date

Герасимовнинг рақамлари шубҳа остида: ISW Россия ютуқларини бўрттирганини айтади

Герасимовнинг рақамлари шубҳа остида: ISW Россия ютуқларини бўрттирганини айтади

Америкадаги нуфузли Институт — ISW (Institute for the Study of War) таҳлилчилари Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг баёнотларини синчиклаб ўрганди ва ундаги рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини очиққа чиқарди.

31 август, якшанба куни эълон қилинган кунлик таҳлилий ҳисоботда қайд этилишича, Герасимов Россия армиясининг Украинадаги баҳор-ёз кампанияси давомидаги ютуқларини кескин ортиқча кўрсатган.

Ундан бир кун аввал Россия Бош штаби раҳбари 2025 йил март ойидан бери Россия қўшинлари Украина ҳудудидан 149 та аҳоли пункти ва 3,5 минг квадрат километрдан зиёд ҳудудни қўлга киритганини эълон қилган эди. Аммо ISW фронтдан келиб тушган фотосурат ва видеолар таҳлилига таяниб, аслида Россия армияси 2346 квадрат километр майдон ва тахминан 130 та аҳоли пунктини эгаллашга улгурганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Герасимов Донецк вилоятининг 79 фоизи, Херсон вилоятининг 76 фоизи ва Запорижжянинг 74 фоизи Россия қўлига ўтганини айтган. Лекин ISW таҳлилчилари аниқ рақамларни тақдим этар экан, Донецк бўйича 76,7 фоиз, Херсонда 73,2 фоиз ва Запорижжя вилоятида 73 фоизини қайд этди. Фақат Луганск бўйича рақамлар яқин келди: ҳар икки томон 99,7 фоиз деб баҳолаган.

ISW ҳисоботида таъкидланишича, Кремль бундай баёнотлар орқали Ғарб давлатларига психологик таъсир ўтказишга, яъни Россия фронтда тез ва муваффақиятли илгарилаб бораётгани ҳақидаги тасаввурни шакллантиришга уринади.

«Кремль Ғарб жамоатчилиги ва сиёсатчиларида Россиянинг ҳарбий мақсадлари муқаррар равишда амалга ошиши, Украина эса Россия талабларига бўйсуниши, шу билан бирга Ғарб Киевни қўллаб-қувватлашдан воз кечиши зарур деган фикрни илгари сурмоқчи», — дейилади таҳлилий ҳисоботда.

Шу тариқа, ISWнинг ушбу чиқиши Россия расмийларининг рақамларига шубҳа билан қараш кераклигини яна бир бор намоён қилди. Москва томонидан берилган ҳар бир рақам ортида пропаганда ёки сиёсий мақсадлар туриши мумкинлигини экспертлар ёдга солишди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Герасимовнинг рақамлари шубҳа остида: ISW Россия ютуқларини бўрттирганини айтади