўлади. Эриган музқаймоқ Staphylococcus aureus ёки E. cоli ривожланиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Бу микроблар организмда патологик ўзгаришларни келтириб чиқаради ва кучли заҳарланиш, ҳатто, токсик шокка олиб келиши эҳтимоли юқоридир.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг