Ўзбекистон ва Жанубий Корея тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг Сеулга ташрифи давомида икки давлат шифокорлари ўртасида замонавий йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича қатор муҳим келишувларга эришилди.
Маълумотларга кўра, делегация Сеул миллий университети Бунданг касалхонаси, Инже университети, Чангвон миллий университети, Ёнсей университети ҳамда бир қатор илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишди. Учрашувларда роботлаштирилган жарроҳлик, онкология, телемедицина, рақамли тиббиёт ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.
Шунингдек, ташриф доирасида халқаро конференцияларда иштирок этилгани ва қўшма таълим дастурлари муҳокама қилингани таъкидланмоқда. Хусусан, ҳамширалар тайёрлаш масаласи, инсультни эрта аниқлаш ва тез тиббий ёрдам тизимларини рақамлаштириш бўйича илғор технологиялар тақдим этилди.
Энг муҳим янгиликлардан бири – Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) билан эришилган келишув бўлди. Унга кўра, ҳар йили Ўзбекистондан 20 нафар тиббиёт мутахассиси халқаро стандартлар асосида Жанубий Кореяда бепул тайёрланади. Бу келишув нафақат шифокорларнинг малакасини ошириш, балки мамлакат тиббиётида замонавий тажрибаларни жорий қилиш имконини ҳам беради.
Корея томони эса 2026–2028 йилларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги қўшма дастурларни янада кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу ҳамкорлик мамлакатимиз тиббиётида янги имкониятлар эшигини очиши ва шифокорлар малакасини халқаро даражага олиб чиқиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!