Шавкат Мирзиёев Боку сафарида муҳим халқаро форумда қатнашади

Фото: Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 17–18 май кунлари амалий ташриф билан Боку шаҳрида бўлади. Ташриф Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари БМТ шафелигида ўтказилаётган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессияси доирасидаги Етакчилар саммитида иштирок этади ҳамда нутқ сўзлайди. Мазкур нуфузли анжуман шаҳарларни барқарор ривожлантириш, арзон уй-жойлар қурилиши, инфратузилмани яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш каби долзарб масалаларга бағишланган.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев қатор хорижий давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказиши, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.
Мазкур сафар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини яна бир бор намоён этиб, мамлакатнинг глобал ташаббуслардаги иштирокини мустаҳкамлаши билан аҳамиятлидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!