01:22 / 22.07.2023
448

Танадаги тошмалар сабаблари маълум қилинди

Танадаги тошмалар сабаблари маълум қилинди
Фото: Getty Images

Теридаги қизариш ва тошмалар тез-тез кузатиладиган ҳолат ва бунинг ўзига хос сабаблари бор. Бу ҳақда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова маълумот берди.

«Айрим юқумли касалликлар дерматологик муаммолар, интоксикация, қон айланишининг бузилиши каби белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Танадаги тошмалар — кўп шаклли эритема хасталигига ҳам хос ташқи аломат. Бу дард аллергик хусусиятга эга бўлиб, кўпроқ баҳор ва куз мавсумида кучайишга мойил. Ундан азият чекувчи қатлам — асосан ўрта ёшли беморлар», деди шифокор.

Касалликни келтириб чиқарувчи сабаблар турлича. Статистик таҳлиллар кўп шаклли эритемага чалинганларнинг тахминан 70 фоизи сурункали юқумли касалликлар, хусусан, синусит, сурункали тонзиллит, ўрта отит, пульпит ёки пиелонефритга мойиллигини тасдиқлайди. Бундай беморларда хасталик кучайиши даврида Т-ҳужайра иммунитетининг пасайиши аниқланади.

«Хасталикнинг иккита асосий тури мавжуд. Энг кўп тарқалгани — юқумли-аллергик кўп шаклли эритема. У организмдаги инфекциянинг сурункали ўчоғига нисбатан аллергик реакция натижасида юзага келади», деди шифокор.

Мазкур хасталикнинг ривожланиши ёки авж олишида биргина сурункали инфекция ўчоғининг ўзи етарли эмас. Бунинг учун қўзғатувчи омилларнинг маълум комбинацияси зарур. Масалан: иммунитет танқислиги, гипотермия, ультрабинафша нурланиш, баъзи озиқ-овқат консервантлари (бензоатлар, формальдегид ва бошқалар), психо-эмоционал стресс, овқат ҳазм қилиш тизими патологияси (сурункали гастрит, дисбактериоз), аутоиммун касалликлар ва онкопатология, ЎРВИ, тонзиллит ва бошқа касалликлар.

«Кўп шаклли эритеманинг токсик-аллергик тури эса одатда амидопирин, барбитуратлар, сульфаниламидлар ва тетрациклинлар гуруҳига мансуб баъзи дорилар таъсирида ривожланади», деди мутахассис.

Умумий ҳолсизлик, иситма, мушаклар оғриғи ва артралгия кўп шаклли эритеманинг илк аломатлари ҳисобланади. Сўнг икки кун ичида тери ва шиллиқ қаватда қизил-пушти рангдаги тошмалар пайдо бўлади. Ушбу папулалар тезда катталашиб, диаметри 2-3 сантиметрга етади. Тошмалар ўртасида ва баъзи ҳолларда терининг соғлом қисмларида ҳам пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин.

Шифокор сўзларига кўра, эритема доғлари асосан қўл ва оёқларнинг орқа қисми, тиззалар, тирсак соҳасида юзага келади. Айрим вазиятларда оғиз бўшлиғининг шиллиқ қавати ва лабларнинг шикастланишига ҳам олиб келади.

Касалликнинг токсик-аллергик шакли эса дастлабки умумий ҳолсизлик ва оғриқлар билан бошланиб, тошмалар дарҳол пайдо бўлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Танадаги тошмалар сабаблари маълум қилинди