
Ҳар биримиз ҳаётимизда шундай инсонлар билан тўқнашганмизки, улар суҳбат давомида фақат ўзларини, ўз ҳаётларини, муаммоларини ва ғалабаларини гапиради. Улар сизнинг фикрингизни сўрамайди, ҳатто сўраса ҳам, эътибор билан тингламайди. Аввалига бундай одамларни тушунишга ҳаракат қиламиз, лекин вақт ўтиб, бундай муносабат чарчатади ва биз улардан узоқлашишни бошлаймиз. Аммо бу хатти-ҳаракатлар ортида, эҳтимол, мураккаб психологик сабаблар ётиши мумкин.
Доктор Соҳом Дас: "Фақат ўзини гапирадиган одам – ёлғиз ва ўзига ишончсиз бўлиши мумкин"
Буюк Британияда машҳур суд психиатри ҳисобланган доктор Соҳом Дас ўзининг ижтимоий тармоқлардаги блоги орқали айнан шундай инсонлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, баъзан бу хатти-ҳаракатлар психологик ёрдам сўрови бўлиши мумкин.
“Эгоцентрик гап-сўзлар баъзан ўзини паст баҳолаш, ички қийинчиликлардан қочиш ва бошқалар томонидан маъқулланишга муҳтожлик ҳисси билан боғлиқ бўлади. Улар ўзларини реклам қилиш орқали ўз кучсизликларини яширишга ҳаракат қиладилар”, – дейди доктор Дас.
Эътибор учун кураш – тушунишга арзийдиган сигнал
Бундай одамлар кўпинча атрофдагилар томонидан эшитилмасликка ўрганиб қолишган бўлади. Шунинг учун улар доимий равишда гапириш орқали етарлича эътибор олишга ҳаракат қиладилар. Агар сиз шундай инсон билан очиқ ва диққатли мулоқот қилсангиз, унинг хатти-ҳаракатлари секин-аста ўзгара бошлаши мумкин.
Шунингдек, бундай инсонлар билан мулоқотда бўлиш асносида сабр ва тушуниш керак. Эҳтимол, суҳбатга бўлган эҳтиёж – бу уларнинг ички оғриғи ва жамиятдаги ўрнини топа олмаётганини англатади.
Депрессия – яширин сабаб бўлиши мумкин
Доктор Дасга кўра, бу турдаги хатти-ҳаракатлар баъзи ҳолларда депрессия билан ҳам боғлиқ бўлади. Депрессия билан оғриган инсонлар кўпинча ўзини жуда оғир ва бошқалардан узилган ҳолда ҳис қилади. Улар ўзининг ҳолатини тўлиқ англамаслиги ҳам мумкин. Шундай инсонлар суҳбат орқали ички оғриғини енгишга, оз бўлса ҳам енгиллик ҳис қилишга ҳаракат қилишади.
Улар ҳаётидаги муаммоларни доимий тилга олиши, доим шикоят қилишлари – бу шахсий диққатни ёки раҳм-шавқатни эмас, балки кўпроқ тингланишни, тушунилиши ва қабул қилинишига эҳтиёжни кўрсатади.
Нима қилиш керак?
Шу турдаги инсонлар билан мулоқотда бўлганимизда, уларни фақат “сабрни суистеъмол қилувчи” деб баҳолаш ўрнига, эҳтимол уларнинг ёрдам сўровини кўришга ҳаракат қилишимиз керак. Эҳтиёж – ҳар доим баланд товушда айтилмайди. Баъзан фақат гапиришнинг ўзи орқали ҳам инсон жон сўраётган бўлади.
Zamin.uz таҳририяти ҳар бир руҳий ҳолатнинг ортида ҳикоя борлигини унутмасликка чақириб, сизга ҳаётий мавзуларни оддий ва таъсирли шаклда етказишда давом этади. Сиз ҳам шундай одамлар билан учрашганмисиз? Уларга нисбатан муносабатингиз қандай бўлган? Ҳисларингиз билан ўртоқлашинг. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар