Хиёнат – кенг тушунча, уни ҳар ким ҳар хил тушунади. Бу сотқинлик, қасам ёки ваъдага риоя этмаслик, учинчи кишига сирни айтиб қўйиш, «душман» томонга ўтиб кетиш ва шуларга ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, хиёнат қилишгандан кейин инсон кўнгли жароҳатланади, у бошқаларга ишонмай қўяди. Яқин одам хиёнат қилса, нима қилиш керак?
Барчамиз яқин кишиларимизнинг қўллаб-қувватлашини истаймиз, уларга ишонамиз, улар билан сирлашамиз ва бизни алдамайдилар деб ўйлаймиз. Улар бизга ҳамиша ёрдам қўлини чўзади, деган ишонч қалбимизда илиқлик уйғотади. Яқинларимиз ва севган инсонларимизга умид билан қараб, уларни ўз ҳаётимизга ошно қиламиз ва, ҳатто гоҳида тақдиримиз учун масъулиятнинг бир қисмини уларга юклаймиз. Бизга сотқинлик қилган киши кўнглимизга қанчалик яқин бўлса ва қанчалар унга ишонган бўлсак, қилғилигидан шунча кўп азоб чекамиз. Сотқинлик қандай бўлмасин – бу хиёнат ва у, асосан маънавий жиҳатдан одамга салбий таъсир кўрсатади. Хиёнатнинг олдини олиб бўлмайди, аксарият у тўсатдан рўй берадиган ҳодиса. Шу учун унга дуч келганда кучли руҳий зарбага учраб, одам ўзини йўқотиб қўяди.
Хўш, Сизга хиёнат қилишди. Тушкунликни тезроқ бартараф этиш учун руҳшунослар қуйидагиларни тавсия этишади:
Дўстингиз сизни сотган бўлса, ундан аламзада бўлманг, аксинча бундан хабардор қилгани учун яратганга шукур қилиш керак. Дўстни эса кечириш шарт, шундай қилмасангиз, дилсиёҳлик ва адоват унинг эмас, сизнинг юрагингизни эгаллайди. Кечириш билан қалбингизда пайдо бўлган оғир юкдан халос бўласиз, чунки ғазабингиз «дўстингиз»нинг эмас, сизнинг кўнглингизни кемиради. Албатта сизда уйғонган руҳий қийноқлар билан бирга «дўстингиз»дан ҳам кечишингизга тўғри келади. Бир бор Сизни сотган кимса, албатта иккинчи бор ҳам хиёнат қилиши аниқ. Бу ҳодисанинг сабоқ бўладиган жойи шундаки, киши одамлар ўртасида бўладиган муносабатларнинг янги босқичига қадам қўяди. Энди дўст танлашда эҳтиёткор бўлишингизга тўғри келади. Бирор киши билан дўст тутинганда ҳам, энди унга қайси гапни айтиш мумкин, қай бирини айтмаслик кераклигини тушуниб етасиз. Агар Сизга нега хиёнат қилишганини жуда билгингиз келса, хиёнаткорнинг ўрнига ўзингизни қўйинг. Нима мақсад уни шундай йўл тутишга мажбур этган? Балки у атай Сизга қасддан ёмонлик қилмоқчи бўлмагандир, ахир, одам адашади-ку. Адашган одамни эса кечириш осонроқ. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатадики, кишининг хатоликка йўл қўйишида унинг бирор бир ожизлиги сабаб бўлади.
Лекин кечириб бўлмас хатолик қилинган бўлса, агар хиёнаткор билмасдан эмас, олдиндан режалаштирилган ёвуз ният билан ўз мақсадини амалга оширган бўлса, сизда ҳатто қасд олиш истаги ҳам пайдо бўлади. Афсуски, бу истак ҳам уни эмас, сизга тинчлик бермайди.
Ҳаётда дўстнинг хиёнат қилганини унинг ўзи эмас, бошқалар етказишади. Ахир шу гапни унинг ўзидан ҳам билиб олса бўлади-ку.
Дўстингиз билан келишиб, у билан бирор жойда танҳо гаплашиб олиш керак. Бошқа кишилар иштирокида ораларингдаги муаммони жиддий муҳокама этиб бўлмайди.
Гапни унга нисбатан эътироз билан бошламанг. Эҳтирос қўзғалса, фикрлар чувалашиб кетади. Босиқлик билан ҳис-туйғуларни эркин ифодалаш мумкин.
