date

Мирзиёев ШҲТ саммитида иқтисодий ва “яшил” ташаббуслар таклиф этди

Мирзиёев ШҲТ саммитида иқтисодий ва “яшил” ташаббуслар таклиф этди

Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, минтақавий ҳамкорлик ва стратегик йўналишлар борасида қатор муҳим таклифларни илгари сурди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги тенденциялардан келиб чиқиб, савдо ва иқтисодий шерикликни кенгайтириш, ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини яратиш, сармояларни жалб этиш ва янги механизмларни ишга солиш устувор аҳамиятга эга.

Президент қатор йўналишларда амалий ташаббуслар билдирди. Жумладан:

  • минераллар қазиб олиш ва қайта ишлашда илғор технологияларни жорий этиш учун Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази;

  • “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш учун ШҲТ Энергетика консорциуми;

  • стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи;

  • бизнес мулоқотлари ва инвестицияларни рағбатлантириш учун махсус электрон портал ташкил этиш таклиф этилди.

Шунингдек, Мирзиёев транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди. “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон – бир йўл” ташаббуси билан уйғунлаштириш, янги мултимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва “яшил” йўлакларни барпо этиш зарурлиги таъкидланди.

Президентнинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога зарарли чиқиндиларни камайтириш ва экологик таҳдидларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масаласида минтақавий платформа яратиш вақти келди.

Шу билан бирга, маданий-гуманитар соҳада ҳам қатор таклифлар берилди. Халқ ижодиёти фестиваллари, “ШҲТ университети”нинг онлайн кампуси, талабалар ва ёш мутахассислар учун инновацион йўналишларда олимпиадалар ва танловлар ташкил этиш, “Сайёҳлик йўлаги” ҳамда тиббиёт туризми алянсини ишга тушириш — мамлакатлар халқларини яқинлаштиришга хизмат қилади.

Шу тариқа, Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида ШҲТ маконидаги иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-логистика, “яшил” трансформация ва маданий алмашувларни янада чуқурлаштиришга қаратилган аниқ ташаббуслар билан чиқди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев ШҲТ саммитида иқтисодий ва “яшил” ташаббуслар таклиф этди