Сувни қайта-қайта қайнатса нима бўлади?

Одамлар орасида сувни фақат бир марта қайнатиш керак, уни 2–3 марта қайнатиш саратонга сабаб бўладиган диоксин каби заҳарли моддалар ажралишига олиб келади, деган гаплар тез-тез айтилади.
Бу фикр кўпчиликни хавотирга солади, айниқса соғлиғига эътиборли инсонлар бундай огоҳлантиришларни жиддий қабул қилади. Аммо мутахассислар тушунтиришича, оддий маиший шароитда сувни қайта қайнатишнинг ўзи диоксин ҳосил қилмайди. Диоксинлар, одатда, юқори ҳароратли саноат жараёнлари, чиқинди ёқиш ёки кимёвий ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолатларда пайдо бўлади. Чойнакда сув қайнаши эса бундай жараён ҳисобланмайди. Қайнатиш вақтида сувнинг бир қисми буғланади, холос. Лекин сувни жуда кўп маротаба қайнатиб, ҳажмини анча камайтириб юбориш ундаги минерал тузлар ва айрим қўшимчалар концентрациясини ошириши мумкин.
Шу сабабли сувни қайта-қайта соатлаб қайнатиб туриш эмас, балки тоза ичимлик сувидан фойдаланиш, чойнакни вақт-вақти билан тозалаш ва сув сифатини назорат қилиш муҳимроқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!