Белгиянинг машҳур клуби — “Антверпен” сафида тўп суриб келаётган истеъдодли футболчимиз Муҳаммадали Ўринбоев кеча “Вестерло”га қарши ўтказилган учрашувда захирадан майдонга тушди. Бироқ беллашувдан сўнг унинг аввалги жароҳати яна безовта қилгани маълум бўлди.
Жамоанинг тиббий ходимлари ва жисмоний тайёргарлик мутахассислари маслаҳати асосида Ўринбоевнинг тикланиш жараёнлари клубида давом эттирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунинг учун у миллий жамоа сафига қўшила олмайди.
Ўринбоев ўрнини тўлдириш мақсадида “Олимпик Мобиуз” клуби аъзоси Муҳаммедали Реимов терма жамоа йиғинларига чақирилди. Бу алмашинув мураббийлар штаби томонидан мухлисларга эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Равшан Ҳайдаров қўл остидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 3–9 сентябрь кунлари Осиё кубоги саралаш босқичи учрашувларида майдонга тушади. Ёшларимиз Шри-Ланка, Қирғиз Республикаси ва Фаластин ёшлар терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Бу саралаш баҳслари ёш терма жамоамиз учун муҳим синов бўлиб, йигитларимиз имкониятларини яна бир бор намоён этиш имконини беради. Мухлислар эса Ўринбоевнинг тезроқ тўлиқ тикланиб, яна майдонга қайтиб келишига умид қилиб қолишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!