Кешьюнинг ватани Бразилия бўлиб, уни билмаган, татиб кўрмаган инсон бўлмаса керак. Бу каби ёнғоқнинг таркиби шунчалар витаминларга бойки, у инсон танасининг барча тизимларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда яна бир қанча қизиқарли маълумотларни Harper’s Bazaar журнали тақдим этади.
Шунингдек, кешью таркибида омега-3, омаге-6 ва омега-9 ёғ кислотаси мавжуд. Улар антиоксидантлар билан биргаликда танани эркин радикаллар зарарлашидан ҳимоя қилади, яллиғланишни тўхтатади, қариш жараёнини секинлаштиради.
Терини озиқлантириб, ултрабинафша нурларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилади. Ёнғоқ мисга ҳам бой бўлиб, терининг сифатини яхшилашга ёрдам беради ва унга табиий гўзаллик бахш этади.
Унчалик кўп миқдорда бўлмаган кешью магнийнинг кунлик қийматининг 70 фоизини ўз ичига олади. Бу юрак, асаб ва мушак тизимларининг тўғри ишлаши учун зарур ҳисобланади. Танадаги магний етишмовчилиги сурункали чарчоққа, сустликка, қон босимининг кўтарилишига ва ҳатто томир тортишишига олиб келиши ҳам мумкин.
Кешью ёнғоғини мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтиради. Ёнғоқ таркибидаги ёғ кислоталари ва минераллар юрак мушаклари ва қон томир деворларини кучайтиради. Холестерин миқдори ошишининг олдини олади.
Шунингдек, ҳамиша бир хил вазнда туришни истовчилар учун мутахассислар парҳезга кешью ёнғоғи қўшишни тавсия этади. Биринчидан, ёнғоқ таркибида оқсил мавжуд, иккинчидан, у паст калорияли ёнғоқнинг энг яхши учталигига киради. Энг фойдали жиҳати шундаки, мазали бўлишига қарамай, у қанд миқдорининг ошишига олиб келмайди, узоқ вақт очликни қондириши ва овқатланишни камайтиргани учун ҳам ушбу ёнғоқлар вазн ташлашда самарали восита ҳисобланади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг