Медицина соҳасида яна бир муҳим янгилик эълон қилинди, деб хабар берди medicalxpress.com. Америка Қўшма Штатларида олимлар кекса ёшдаги инсонларда кузатиладиган кўриш муаммоларига қарши инқилобий томчи дори яратишди. Мазкур дорини ишлаб чиқиш ва кенг сотувга чиқаришга FDA — АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сифати устидан санитария назорати бошқармаси расман рухсат берди.
VIZZ савдо номи билан бозорга чиқариладиган ушбу дори, ёш ўтиши билан боғлиқ кўриш қобилияти пасайишини самарали даволашга қаратилган. Бир марта фойдаланишнинг ўзиёқ кўзнинг аниқлик даражасини ошириши, яқиндаги буюмларга эътиборни жамлаш ва керакли равшанликни қайтариши мумкин. Олимлар таъкидлашича, ушбу дори устида 20 йил давомида изланишлар олиб борилган ва ҳеч қандай хавфли ён таъсирлар аниқланмаган.
Тадқиқотлар ва статистикага қараганда, дунё бўйича икки миллиарддан зиёд одам кексаликка хос кўриш заифлашувидан жабр чекмоқда. Янгича томчи дорининг афзаллиги шундаки, у кўзойнаксиз ёки қимматбаҳо жарроҳлик амалиётларисиз ҳам кўриш қобилиятини қайта тиклаш имконини беради.
Маълум қилинишича, VIZZ томчи дориси жорий йилнинг ўзида расман сотувга чиқарилиши кутилмоқда. Бу янгилик бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларга янги умид ва юқори сифатли ҳаёт бағишлаши мумкин.
Янги тиббий технология ва инновацияларни кузатиб боринг — саломатлик ва равшанликнинг келажаги шунақа бошланади!
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!