Дўстингиздан у Сиз ҳақингизда нима деганини эшитган бўлсангиз, ўшани сўранг. Гапни кимдан эшитганингизни айтиш керак эмас. Лекин бу гап кўнглингизни оғир ботганини яширманг.
Орангиздаги нохушлик келиб чиқиш сабабини аниқлагандан сўнггина бирор қарор қабул қилинг. Балки дўстингизнинг гапини Сизга бошқача тарзда етказишгандир? Чунки миш-мишларга кўпинча тўҳмат ҳам аралашган бўлади. Шунинг учун дўстингиздан бор ҳақиқатни сўрашга ҳақлисиз. Кераксиз гаплар билан унга ташланиш ярамайди, агар у ҳимояга ўтадиган бўлса, бор ҳақиқатни айтолмаслиги мумкин.
Нега у билан дўст тутинганингизни, ўртада пайдо бўлган нохушлик ушбу дўстликка путур етказишини маълум қилинг. Балки Сиз ўзингиз унинг кўнглига тегадиган нимадир қилгандирсиз. Натижада у «қасдини» олгандир ёки ўртада тушунмовчилик бўлгандир. Вужудга келган ҳолат бўйича дўстингизнинг аниқ фикрини билишга ҳаракат қилинг. Гапини бўлманг, Фикрини аниқ баён этмаса, гапириб бўлганидан сўнг савол беришингиз мумкин. Нима демасин, уни диққат билан эшитаётганингизни билсин.
Саволингизга жавоб бермаса ёки гапиришдан бўйин товласа, ушбу масалани бир бор ва ҳозир ҳал этиш кераклиги ҳақида босиқлик билан тушунтиринг. Жанжаллашишдан фойда йўқ, чунки бундай вақтда у ҳаммасидан хабардор эканингизни билиб, самимийлигини йўқотади.
Овозни кўтармаслик керак, бундан иккингизнинг ҳам таъбингиз хира бўлади. Ким ҳақ, ким ноҳақлиги ҳақида ўйламаслик керак. Вақтни бекор кетгизмай, аниқ муаммо ҳақида суҳбатлашиш самарали бўлади. Ўзаро ҳурматсизлик билан эса умуман мақсадга эришиб бўлмайди.
Вазият жиддийлашадиган бўлса, бироз танаффус қилиб олиш керак, бу ўзни қўлга олиш учун керак.
Дўстингизни Сизга бўлган муносабати ҳакда ўзингиз ишонган бошқа одам билан ҳам гаплашиб олишингиз мумкин. Лекин у шундай одам бўлсинки, сизнинг гапингизни маъқуллайдиган эмас, ҳақиқатни айтадиган бўлсин. Шундай кишининг маслаҳатига қулоқ тутса бўлади.
Агар дўстингиз қилган хатосини бўйнига олса, ўшанда вазиятни ўрнига қайтариш эҳтимоли бўлар. Чунки ҳар қачон ҳам дўстона муносабат бир хил кечмайди. Иложи борича дўстликни давом эттириш йўлини қилиш керак.
Агар дўстингиз қилган хатосини тан олмаса ёки бундай ҳолат яна такрорланадиган бўлса, унда у билан ажрашган маъқул. Дўстлик – икки томонлама ҳаракатланадиган йўл ва уни бир киши ушлаб туролмайдим.
Ёмон муносабатларни давом эттиришга арзимайди, бундай вақтда дўстликка чек қўйган маъқул.
Хиёнат кўпинча ўзганинг мувофаққиятига кўника олмаслик ва ўз ожизлигини тан олмаслик натижасида келиб чиқади. Аслида бунинг асосини ҳасад ташкил этиб, у шу йўл билан ўзганинг ютуғини назар-писанд қилмаслик ва ҳаётини ўзи ўйлаганчалик ширин эмаслигини кўрсатишга бўлган ҳаракатдир.
Хиёнат – дўстликка чек қўйишнинг энг ёмон усули бўлиб, ичқаролик билан амалга оширилган ўтакетган бемаъниликдир. Хиёнаткор маълум вақт ўзини ниятига эришга ҳисобласада, охир-оқибат у барибир ожиздир. Лекин ожиз банда билан қасдлашиш ҳам хиёнатдан ёмонроқ.
Ҳар бир киши ўз қилмишига яраша баҳосини олади. Сизга хиёнат қилган одамдан ўч олишнинг энг тўғри йўли – бу янада бахтиёр бўлиб, катта-катта муваффақиятларга эришишдир.
Манба: Mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?