Фото: “Лиса.ру”
Қиш — бутун организм учун қийин давр. Ёруғлик кам, совуқ ҳаво, авж олган касалликлар. Фасллар ўзгариши ҳам тишларга катта таъсир қилади. Бундай пайтда нима қилиш кераклиги борасида тажрибали тиш шифокори Александр Ахтанин ўз тавсиялари билан ўртоқлашади.
Тишлар саломатлигини сақлаш учун рационда бўлиши керак бўлган асосий витаминлар ва микроэлементлар
Қишда оқсилларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиш муҳим, чунки оқсил нафақат тиш ва милкларнинг, балки бутун тананинг қурилиш материалидир. Калсий эмалнинг янгиланишига ёрдам беради, рух ва антиоксидантлар оғиз бўшлиғида иммунитетни мустаҳкамлашга, шиллиқ қаватни тиклашга ёрдам беради ва бу жараён ҳам фосфорни талаб қилади.
А гуруҳи витаминлари шиллиқ қаватнинг ҳолати ва иммунитет учун жавобгардир, аммо уларни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш керак, дозани ошириб юбориш ҳам милк билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин. C витамини етишмаса, тишлар қонаб кетиши ва илдизидан бўшаб қолиши, шунингдек, синга каби касаллик пайдо бўлиши мумкин. D витамини эмалнинг янгиланишига ёрдам беради. B витамини эпителияни тиклаш учун зарурдир. Тиш саломатлиги учун омега-3 ёғ кислоталари ва пробиотикларни истеъмол қилиш ҳам муҳим, улар тишларни тозалаш ва ҳимоя қилишда зарур бўлган сўлак ишлаб чиқаришга ҳисса қўшади.
Рационга қандай маҳсулотлар киритилиши керак?
Турли хил ва тўйимли овқат истеъмол қилиш лозим. Диета қилиш учун вақт бўлмаса, витаминлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Рационга кўпроқ сут маҳсулотлари қўшилиши керак: шакарсиз йогуртлар, агар шакарсиз еёлмасангиз, асалдан фойдаланиш мумкин, лекин асал аллергияга олиб келиши мумкинлигини унутманг. Шу жумладан, ёғсиз сутдан тайёрланган пишлоқ ейиш лозим. Бу маҳсулотлар калсий, оқсил ва пробиотикларга бой.
Кўкатлар ҳам фойдали: карам, исмалоқ — улар паст калорияли, витаминлар ва минералларга бой, шу билан бирга, тишлар учун табиий ҳимоя ҳисобланувчи сўлак ажралишига ёрдам беради. Кўкатларда жуда кўп калсий, фолий кислота, B витаминлари мавжуд.
Шунингдек, ширинликлар ўрнига олма истеъмол қилиш керак: биринчидан, улар жуда кўп фойдали моддаларни, А, C витаминларини ўз ичига олади, иккинчидан, олма ейиш натижасида тишлар механик тозаланади. Шакарсиз яшил ва қора чой тишларда бляшка ҳосил бўлишини секинлаштиради. Ёнғоқлар ҳам фойдали, уларда калсий ва оқсил кўп, углеводлар эса кам.
Углеводлар миқдорини камайтириш лозим. Масалан, шоколадлар - бу бактериялар учун озиқ-овқат манбаи ҳисобланади. Олма, пишлоқ, ёнғоқлардан газак сифатида, шакарсиз сувдан ичимликлар сифатида фойдаланган маъқул, газланган ичимликлар эмал қатламини бузадиган кислотани ўз ичига олади. Кўп миқдорда сув ичиш муҳим, бу милклар учун фойдали ва ҳатто оғиздан келадиган ёқимсиз ҳидни ҳам йўқотади.
Овқатдан сўнг шакарсиз сақич чайнаш мумкин, у сўлак ишлаб чиқаришни рағбатлантиради ва оғиздаги ҳидни йўқотади.
Витамин етишмаслиги белгилари
Фолий кислотаси ва темир танқислиги оқибатида милк касалланади ва бу шиллиқ қават функциясига таъсир қилади. Озиқ моддаларнинг етишмаслиги милк қизариши ва яллиғланиши, шунингдек, улардан қон кетиши билан характерланади, бу А витамини етишмовчилиги туфайли юзага келиши мумкин. Организмда фосфор етишмаслиги эса кариес ривожланишига ва тишлар тўкилишига олиб келади.
Қишки совуқ ва ўзгарувчан об-ҳаво тишларга қандай таъсир қилади?
Қишда янги сабзавот, кўкат ва меваларни кам истеъмол қилганимиз сабабли организмда витаминлар етишмайди. Баъзи витаминларнинг, хусусан, Д витаминининг етарли даражада бўлмаслиги йил давомида яшаш жойимизга ҳам боғлиқ. Шунингдек, турли хил парҳезлар, қаттиқ тартибдаги чекловлар оғиз бўшлиғи ҳолатига, шиллиқ қават ва тишлар саломатлигига салбий таъсир қилади. Об-ҳаво ўзгарганда эса беморлар оғриқ кучайганини сезадилар. Шунингдек, совуқ ҳаводан нафас олиш натижасида бурун-ҳалқум аъзолари касалликлари кучайиши мумкин.