Глобал исиш масаласи инсониятни тобора кўпроқ ташвишга солмоқда. Олимлар томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқотларда эса ҳаддан ташқари иссиқликнинг фақат ноқулайлик ёки саломатликка қисқа муддатли таъсир эмас, балки биологик қариш жараёнини ҳам тезлаштириши мумкинлиги аниқланди. Бу ҳақда “Nature Climate Change” нашри маълум қилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, иссиқлик тўлқинлари инсон организми учун спиртли ичимликлардан ҳам хавфлироқ таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, жорий йилнинг ёзида Англияда кузатилган биргина кучли иссиқлик даврида 600 га яқин инсоннинг эрта вафоти қайд этилган.
Тайванда амалга оширилган кенг кўламли тадқиқотда ўртача ёши 46 да бўлган қарийб 25 минг киши иштирок этди. 15 йил давом этган кузатувлардан кейин маълум бўлишича, икки йил ичида атиги тўрт кун давом этган кучли иссиқлик тўлқини иштирокчиларнинг биологик ёшини деярли 9 кунга "қаритган". Айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи, қўл меҳнати билан машғул бўлувчи ва совитиш ускуналари чекланган одамлар бу таъсирни кучлироқ ҳис қилишган.
Илмий изоҳларда қайд этилишича, иссиқлик тўлқини деганда фақат юқори ҳарорат эмас, балки маҳаллий иқлим меъёрларидан кескин юқори ва одатий бўлмаган иссиқ кунлар мажмуаси тушунилади. Қисқа вақтда бундай ҳарорат инсон танасининг табиий совитиш механизмларига оғир босим ўтказади. Терлаш ва қон айланишининг тезлашиши бадан ҳароратини барқарорлаштирса-да, чексиз иссиқлик юрак ва буйракларга ортиқча юклама қилади.
Мутахассислар таъкидлаганидек, юқори ҳарорат узоқ давом этганда нафақат организмнинг чарчашига, балки юрак-қон томир касалликлари, буйрак хасталиклари ва нафас йўллари билан боғлиқ сурункали муаммоларга ҳам олиб келиши мумкин.
Халқаро ҳисоботлар ҳам вазиятнинг жиддийлигини кўрсатади. “World Weather Attribution” экспертлари маълумотича, 2022 йилнинг ёзида Европада иссиқлик сабабли тахминан 63 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилоти дунёдаги 2,4 миллиарддан зиёд инсон касбий иссиқлик стрессидан азият чекиши ва ҳар йили 19 мингга яқин ишчи айнан шу омил туфайли ҳалок бўлишини қайд этган.
Шу тариқа, олимлар глобал исиш ва иссиқлик тўлқинлари инсон ҳаёти ва соғлиги учун жиддий хавф туғдираётганини яна бир бор огоҳлантирмоқда. Мутасаддилар эса аҳолини эҳтиёткорлик чораларини кўришга, иссиқ кунларда кўпроқ сув ичиш, дам олиш ва соғлиғини назорат қилишга чақирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!