18:05 / 20.02.2025
329

Cарвиқомат бўлишнинг сиз билмаган 5 та сири (диетологлар буни айтмайди)

Cарвиқомат бўлишнинг сиз билмаган 5 та сири (диетологлар буни айтмайди)
Соғлом овқатланиш ва тўғри парҳез тутиш асосларини ўрганувчи диетология ортиқча вазн билан курашишнинг кўплаб усуллари ҳақида маълумот беради. Тавсиялар орасида фаол турмуш тарзи, кундалик жисмоний машғулотлар, тонгги бадантарбия, махсус парҳезлар етакчилик қилади. Улар орасида бир-бирига қарама-қарши бўлган фикрларни ҳам учратиб турамиз. Аммо кўплаб мутахассислар баъзи тавсияларни сир тутишни афзал кўради, деб ёзмоқда Дарё нашри.

Фото: The Day
Қуйида соғлом овқатланиш асосларини яхшироқ тушунишга ёрдам берадиган бешта асосий омил ва диетологлар яширадиган сирларни кўриб чиқамиз.

Диетология ва нутрициология: уларнинг фарқи нима?

Ушбу соҳаларнинг бир-бирига ўхшаш бўлишига қарамай, диетологлар ва нутрициологлар ўртасида маълум фарқлар мавжуд.

Диетология

Бу соҳа кўпроқ касалликларнинг олдини олиш ва даволашда овқатланишнинг аҳамиятига қаратилган. Диетологлар одатда тиббий билимга эга бўлади ва улар қуйидаги вазифаларни бажаришади:
  • Касалликлар (қандли диабет, юрак касалликлари, семизлик ва бошқалар) бўйича махсус парҳез режалар тузишади.
  • Хасталикдан кейин организмни тиклашга кўмаклашади.
  • Шифокорлар билан ҳамкорликда беморлар учун терапевтик овқатланиш дастурларини ишлаб чиқишади.

Диетолог — бу кўпинча тиббий маълумотга эга мутахассис.

Фото: The Day
Нутрициология

Нутрициология эса кенгроқ тушунча бўлиб, организмга озуқа моддалари таъсирини ўрганади ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган. Нутрициологлар қуйидагиларга урғу беришади:
  • Профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш учун соғлом овқатланишни тарғиб қилиш.
  • Витаминлар, минераллар ва қўшимча биофаоллар (БАДлар) ҳақида тавсиялар бериш.
  • Тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш, метаболизмни яхшилаш.

Нутрициолог — бу кўпинча тиббий эмас, балки биология, овқатланиш ёки соғлом турмуш тарзи бўйича мутахассисдир.

1. Индивидуал парҳез — энг муҳим омил

Индивидуал парҳезнинг муҳимлиги бугунги кунда жуда долзарб мавзу. Чунки ҳар бир инсоннинг организми, соғлиғи, турмуш тарзи ва озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи ҳар хил. Шу сабабли умумий тавсияларга кўр-кўрона амал қилиш баъзан кутилган натижани бермайди ёки соғлик учун зарарли ҳам бўлади.

Парҳезшунослар буни яхши билишади, лекин кўпинча стандарт тавсиялар ва овқатланиш протоколларини таклиф қилишади. Баъзи ҳолларда улар ўз мижозининг хусусиятларини ҳисобга олмайдилар ва унинг касалликлари ва генетик омилларини етарлича чуқур текширмайди. Натижада озиш учун берилган тавсиялар беморга кор қилмайди.

2. Психологик тайёргарлик ва руҳият ҳолати ҳамма нарсадан устун

Инсоннинг психо-эмоционал ҳолати ва унинг овқатланиш чекловларига бўлган ички муносабати ҳам ҳисобга олиниши керак. Одатда бу масала устида психологлар ишлайди, чунки инсонларнинг сабр қилиш, бирор одатга амал қилиш ва мақсадга етишга уриниш хислатлари тубдан фарқ қилади. Бундай ҳолда, озишга қарор қилган шахснинг психологик барқарорлиги ҳар қандай янги ўзгаришларнинг асоси эканлиги ҳақида уни огоҳлантириш керак.

Фото: The Day
3. Озиш — узоқ давом этадиган жараён

Парҳезшунослар ўз мижозларига кўринарли натижаларга тезда эришиш мураккаб эканлигини айтмаслиги мумкин. Шу билан бирга, вазндаги ўзгаришлар, ва тананинг янги режимга мослашиши учун узоқ вақт талаб қилинишини беморга тушунтириш муҳим.

4. Жисмоний фаоллик бўлмаса, ҳеч қандай парҳез самарали натижаларга олиб келмайди

Жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш — соғлом ҳаёт тарзи ва идеал вазнга эришишнинг ажралмас икки қисми. Кўпинча одамлар фақат парҳезга суяниб, қисқа муддатда озиш мумкин деб ўйлашади. Лекин жисмоний фаоллик бўлмаса, бу натижалар барқарор бўлмайди ёки умуман кутилган самарага эришилмайди.

5. Сувсизланиш метаболизмни секинлаштиради

Инсон организмида моддалар алмашинуви жараёнлари тўғри кечиши учун етарли миқдорда сув зарур. Агар организм сувсизланса, метаболизм жараёни секинлашади. Чунки сув моддалар алмашинуви ва ёғларнинг парчаланиши учун асосий воситалардан бири ҳисобланади. Сув етишмаганда организм энергияни тежаш режимига ўтади ва калория ёқиш жараёни сустлашади. Бу эса вазн ташлашни қийинлаштиради ва ортиқча ёғ тўпланишига сабаб бўлади. Шунинг учун озиш ёки соғлом ҳаёт тарзига риоя қилишда кун давомида етарли миқдорда сув ичиш муҳимдир. Мутахассислар одатда кунига камида 1,5-2 литр сув истеъмол қилишни тавсия этишади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали